ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИК БОРАСИДА МУҲИМ ҲАМКОРЛИК

Айни вақтда мамлакатимизда Оролбўйидаги экологик муаммо ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасида бир қатор хайрли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Орол денгизи ҳавзасидаги инқироз ҳолати нафақат Марказий Осиё минтақасининг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланаётгани сир эмас. Жорий йилнинг 28-29 октябрь кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам ушбу масала алоҳида таъкидланди. Бир қатор хорижий мамлакатлардан, шунингдек, ЮНЕП, ЮНЕСКО, БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг Европа иқтисодиёти комиссияси, Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий-ижтимоий комиссияси, Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича халқаро маркази каби нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этган мазкур анжуманда асосий эътибор муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими ҳолати уни ривожлантириш истиқболлари, арид ҳудудлари (чўл, саҳро ва бошқалар) сув ҳамда ер ресурсларидан фойдаланиш, қуриган Орол денгизи тубида дарахтзорларни барпо этиш орқали туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш масалаларига қаратилди.

Маълумки, Орол экологик таназзулининг оқибатлари генетик ҳамда турлар хилма-хиллигига, шу билан бирга унинг ноёб экотизимига катта зиён етказмоқда. Ўтмишда минтақада бир қатор гидроқурилиш ишларининг олиб борилиши табиий чучук сув кўлларининг, шунингдек, ҳайвонот оламининг доимий яшовчи ҳамда кўчиб юрувчи турларининг барқарорлигини таъминловчи тўқай ва ўрмонлар майдонининг қисқариб кетишига олиб келди.

Бугунги кунга келиб ўсимликларнинг 11 тури, қушларнинг 29 тури ва сут эмизувчиларнинг 12 тури йўқолиб кетиш арафасида турибди ёки деярли йўқолиб кетган. Сўнгги тўрт йилда сайғоқларнинг сони 6100 бошдан 1700 гача қисқариб кетди.

Экотизим ва биологик хилма-хилликни қайта тиклаш, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш учун Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича иккита дастур якунланиб, ҳозирда 2011-2015 йилларга мўлжалланган учинчи дастур ишлаб чиқилди.

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бошчилигида Оролбўйидаги мавжуд муаммоларнинг ечимини ҳал этиш, шунингдек, Орол денгизи таназзули ва минтақадаги ноёб экотизимларга унинг салбий таъсири билан боғлиқ масалаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Устюрт Платосида сайғоқларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва барқарор ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида келишувнинг имзоланиши биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим воқеалардан бири бўлди.

Яна ўқинг:  БЕҲИ – ОЛТИН КУЗНИНГ САРХИЛ ТУҲФАСИ

Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилашнинг муҳим усулларидан бири локал сув ҳавзаларида сув ресурсларини бир маромда сақлаб туриш, шунингдек, қуриган Орол денгизи тубида иҳота (тўсиқ) ўрмонзорларини барпо этиш ҳисобланади.

1998-2002 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Глобал экологик фонд “Судочье” кўлини қайта тиклаш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширди. Йўқолиб бораётган кўл деярли аввалги ҳажми – 40 минг гектарга қадар қайта тикланди. Мазкур саъй-ҳаракатлар сабабли ушбу кўл балиқ, ондатраларнинг кўпайтириш учун ноёб объектга ҳамда камёб ва кўчиб юрувчи қуш турларининг яшаш манзилига айланди. Лойиҳа Жанубий Оролбўйидаги экологик ҳолатни соғломлаштириш бўйича янги комплекс ишларнинг амалга оширилишига туртки бўлди.

Шунингдек, минтақанинг муаммоли ҳудудларида 740 минг гектар майдонда дарахтзорлар барпо этилди. Келгуси йилларда яна 200 минг гектар майдонда дарахтзорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Оролбўйи минтақасида фермер ҳамда балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича самарали платформани ташкил этиш зарур. Ҳозирда республикада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувини юритишни такомиллаштириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда тўқай экотизимлари биохилма-хиллигини сақлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. 2011 йилда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилган. Биорезерват экотизимларни сақлашдек асосий вазифадан ташқари экологик туризмни ривожлантириш учун кенг салоҳиятга эга.

Оролбўйи минтақасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими тўртта тоифадаги 19 та табиатни муҳофаза қилиш объектларидан ташкил топган. Уларнинг умумий майдони Оролбўйининг умумий майдонидан 32 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистонда биохилма-хилликни бир маромда сақлаб туриш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш давлат экологик сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг келгусида кенгайтириш учун 2014-2023 йилларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Дастур уларни яна 7 миллион гектарга қўшимча кенгайтириш имконини беради. Бу эса мамлакат умумий майдонидан 17 фоизни ташкил қилади ва барча турдаги экотизимларни, шунингдек,ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси эндемик турларини қамраб олади.

Бугунги кунда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича янги Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш якунланмоқда.

Миллий стратегияда табиий экотизимларни сақлаб қолиш ва барқарор фойдаланиш бўйича замонавий ёндошув акс этган бўлиб, у комплекс экотизим хизматларини амалга оширишга йўналтирилади.

Яна ўқинг:  “Саломатлик поезди” Навоий вилоятида

Муҳокамалар давомида иштирокчилар таъкидлаб ўтганидек, қабул қилинаётган чора-тадбирларга қарамай Орол таназзули ҳали-ҳануз экотизим ва биологик хилма-хиллик, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси ҳолатига салбий таъсир этишда давом этмоқда. Орол денгизи минтақасидаги экологик талофатлар кўлами бутун дунё учун олдиндан айтиб бўлмайдиган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни, қўшимча молиявий ресурсларни ҳамда техник кўмакни жалб этишни талаб этади.

Иштирокчилар эътиборига кўплаб лойиҳалар таклиф этилди. Лойиҳалар тўплами экологияга доир муаммоли ва долзарб масалаларни ўзида акс эттиради. Жанубий Оролбўйи ҳудудида чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградацияга учрашини бартараф этиш, сув ресурсларини бошқариш учун биомуҳандислик технологияларини ишлаб чиқиш, шунингдек татбиқ этиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг гидрологик ҳамда гидрокимёвий режимини барқарорлаштириш бўйича лойиҳалар шулар жумласидандир. Шу билан бир қаторда Амударё этакларида ветландларнинг маҳсулдорлигини ошириш, дарё ҳавзасида очиқ ер усти сув ҳавзаларини комплекс мониторинг қилиш тизимини яратиш юзасидан дастурлар тақдим этилди. “Оролбўйи буюртмахонаси” табиий комплексини ташкил этиш ва Устюрт платосида биологик хилма-хилликни сақлаб қолишга йўналтирилган лойиҳа, дастурлар меҳмонлар ҳамда иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ижтимоий соҳа масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Мазкур йўналишда Оролбўйи минтақасида ижтимоий-маиший тармоқларда қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича лойиҳалар таклиф этилди. Атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги маълумотлар базасини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекциясини мобиль лабораториялар билан жиҳозлаш ва модернизация қилиш” лойиҳаси тақдим қилинди.

Халқаро конференцияда минтақадаги экологик таназзулнинг биологик хилма-хиллик ҳолатига таъсири, ҳудуднинг экологик-иқтисодий келажак учун аҳамиятига доир масалалар муҳокама қилинди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, арид ҳудудларда Шунингдек, прогнозлаш ҳамда Орол денгизи ҳавзасидаги инқироз ҳолатининг олдини олиш мақсадида Оролнинг гидрометеорологик режимини ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторинги натижаларини қиёсий таҳлил этиб, ўрганиш ва ўз вақтида экологик танг вазиятни барқарорлаштириш учун тўғри қарор қабул қилиш зарур. Оролбўйида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларни иқтисодий ва экологик жиҳатдан ривожлантириш, шу билан бирга экотизимларни сақлаб қолиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуман иштирокчилари Урганч конференциясини юқори баҳоладилар. Улар Орол денгизининг қуриши билан ижтимоий-экологик оқибатлар кўламига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришда мазкур тадбирлар муҳим асос бўлиб хизмат қилишига ҳамда янги, ўзига хос платформага айланишига катта ишонч билдирдилар.

Яна ўқинг:  Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш – асосий вазифамиздир

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: