Маҳаллада тиббий кўрик

аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим омил

– Маҳалла фаоллари хонадонимизга келиб, поликлиникада тиббий кўрик бўлаётгани, унда қатнашишим кераклиги ҳақида айтишганда, бу мен учун ортиқча ишдек туюлганди, – дейди Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи Ойзода опа Муқимова.

– Аммо қишлоқдошларимдан қолмай, деб поликлиникага бордим. Кўрик давомида менда касалликнинг яширин шакллари мавжудлиги аниқланди. Агар вақтида олди олинмаса, асорати ёмон бўлишини айтишди. Шундан сўнг даволандим. Агар тиббий кўрикдан ўтмаганимда ҳам соғлиғимга, ҳам ҳамёнимга жиддий зарар етиши аниқ эди.

Дарҳақиқат, мазкур мақсадда республикамиз миқёсидаги маҳаллаларда ҳудуддаги оилавий поликлиника, фуқаролар йиғин қошидаги хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия ва “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фонди тиббий-ижтимоий марказ ҳудудий филиалларининг патронаж бригада шифокорлари томонидан йилида икки марта 15-49 ёш оралиғидаги аёллар учун мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Ҳар бир оилада тиббий маданиятни шакллантириш хусусида маслаҳат ва тавсиялар бериб борилаётир.

Шу билан бирга бугунги кунда республикамизда маҳаллалар томонидан хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, оилалар маънавий муҳитини соғломлаштириш, юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тиббий маданиятни ошириш бўйича маҳалла диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги “Янги ҳаёт” қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам бу борада ибратли ишлар амалга оширилаётир. Маҳалла раиси Норпўлат ака Каримовнинг айтишича, мазкур гўшада фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, турли касалликларнинг олдини олиш юзасидан учрашув ва суҳбатлар ўтказиляпти. Ҳар бир хонадон учун алоҳида оила дафтари тутилган. Унда оила аъзоларининг саломатлиги, қандай касалликларга чалингани қайд этилиб, маҳалла вакиллари томонидан маслаҳат ва зарурий кўрсатмалар берилиб, назоратга олинади. Шунингдек, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани боис, шифокорлар ҳамкорлигида ҳар бир хонадонда рўзғор тутимининг гигеник ҳолатлари ўрганиб чиқилмоқда.

Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги Бобур маҳалласида ҳам тиббиёт ходимлари томонидан ҳар ҳафтада бир маротаба маҳалла раиси ва соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари билан ҳамкорликда аҳолинининг тиббий маданиятини ошириш масаласида семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилган бўлиб, бу аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг янада юксалишига замин яратмоқда. Жумладан, ушбу маҳаллада соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ ходимлари иштирокида “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш”, “Ёш ва кекса, тез-тез ва кўп туққан аёлларнинг нохуш ҳомиладорлигининг олдини олиш”, “Туғруқлар орасидаги мақбул оралиққа риоя этиш зарурияти” мавзуларда семинарлар, учрашувлар ўтказилади.

Яна ўқинг:  Уй шароитида чанқовбосди коктейль

– Бобур маҳалласида аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашда аввало, мутахассисларимизнинг билимига кўпроқ таянамиз. Шу сабаб диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар доимий ҳаракатдаги ўқув семинарларида репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўқитилади. Бунинг натижасида улар олган билимларини маҳаллада ўз иш фаолиятида қўллашмоқда, тиббий маданиятни оширишда миллий урф-одатларни тарғиб ва ташвиқ қилишмокда, – дейди Бобур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акром Ибодуллаев.

Шунингдек, ҳозирда маҳаллаларда “Маҳалла” жамоат фонди ҳамкорлигида “Соғлом она-соғлом бола”, “Соғлом фарзанд келажакнинг пойдевори” мавзуларида буклет ва эслатмалар тарқатилмоқда. Бундан ташқари “Соғлом она – соғлом бола”, “Соғлом фарзанд – соғлом жамият пойдевори” мавзуларида тадбирлар ташкил этилмоқда ҳамда эслатма ва буклетлар орқали аҳоли турли қатламларининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга соғлом бола туғилиши ва тарбияси билан жиддий шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, етук фарзандларни тарбиялаган намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини тарғиб этиш мақсадида маҳаллаларда кўрик-танловлар ҳам ўтказиладики, бу оилаларнинг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: