САРИМСОҚ – ТАБИИЙ АНТИСЕПТИК ВОСИТА

Эрта баҳор. “Илик узилди” палласи дейди халқимиз бу даврни. Турли хил касалликлар тез ёпишадиган палла. Бу даврда табиий антисептик неъматлардан фойдаланиш кони фойда. Саримсоқ кўпгина микробларга қарши антисептик восита ҳисобланади ва иммунитетни кўтаради.

Бизгача етиб келган адабиётларга кўра 4 минг йилдан бери саримсоқдан инсоният фойдаланиб келмоқда. Саримсоқнинг ватани Ўрта Осиё, Тянь-шан тоғ тизмалари, Эрон, Арабистон, Ҳиндистон ҳисобланади. Мисрликлар саримсоқни жуда қадрлашган. Чунки, улар 4 минг йил аввал саримсоқ билан кўпгина хасталикларни даволашган. Фиравнлар пирамида қурилишида ишлаётган ишчиларни турфа касалликлардан асраш учун саримсоқ беришни буюришган. Қадимги Хитой табобатида ёзилишича вабо, қора ўлат, ич терлама дардларининг олдини олиш мақсадида саримсоқдан кенг фойдаланилган.

Абу Али ибн Сино саримсоқни хом ёки пиширилганини қуймич асаб толаси, ўпка, юқори нафас йўллари яллиғланганда, меъда-ичак хасталикларида, пешоб ҳайдашда ва гижжаларни туширишда ишлатишни тавсия қилган. Тиш оғриғида оғриқ қолдирувчи малҳам сифатида ундан фойдаланган. Шунингдек, илон ва бошқа заҳарли жонзотлар чаққанида истеъмол қилишни буюрган ҳамда заҳаланган жойга малҳам сифатида майдалаб боғлашни тавсия қилган.

Замонавий илмий табобатда саримсоқдан олинган бир қатор дорилар ишлатилмоқда. Айниқса, рак ва унинг бошланғич даврида шунингдек, тери шиллиқ қаватларида учрайдиган турларини даволашда ижобий натижалар бермоқда.

Саримсоқнинг таркибида фитостеринлар, фитонцидлар, С, В1, В2, В6 витаминлари, органик кислоталар, полисахаридлардан инулин, эфир мойлари, макро ва микроунсурлар борлиги учун у қон томирларини кенгайтиради. Қон босимини туширади, юрак маромини меъёрлаштиради. Пешоб ажралиши ва ичак ҳаракатини кучайтиради. Саримсоқдаги фитонцидлар микробларга, вирус ва протозойларга қарши кучли омилдир. Шунинг учун бу сабзавот юқумли касалликларда, гинекология ва жарроҳликда кенг кўламда ишлатилади.

Халқ табобатида саримсоқдан нафас йўли яллиғланганда, нафас қисишида, лавша(зангила, цинга), безгак касалликларида, қорин дам бўлганида, шунингдек, балғам кўчирувчи восита сифатида фойдаланилади. Саримсоқдан тайёрланган қайнатмани гижжа тушириш ҳамда тумовга қарши ичиш тавсия этилади. Ўпка сили ҳамда яллиғланиш билан боғлиқ бўлган турли касалликларда саримсоқни ҳидлаш ҳам ижобий натижалар беради.

Севара ГАЗИБАЕВА,

1-Республика тиббиёт коллежи “Фармация” кафедраси мудири

Яна ўқинг:  Ҳаёт дарахтидан мўъжизавий малҳам

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: