“Онасини кўриб қизини ол…!”

Ёхуд қиз бола тарбиясига доир энг керакли тавсиялар

Оиланинг дарз кетиши билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинганида кўпинча эркак ҳам, аёл ҳам ўз вазифасини тўла-тўкис англамаслиги, зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этмаслиги бунга асосий сабаб бўлади. Аслида оила бошлиғи эркак ҳисобланади, аммо унинг топганини рўзғорга етказиш аёлнинг зиммасидаги вазифадир.

Аёл эпли ва сариштали бўлса, унда бу оила турмуш қийинчиликларини мардонавор енгиб ўта олади. Тоза ва саранжом хонадонни кўриб, инсон кўнгли яйрайди. Дастурхонга тортилган мазали таомларни кўрганда эса оила бекасидан янада хурсанд бўласиз. Қиз фарзандларни тарбиялаш ва уларда ҳам ушбу фазилатларни шакллантиришда оналардан алоҳида эътибор ва масъулият талаб этилади.

Афсуски, баъзи хонадонларда ўзаро муносабатларга путур етиб, оила парокандалик ёқасига бориб қолгандагина уни асраб қолиш чоралари кўрила бошлайди. Аслида эса ёшларга никоҳдан ўтмасларидан олдин оиланинг муқаддас эканлиги ва у орқали инсон бахтга эришиш мумкинлигини улар онгига чуқур сингдириш лозим. Ота-онанинг вазифаси фарзандни дунёга келтиришгина эмас, балки унинг тарбияси, касб-ҳунарли бўлиши ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишига ҳам масъулдир.

 

Фарзанд тарбиялашда нималарга эътибор бериш керак?

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳукумат даражасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, фарзанд тарбиясида онанинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Фарзандига меҳр туйғусини ҳеч ким оначалик бера олмайди. Шундай экан ота-оналар фарзандини оилага тайёрлашда ҳаракатни у турмуш қуриш ёшига етишидан анча олдин бошлашлари лозим. Айниқса, қизларга болалигидан озодалик, саришталик ва пазандаликка қатъий амал қилишни уқтириб бориш керак.

 

Муомала маданияти

Оналар ўсмир ёшидаги қизларига балоғат даврининг ўзига хосликлари, сир-асрорларини тушунтиришлари лозим. Қолаверса, уларга яқин сирдош бўлишлари керак. Фарзандга чиройли муомала ва одамлар билан ўзаро муносабатда самимий бўлишни ўргатиш зарур. Хонадонингизга келган киши кўрсатган илтифотингиздан ўзгача таассурот олсин. Доим тилингиз ширин, ўзингиз меҳрли бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳаётда муваффақиятларга нафақат билим, балки гўзал одоб ва чиройли муомала орқали эришиш мумкинлигини асло унутманг.

 

Орасталик

Орасталик қизлар учун жуда муҳим саналади. Кийим ва соч турмагингиз ўзингизга ярашиб турсин. Айниқса, мода деб очиқ-сочиқ кийимларни кийиб юриш ўзбек қизларига мутлақо ярашмайди. Шарқона урф-одат ва миллий менталитетимизга хос кийимларни кийиш орқали атрофингиздагилар орасида эътиборга сазовор бўлинг. Унутманг, чиройли ва ораста либос кишининг зийнати ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Болаларга одоб-ахлоқни ўргатишда қандай китоблар яхши фойда беради?

 

Меҳнатсеварлик

Меҳнат кишини улуғлайди. Унинг ортидан бахт топишни ўзингизга шиор қилиб олинг. Халқимиз “Меҳнатнинг таги роҳат”, деб бежизга айтмаган. Шундай экан қизларни болалигидан меҳнат қилишига ўргатинг. Оиланинг бахту саодатга эришишида ҳаракатчанликнинг самараси катта эканлигини тушунтиринг. Ҳар доим қизингизга рўзғор сир-асрорларини ўргатишдан чарчаманг.

 

Пазандалик

Айрим оналар қизларини бирор ўқув марказида ўқиш орқали пазандалаликни пухта эгаллайди, деб ўйлашади. Лекин бу фикр унчалик ҳам тўғри эмас. Аслида қиз бола ширин ва мазали таом тайёрлашни уйда онасидан ўрганини лозим. Бунинг учун пишириқ ёки таомни қизингиз билан биргаликда тайёрлашга ҳаракат қилинг. Сўнг унинг ўзига егуликларини мустақил тайёрлатинг. Бўлажак беканинг таомларидаги камчиликни ўзи топишига имкон беринг. Кези келганида унинг пиширган егуликларига баҳо бериб, рағбатлантириб туринг. Бу рағбат уларни яна ҳам ширин таом тайёрлашга ундайди. Ишонинг, сиз бу билан катта натижаларга эришасиз.

 

Чеварлик

Тикувчилик ҳам бир маҳорат, аслида. Шу боис, оилада аёлларнинг ҳаммаси чеварликдан бироз хабардор бўлиши зарур. Бу ҳам оилада аёлнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари меҳрига сазовор бўлишига яқиндан ёрдам беради.

 

Хулоса қилиб айтганда ҳар бир қиз боланинг тарбияси, камолоти ва унинг ўзга оилага севимли келин бўлиб бориши, аввало, оилада олган тарбиясига боғлиқ. Унинг бахтли яшаши нафақат ўзи учун, балки бутун жамият учун ҳам муҳимдир. Шундай экан азиз оналар, қизларни оилага тайёрлашда уларга керакли маслаҳатларни беришдан чарчаманг. Турмуш ўртоғининг яқинларини ҳурмат қилиш ва эъзозлашни кичик ёшидан қизингизга ўргатиб боринг. “Онасини кўриб, қизини ол” деган мақолга кўпчилик амал қилишини асло унутманг. Бу билан сиз фарзандингизни оилага тайёрлашдаги ўз бурч ва масъулиятларингизни тўла-тўкис адо этган бўласиз.

 

Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: