ҚОНУН – ИЖРОСИ БИЛАН КУЧЛИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идораларида ҳуқуқни қўллаш фаолиятининг долзарб масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Адлия вазири Н.Йўлдошев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Адлия вазирлиги тизимида Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси фаолиятининг йўлга қўйилгани давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари ўртасида ўзаро назорат қилиш ҳамда манфаатлар мувозанати принципини янада самарали таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Мазкур тузилма таҳлиллари соҳада қонунчиликка риоя этилиши билан бирга, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни ҳам кўрсатмоқда. 2012 йилда 19 давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятида ўрганишлар ўтказилган. Уларда қонунбузилиш ҳолатлари ва камчиликлар аниқланган. Бу ҳолатларни бартараф этиш масалалари ҳамкорликда ўтказилган йиғилишларда атрофлича муҳокама қилинган. Натижада қонун ҳужжатларига зид қабул қилинган идоравий ҳужжатлар, ноқонуний қарорлар бекор қилинган. Мутасадди мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан давлат органларига 82 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Фаолияти ўрганилган идоралар ходимларининг касбга доир билимларини ошириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Н.АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири