“Ғунча” бағридаги шодон болалар

Ёз фаслини болажонлар ўзгача интиқлик билан кутадилар. Бу вақтга келиб, улар мактабдаги сабоқларни якунлаб, таътилга чиқишади. Сўнгра севимли масканлари – ёзги оромгоҳлар томон ошиқади.

Ҳа, оромгоҳда дам олишнинг ҳам ўзига хос гашти бор. Янги дўстлар, тоғ ён-бағирларига саёҳат, кўнгилочар ўйинлар… Хуллас, унда ўтган ҳар бир кун унутилмас таассуротларга бой бўлади.

Психологларнинг таъкидлашича, ёзги оромгоҳларда дам олиш бола тарбияси, руҳиятига ижобий таъсир кўрсатар экан. Хусусан, унда мустақил фикрлаш, ҳаракат қилиш қобилияти ривожланади. Шунингдек, у тенгдошлари билан бевосита мулоқотга киришади, натижада болада ҳаётга, атроф-муҳитга бўлган муносабат ўзгаради. Соддароқ қилиб айтганда, мурғак вужудда катталарга хос хатти-ҳаракатлар шаклланиб боради.

Шу билан бирга, бу фасл болаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун ҳам энг яхши даврдир. Уларнинг табиат қўйнида дам олиши, янги таассуротларни бошдан кечириши, ҳаракат эркинлиги учун табиий шароитларни яратилиши ёш ўғил-қизлар учун ҳам жисмонан, ҳам руҳан ривожланиши ва организмни ташқи таъсирларга чидамли бўлишига ёрдам беради.

Ўтган йиллардаги каби жорий йил ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси” талаблари асосида болаларни соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш ишлари режадагидек олиб борилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “2016 йилги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш” мавзуига бағишланган ўқув-услубий семинарлар ташкил этилиб, болаларни соғломлаштириш ишларига алоқадор бўлган барча ходим ва мутахассисларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари оширилди.

– Жорий йилги мавсумга тайёргарлик ишлари ўтган йилги мавсум тугаши биланоқ бошланган эди. Унга кўра болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда, энг аввало болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва дам олиш масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. – Шунингдек, барча турдаги оромгоҳлар махсус ишлаб чиқилган тавсиялар, услубий-қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар, қўшиқ ва шеърлар тўпламидан иборат компакт-дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланди.

Яна ўқинг:  КЕКСАЛИКНИНГ ҚУТЛУҒ САОДАТИ

Дарҳақиқат, жорий йилда мамлакатимиз миқёсида 1 минг 204 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Улардан 213 таси стационар, 851 таси кундузги, 140 таси эса меҳнат ва дам олдириш оромгоҳларидир. Ушбу дам олиш масканларида 292 минг 46 нафар ўғил-қизларни соғломлаштириш режалаштирилган. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг 40 минг нафардан ортиғи ҳамда Оролбўйи минтақаси, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан 4500 нафар болажонларнинг бепул дам олиши ташкил этилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Хумсон тоғ ён бағирларида жойлашган “Ғунча” оромгоҳида ҳам ушбу мавсумда 900 нафар болажонларнинг мароқли дам олишлари режалаштирилган. Айтиш жоизки, ушбу масканда болаларнинг ҳар бир кунни ўзига хос, кўнгилли ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган.

1979 йилда ташкил топган ушбу дам олиш масканига ташриф буюрар эканмиз, бу ердаги болажонларнинг юз-кўзларидаги қувончни кўриб, болалик даврига қайтгандек бўлдик. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, оромгоҳда дам олувчиларнинг 60 нафарини Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳисобланишар экан. 10 гектар ер майдонига эга бўлган ушбу сиҳатгоҳда улар ҳар йили мириқиб дам олишади, етти турдаги тўгаракларда ҳунар ўрганишади.

– Оромгоҳда дам олишни яхши кўраман, – дейди қорақалпоғистонлик Гулойим Айимбетова – Ҳар йили кўплаб дўстлар орттираман. Улар билан қадрдон бўлиб кетганмиз. Бу сафар ҳам яна ўша дўстларим билан бирга дам олмоқдамиз. Улар билан спорт тўгаракларига қатнашамиз, саёҳатларга чиқамиз.

Болалар билан суҳбат қурар эканман, бири қўйиб, бири ўз таассуротлари билан ўртоқлашади. Шу вақт оромгоҳ раҳбари ҳам суҳбатимизга қўшилди.

– Йил давомида ўқиш билан банд бўлган болалар ёз мавсумида мароқли дам олишни истайди. Демак, оромгоҳда ўтган ҳар бир кун улар учун унутилмас бўлиши керак. Шуларни ҳисобга олган ҳолда бу йил ҳам дам олиш масканимизда кўплаб кўнгилочар ва спорт тадбирларини ўтказишни режалаштираяпмиз, – дейди “Ғунча” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори Юлия Матенова. – Спорт мусобақалари, фестиваллар, турли кўрик-танловлар, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари шулар жумласидандир. Шунингдек, чет тили, хореография, бисер, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш, расм чизиш, кулолчилик, шахмат-шашка тўгаракларида ҳам болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказишаётир.

Яна ўқинг:  Банан ва творогдан десерт

Оромгоҳдан қайтарканмиз, бу гўшада мароқли ҳордиқ чиқараётган болажонларга чиндан-да ҳавасимиз келди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: