ИММУНИТЕТНИ ОШИРИШДА МУҲИМ МАҲСУЛОТЛАР

Фарзандингиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун қуйидаги маҳсулотларни тавсия этамиз.

Сут

Ушбу маҳсулотлар фарзандларимизнинг кунлик рационида албатта, бўлиши шарт. Сут фойдали хусусиятга эга бўлиб, ушбу маҳсулотда оқсил, ёғ, углевод ва минерал моддалар жуда кўп бўлади. Бу эса болаларнинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Лекин гўдакка ҳаддан ташқари ёғли сут бериш тавсия этилмайди. Сутнинг 1, 5 ёки 2, 5 фоизлисини харид қилиш мақсадга мувофиқ.

Йогурт ва кефир

Ушбу маҳсулотларни харид қилишда дастлаб, уларнинг табиийлигига эътибор қаратиш лозим. Энг яхшиси уларни уй шароитида тайёрлаган мақсадга мувофиқ. Фойдали хусусиятларига келадиган бўлсак маҳсулот таркибида мавжуд бўлган сут кислотасидаги тирик бактериялар (пробиотиклар) ичакдаги оптимал бактериал флорани сақлаб туриш учун жуда зарур. Бундан ташқари улар иммунитетни кўтаришда ижобий хусусиятга эга. Кефир харид қилаётганингизда боланинг ёшини ҳам ҳисобга олиш зарур. Кефирни 8 ойликдан бошлаб, йогуртни эса 1, 5 ёшдан кейин бериш тавсия этилади.

Асал

Асал қадимдан ўзининг шифобахш хусусиятлари билан маълум ва машҳур. У қон-томир тизимига, юракка ижобий таъсир қилади, иммунитетни мустаҳкамлайди ва грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекциялар)ни даволайди. Антибактериал хусусиятга ҳам эга. Бироқ, асални болага беришда айрим меъёр ва қоидаларни ҳам инобатга олиш керак. Агар болада тошма пайдо бўлса, ёки унинг қорни оғриса, шу ширинликни беришни тўхтатиш лозим. Фарзандингиз учун жўка (липа) ва гречка асалини танланг. Асални қайнаган илиқ сувга бир қошиқдан солиб ҳафтада кўпи билан 2 марта бериш тавсия этилади.

Балиқ

Балиқ болалар учун жуда фойдали ҳисобланиб, у организмга тўйинмаган ёғ кислоталарини етказиб беради. Улар боланинг асаб тизими ва мия фаолиятига ижобий таъсир қилади ҳамда иммунитетнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Балиқлар ичида лаққа балиқ, лосось, форель(хонбалиқ), палтус, треска, скумбрия ва сельдларни харид қилган маъқул. Иммунитетни кучайтириш учун педиатрлар балиқ мойини тавсия этишади. Шунингдек, унда кальцийни яхши ўзлаштиришда зарур бўладиган D витамини кўп. Аммо, балиқ маҳсуотларини аллергик касалликларда истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Сўк (тариқ) ёрмаси

Ушбу ёрма витаминлар ва минерал моддаларга бой бўлиб, у яхши ҳазм бўлади ҳамда овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди. Бироқ, бунда ҳам болада глютенга аллергия бўлса, уни бериш тавсия этилмайди.

Яна ўқинг:  Эзгу мақсадларимизнинг ҳаётий ифодаси

Олма

Ушбу мева ўзининг фойдали таркибини деярли узоқ вақт давомида сақлайди. Олма меъда-ичак тизими фаолиятини яхшилайди. Ичакдаги бактериал флорани тартибга солади. У анемия (камқонлик), чарчоқ, юқори ҳароратда шифобахш таъсирга эга. Грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) авж олган даврда вирусларни нобуд қилади. Беморликда ва бола касалликдан кейин оёққа турганида олма берсангиз унинг иммунитетини мустаҳкамлайди.

Бола иммунитетини оширишда муҳим маҳсулотларга яна лавлаги, сабзи, пиёз, саримсоқ каби сабзавотлар ва петрушка кўкатини ҳам киритсак бўлади.

Биринчи тоифали педиатр Насиба КАЗАКХОНОВА тавсиялари асосида Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: