Сузиш ҳавзалари – оромбахш

фақат хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни унутманг!

Ёзнинг жазирама кунлари инсонлар соя-салқин жойларга талпинади. Айниқса, бундай пайтда мазза қилиб чўмилиш танага ҳузур бағишлайди.

– Сузишнинг инсон саломатлигига фойдаси катта. Мунтазам сув спорти билан шуғулланиш, ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлишга ёрдам беради. Аммо сув ҳавзаларига боришдан аввал баъзи жиҳатларга эътибор қаратиш муҳим, – дейди Тошкент шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорати маркази Коммунал гигиена бўлими мудири Темур Мусаев. – Сувнинг мусаффолиги, унинг хатардан холи дейишга асос бўлолмайди. Зеро, сув орқали киши турли тери-таносил, кўз касалликларини юқтириб олиши мумкин.

Шу ўринда айтиш керакки, ДСEНМ томонидан сузиш ҳавзаларида ҳар ой сув таркиби ўрганилиб борилади. Шунингдек, режали равишда бу каби масканлар ҳафтада бир марта текширувдан ўтказилади. Микробиологик, кимёвий ва паразитологик кўрсаткичлар бўйича сув таҳлил қилинади. Таҳлил натижаларига кўра айрим чўмилиш ҳавзаларининг сув намуналари бактериологик кўрсатгичлар бўйича талабга жавоб бермаслиги маълум бўлганда тегишли корхона, ташкилот раҳбарларига ана шу жойдаги сувни тўктириб ташлаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш бўйича талабномалар берилади. Ундан сўнг қайта сув намуналари олиниб, санитария меъёрларига жавоб берса, бассейнларни ишлаши учун рухсат берилади.

Сунъий сув ҳавзасида назоратчилар келганларнинг саломатлиги борасидаги маълумотномасиз чўмилишга рухсат бермаслиги лозим. Тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги рухсатнома уч кунгача амал қилади. Сунъий сузиш ҳавзаларида чўмилишдан олдин киши зарурий кўрсатмаларга амал қилиш ва албатта махсус кийим (резина шляпа, чўмилиш кийими, резина оёқ кийим, кўзойнак)лардан фойдаланиши лозим. Бу сувнинг гигиеник ҳолатининг ёмонлашишидан сақлайди.

Сув ҳавзасига тушганда қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг:

– бассейнларнинг кафеллари сирпанчиқ бўлса, бу сувнинг эскирганидан далолат беради. Бундай ҳавзаларда сув уч кунда алмаштирилиб борилиши лозим.

– ота-оналар ўз фарзандини асло катталар учун мўлжалланган сув ҳавзаларида чўмилтирмаслиги керак.

– бассейн суви 22-23 даражадан ошмаслик лозим.

– совуқ сувда чўмилиш томир тортишишига олиб келиши мумкин.

Баъзан ёз фаслида манзарали фаввораларда болаларнинг чўмилиш ҳолати кузатилади. Аслида фавворалар чўмилиш учун эмас, балки ушбу ҳудуддаги микроиқлимни мўтадиллаштириш ва шаҳар ҳуснига чирой қўшиш мақсадида фойдаланиладиган иншоот ҳисобланади. Аксарият фаввораларнинг суви айланма тарзда ишлайди ва кун бўйи махсус механизмлар ёрдамида айланадиган сувлар ҳаво таркибидаги чанглар орқали ифлосланади. Бундан ташқари, манзарали фаввораларнинг сув отиб берувчи темир мосламалар болаларнинг чўмилиши ва сувга сакрашлари пайтида уларга тан жароҳати етказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг фаввораларда эмас, аксинча, шаҳримиз худудида фаолият кўрсатаётган барча шарт-шароитларга эга, махсус текширувдан ўтказилган чўмилиш ҳовузларида чўмилишларини таъминласа, мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна ўқинг:  Бақлажонли шўрва

 

М. ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: