Чин бахт қўрғони
Ҳар бир миллатнинг ўз расм-русумлари, урф-одат ва анъаналари бўлади. Улар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган анъаналар эмас.
Даврлар ўтиб, уларнинг орасида барчага маъқул, фойдали, манфаатли, кундалик турмушнинг у ёки бу жиҳатларини тартибга солишга қаратилган, сараланган, ҳаммага қулай шакллари авлоддан авлодга ўтиб, қадриятларга айланади. Ана шу урф-одатларнинг яшовчанлигини таъминловчи маскан оила бўлиб, унинг заминида инсоний муносабатлар, халқ маънавияти ётади.
Миллатимиз тарихига назар ташласак, халқимиз азал-азалдан оила ва никоҳни муқаддас билиб, бутун орзу-умидларини айнан шу маскан билан боғлаганлигини кўришимиз мумкин. Оила орқали эса онани, келажак ворислари бўлмиш ёш авлодни ардоқлаш, насл-насабга эътибор бериш каби қадриятлар ҳам сайқал топиб борди. Зеро, аёл ўз фарзандларини ҳаётда тўғри йўлга солишга ўзини масъул деб билган инсон тимсоли бўлиб келган. У фарзандлари ўртасида тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик муносабатлари устувор бўлишида бутун аёллик ақлу заковатини, фаҳм-фаросатини ишлата оладиган хилқатдир.
Шу боис, оила тинч, унда хотиржамлик устувор бўлади. Бу эса заминимизда яшаётган ҳар бир инсон учун буюк қадрият, эъзозланувчи удумларимиздандир. Қолаверса, жонажон пойтахтимизнинг қоқ ўртасидаги Мустақиллик майдонида “Бахтиёр она” ҳайкалининг ўрнатилганлиги ҳам бежиз эмас. Бу ноёб тарихий обида Шарқда аёлнинг ва у тарбия берадиган фарзандлар камолининг аҳамияти ва нуфузини намоён этиб туради.
Аслида оила ва никоҳни қадрият деб эъзозлашимиз бизларга ота-боболармиздан меросдир. Қувонарлиси, мамлакатимиз мустақиллиги қон-қонимизга сингиб кетган ана шу қадриятларнинг қайта тикланиши учун қулай шароит яратди. Истиқлол туфайли момоларимиз суйиб куйлаган аллаларимиз, достон, эртак ва нақлларимиз қайтиб келди. Маҳалла ва оилага бўлган жиддий эътибор эса миллий қадриятларимизни қайта тиклади.
Демак, оилани қадрлашимиз, ўзлигимиз, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашимиз, шаънимизга доғ етказувчи ҳаракатлардан фарзандларимизни сақлашимиз, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” тамойилида бир-биримизга бефарқ бўлмаслигимиз зарур. Бу эса оилани мустаҳкамлаш, унда комил инсонни тарбиялашимизда барчамизга қўл келади. Шуниси аҳамиятлики, биз учун “бахт”, “оила”, “ҳаёт” тушунчалари уйғун ва чамбарчасдир. Кундалик турмушимизда қай юмуш билан банд бўлмайлик, қандай лавозимда ишламайлик яқинларимиз, оиламиз даврасига интиламиз. Шундай экан оила биз учун муқаддас даргоҳ, барча балою офатлардан сақлайдиган, бахт тарозимизни мўътадил ушлаб турадиган, ўзлигимиз, ўзбеклигимиздан ғурурланиш ҳиссини тарбиялайдиган садоқат маскани бўлиб қолаверади.
Гўзал НОРБЕКОВА,
Тошкент шаҳридаги 1-сонли ФҲДЁ
1-тоифали инспектори