МЕН КЎЗЛАГАН МАРРАЛАР ҲАЛИ ОЛДИНДА

Маҳалламизда спорт зали очилиб, йигит-қизлар спортнинг ўзбек жанг санъати билан шуғуллана бошлаганида мен ҳам албатта машғулотларга қатнайман, деб ўйладим. Маҳалламиз “Ўрта арабхона” деб номланиб, Самарқанд туманида жойлашган.

Ўзим ўқийдиган 9-мактабдан шу хаёллар билан уйга келдим. Ота-онамга бу ҳақда айтгандим, дадам индамади. Одатда, у бирор нимадан норози бўлса шундай қиларди. Ойим ҳам фикримни қўллаб-қувватламади. Ноилож… Мен ҳам спорт билан шуғулланиш ҳақидаги орзуларимга чек қўйсамми, деб ўйлаб қолдим. Аммо ҳар сафар тенгдошларимнинг спорт залига қувноқ кайфиятда кириб кетаётганини кўрсам, кўнглим алланечук бўларди. Нима қилсам экан? Бир куни дарсдан сўнг уйдагиларга билдирмай спорт залига кириб, тенгдошларим билан шуғулланиб кўрдим. Мураббийга вазиятни тушунтирдим. У киши “Иложи борича ота-онангни кўндир, мана бу қизларни ҳам олиб бор, ўзлари гапириб берсин”, деди. Шундай қилдим. Ойим менга қайишди. Кейин дадамга сездирмай ўзбек жанг санъати билан шуғуллана бошладим. Озмунча фурсат ўтмай, спорт залимизда шуғулланувчи тенгдошларим орасида мусобақа ўтказиладиган бўлди. Бунга жиддий тайёргарлик кўрдим ва биринчи ўринни эгалладим. Ойим бу қувончли хабарни дадамга етказганида менга жиддий қиёфада бир қарадию, сўнг бирдан чеҳраси ёришиб кулиб юборди: “Ўзимнинг чемпион қизимдан!”. Шу пайти ойим иккимизнинг қувончимизни кўрсангиз эди. Ахир бу дадамнинг менга оқ фотиҳаси эди-да. Шундан сўнг ўзбек жанг санъати билан янада жиддий шуғуллана бошладим.

Илк муваффақиятимдан кейин устозим Мунис Мўминов менга катта ишонч билдирди. Бу ишончни оқлашим шарт эди. Кўп ўтмай, яъни, 2015 йилнинг май ойида Тошкентда ўзбек жанг санъати бўйича республика ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритдим. Ўтган йилнинг октябрида Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган Шарқ яккакураш турлари бўйича ўтказилган 12-халқаро очиқ чемпионатда терма жамоа ҳисобига битта олтин ва битта бронза медаль қўшиб, Францияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдим. Ҳозир 15 ёшдаман. 18 марта турли мусобақаларда қатнашиб, уларнинг тўққизтасидан олтин медаль билан қайтдим. Оиламдагилар мен билан фахрланади. Лекин мен эришмоқчи бўлган натижалар ҳали жуда кўп.

Азиза ШАМСИЕВА,

Ўзбекистон чемпиони

Яна ўқинг:  РАҚАМЛИ СТЕТОСКОП

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: