Мен орзу қилган касб

Психологик тадқиқотларга кўра ўқувчилик даврида бола қизиқишлари ривожланиб, мураккаблашиб боради. Бунда мутахассис ҳамда фан ўқитувчиларининг касбга йўналтирувчи фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда ўқув даргоҳимиздаги касбга йўналтириш хоналари замон талаблари даражасида жиҳозланган бўлиб, улар йил сайин мазмунан бойитилиб, ўқувчиларга кенг кўламдаги касбий ахборот ва маслаҳат берадиган масканга айланиб бормоқда.

Ўқув йили сўнггида мактабимизнинг 9 “А” ва 9 “Б” синфлари ўқувчилари ўртасида “Мен орзу қилган касб” мавзуида тадбир ташкил этдик. Машғулот аввалида дунёда касблар кўплиги, битирувчи ёшлар улардан ўзига ёққанини танлаши, бирор ҳунарни эгаллаши учун қунт ва сабот билан ўқиб-ўрганиш, изланиш лозимлигини таъкидлаб, йигит ва қизларнинг барчасига анкета саволларини тарқатдик. Ўқувчилар анкета саволларини тўлдириш давомида ўз исм ва фамилияларини ёзишмади. Бу эса эркин фикрлаш, рўй-рост жавоб бериш имконини туғдиради. Якунда жавоблар эълон қилинди ва чуқур таҳлил этилди.

Шундан сўнг битирувчи синф ўқувчилари бирин-кетин ўзлари яшаб турган “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллалардаги турли касб эгалари ҳақида мароқ билан сўзлаб беришди.

Рўзибой ЭСОНБОЕВ, битирувчи:

– Маҳалламиздаги Қаҳрамон ака кўп йиллардан бери ўзи севган дурадгорлик касби билан шуғулланиб келади. Устанинг ясаган эшик-ромлари барчанинг ҳавасини келтиради. Бу инсоннинг қилаётган эзгу ишларини кузата туриб, ҳунарли инсон сира хор бўлмаслигига яна бир бор амин бўламан.

 

Дилобар ХУДОЙҚУЛОВА,

битирувчи:

– Биз яшаётган “Қизилқўрғон” маҳалласида қўли гул тикувчи Замира Худойбердиева кўпчиликка таниш. У умри давомида тикувчилик касбини эъзозлаб, ардоқлаб келаётир. Айни кунда у маҳалланинг кўплаб қизларига ўз ҳунарини ўргатиб, одамларнинг оғирини енгил қилмоқда.

 

Файзулло ХУДОЁРОВ,

битирувчи:

– Маҳалламизда Зоир амакимни “уста темирчи” деб аташади. Бу инсон темирчилик касбини ардоқлаб, эл-юрт ҳурматини қозонган, обрў-эътибор топган. Вақти-вақти билан у ўқувчиларнинг меҳмони бўлиб, севган касби ҳақида мароқ билан сўзлаб беради.

Ўтган 2014–2015 ўқув йилида билим даргоҳида 73 нафар ўқувчи тўққизинчи синфни битирган бўлиб, улар айни кунда туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий, саноат ҳамда иқтисодиёт каби касб-ҳунар коллежлари ва 2-академик лицейларида ўқишларини давом эттиришмоқда. Бу йил эса ўқув даргоҳимизни 52 нафар ўғил-қиз тамомлади. Улар билан йил давомида “Ким бўлсам экан?”, “Дунёда касблар кўп”, “Маҳалламиздаги турли касб эгалари” каби мавзуларда баён ва иншолар ёзилиб, қизиқарли суҳбатлар ўтказилди. Энг муҳими, ўзаро ҳамкорлик шартномалари асосида академик лицей ва турли касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари билан суҳбатлар, учрашув кечалари ташкил этилди. Бу эса ўқувчиларни келажакда ўзларига муносиб касб танлашларида муҳим ўрин тутади.

Яна ўқинг:  Ватан хизматига камарбаста

Тадбир якунида ўқувчи-ёшлар мактабни тамомлагандан сўнг нафақат ўзларига, қолаверса, жамиятга ҳам фойдали бўладиган таълим йўналишини тўғри белгилаш зарурлигини, ижтимоий ҳаётда касб-ҳунар алоҳида аҳамиятга эга эканини тушуниб етганликларини таъкидладилар.

Саида УМАРОВА,

Ғаллаорол туманидаги 24-умумтаълим мактабининг амалиётчи-психологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: