Дилларга завқ улашиб
Эртамиз ворислари – ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар уларни янги марралар сари ундамоқда. Ўтказилаётган фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, ижодий беллашувлар ўқувчиларни билим-кўникмаларини мустаҳкамлашга замин яратиб, кўплаб иқтидор эгаларини кашф қилмоқда. Тошкент Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ҳам бу борада қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўқувчиларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилган мазкур таълим масканида турли тадбирлар, беллашувлар, мунтазам ўтказилади. Шу боис ҳам шаҳар ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари, миллий ҳунармандчилик бўйича турли кўрик-танловларда бир неча бор ғолибликни эгаллаган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади.
8 март – Халқаро хотин қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳам йигит-қизларни ўз иқтидорини намоён этишга имкон яратди. Коллеж директори Шуҳрат Иноятов хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, уларга яратилган кенг имкониятлар хусусида сўзлади. Ўқувчилар ижросидаги куй ва қўшиқлар, жозибали рақслар, саҳна кўринишлари йиғилганларни олқишига сазовор бўлди. Байрам шукуҳи дилларни қувонтириб, кўнгилга бир олам завқ бағишлади.
Г.НОРБОЕВА,
Коллеж ўқитувчиси