СЕРВИТАМИН ТАОМНОМА бола иммунитетини оширади

Иммунитетни мустаҳкамлашда барра ва қуритилган мева-сабзавотларнинг аҳамияти беқиёс. “Фаст-фуд” ва консервантлардан таркиб топган егуликлар эса организм ҳимоя тизимини қувватлантиришга қодир эмас. Шу билан бирга доим бир хил таркибдаги таомларни ейиш ҳам иммунитетни заифлаштиради.

Организмда суюқлик миқдори етарлича бўлса унинг ҳимоя тизими янада фаоло ишлайди. Агар ҳазм тизимидаги муаммолар, тез-тез грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, тери тошмалари кузатилса, организм керакли миқдорда суюқлик қабул қилмаётганини билдиради. Шу боис ҳам маъданли ёки қайнатиб тиндирилган сув, ҳўл ва қуритилган мевалардан шарбат тайёрлаб ичиш лозим. Организмдаги суюқлик танқислигини тери қуруқлашиб қолиши, лаб ёрилишидан ҳам билиш мумкин.

Агар сут-қатиқ етарли миқдорда истеъмол қилинмаса, ичаклардаги чиритувчи бактериялар кўпайиб, токсин (заҳар)лар юзага келиши мумкин. Сут маҳсулотларидаги фойдали бактериялар эса токсинларнинг ичакка зарар етказиши, демакки, иммун тизими заифлашувининг олдини олади.

Энг кучли ҳимоячилар

Саримсоқ ва лавлаги иммунитетни кўтарувчи энг кучли егуликлардир. Улар ҳатто ривожланиб келаётган саратон ҳужайраларини йўқ қилиш ва силнинг олдини олишга ҳам қодир.

Антиоксидантлар ҳақида эшитгансиз. Улар турли касалликларни бартараф этишга хизмат қилади. Бу гуруҳга мансуб маҳсулотларнинг энг фойдалиси ўрмон мевалари, маймунжон, қулупнай, қорағатдир. Улар юрак қон-томир касалликларига қарши иммунитет ҳосил қилишда муҳим рол ўйнайди. Шу билан бирга брокколи, сабзи, сельдерей, гулкарам каби сабзавотлар ҳам организмнинг ҳимоя тизимини рағбатлантириши фанда исботланган.

Балиқ, карам, помидор, олма ва унинг шарбати, ёнғоқ, саримсоқпиёз иммунитетни оширувчи кучли маҳсулотлардан ҳисобланади.

Оқсилнинг аҳамияти

Балиқ, гўшт, тухум, дуккакли маҳсулотлар оқсилга бой бўлгани боис таомномага киритилиши керак. Чунки, оқсил организмда иммун таначаларини синтезлашга ёрдам беради. Фақат гўшт ва балиқдан тайёрланган таомларни алмаштириб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Шунда болалар организми ўзига керакли озуқани олади. Ловияли салат ва димлама, мошкичири, мошхўрда каби миллий таомларимиз оқсил заҳирасини янада бойитиши аниқ.

Нонушта – танга куч-қувватли малҳам

Кексаларимиз наҳорги бир сиқим ёнғоқни майиз билан ейиш минг дардга даво, дея бежиз айтишмайди. Мутахассислар эса худди шу егуликларга сариёғни ҳам қўшиш керак, деган фикрда. Негаки, ёнғоқ ва майизни гўшт қиймалагичдан ўтказиб, кейин уни нонга суртиб, устидан сариёғ ҳам ейилса, ушбу маҳсулотларнинг фойдаси икки ҳисса ошади.

Яна ўқинг:  Майиз хосияти

Болаларга эрталабки нонуштада нонга сариёғ ва асал суртиб берилса ҳам қувват бўлади, ҳам иммунитетни оширади.

Баҳорги дармонсизликда

Баҳорги дармонсизликда кўкатлар, мева-сабзавотлар, сут ва қатиқни кўпроқ истеъмол қилиш зарур. Редиска, шолғом ва турпни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Бу сабзавотлар организмда моддалар алмашинувини яхшилайди, томирларда тромб ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунингдек, атеросклероз ва семиришдан ҳимоя воситаси ҳамдир.

Тез-тез грипп, ЎРВИга мойил болалар ва инсонлар иммун тизимини кучайтириш учун ушбу сабзавотлардан тайёрланган салатларни кўпроқ истеъмол қилишлари лозим.

Бодринг каттаю кичикка бирдек фойдали. Унинг таркибида холестеринни камайтирувчи моддалар мавжуд. Шу билан бирга бу сабзавот танга қувват ҳам бўлади. Умуман яшил рангли сабзавотлар, кўкатлар қонни кислородга тўйинтириш хусусиятига эга. Бундан ташқари улар организмда азот алмашинувини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Соғлом турмуш тарзи-ҳаёт таянчи

Иммунитетни мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий амал қилиш керак. Шунингдек, ҳар куни бадантарбия машқларини бажариш, уйқуни етарли бўлиши ҳам иммунитетни кучайтиради.

Ўз вақтида овқатланиш ўта муҳим. Нонушта, тушлик, толма чой ва кечки овқат ҳар куни бир вақтга тўғри келса организмда кечадиган жараёнларнинг бари тартибга тушади. Кечқурун уйқу олдидан бир пиёла ёғсиз қатиқ ичиб ётиш эса иммунитет фаолиятини янада кучайтиради.

Кўп қовурилган, ёғли таомлар тановул қилингудек бўлса, албатта бодринг, помидор, барра кўкатлардан қўшиб еган маъқул. Шунда ҳазм аъзоларида муаммо келиб чиқмайди. Ичимликлардан фақатгина қайнаган сув ёки ҳўл мевалардан тайёрланган шарбатлар фойдалидир.

Шунингдек, иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея тавсия этиладиган витаминларни фақат даволовчи шифокор тавсияси билан қабул қилиш керак. Акс ҳолда ушбу дори воситаларини ножўя таъсиридан азият чекиш мумкин.

Гули ШАЙХОВА,

ТТА “Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси” кафедраси профессори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: