Энди, юрагинг омон уради
КИТОБЛИК УЛУҒБЕК ВА ФЕРУЗАНИНГ КИЧИК ЎҒЛИ ЭЛБЕК ГЎДАКЛИГИДАНОҚ РИВОЖЛАНИШДАН ОРҚАДА ҚОЛА БОШЛАДИ. УСТИГА УСТАК, ТЕЗ-ТЕЗ ХАСТАЛИККА ЧАЛИНАР, ЧЕҲРАСИДА ҲАМ КАСАЛЛИК АЛОМАТЛАРИ АКС ЭТИБ ТУРАРДИ.
Фарзанд саломатлиги оиланинг, ота-онанинг ҳаловати эмасми? Қиёмиддин бобо бош бўлиб, набираси Элбекни опичлаб кўплаб шифокорлар ҳузурида бўлди. Норасида гўдакка қўйилган ташхис оиланинг ғаму-ташвишини янада оширди. Элбек юрак туғма нуқсони билан дунёга келган эди.
Йиллар елдек ўта бошлади. Боланинг ҳолсизланиши ортиб борар, тенгқурлари каби яйраб завққа тўлмасди. Ўйчан нигоҳи қуёш тафтидек илиқ истарасини яширарди. Ота-онаси, бобо-бувиси унинг дардига чора излаб толарди. Элбекнинг ҳаётида хасталик хавфи ортиб борар, жарроҳлик операцияси ўтказиш жоиз эди. Юракда жарроҳлик амалиёти ўтказиш сўз билан айтгулик жараён эмас, операция пайтида юрак фаолиятини тўхтатиб туриш, унинг вазифасини оксегинатор ускунаси бажариши зарур бўлади. Ушбу тиббий матоҳ дунёнинг ривожланган мамлакатларидан буюртма асосида олиб келинади. Яхши гапнинг қаноти бўлади. Кунлардан бир кун телевизордан узатилган биргина хабар оиланинг ташвишини аритгандек бўлди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кўмагида туғма юрак нуқсони билан оғриган болаларда ўтказилаётган жарроҳлик операциялари жараёни акс этган лавҳа Элбекнинг яқинлари қалбида умид учқунларини ёқди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида тиббий кўрикдан ўтиб, фондга зарур ҳужжатларни тақдим қилди. Яна бироз вақт ўтиб фонд томонидан қувончли қўнғироқ янгради…
Олий тоифали кардиохирург, тиббиёт фанлари номзоди Дилшод Умаров жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган куни Элбекнинг ҳадик билан боқиб турган ота-онасига далда берди:
– Ҳаммаси яхши бўлади, ўғлингиз улғайиб ҳали Ватанга, сизларга хизмат қилади, – кейин уларнинг руҳини кўтариш учун жилмайиб қўйди.
…Етти ёшни қаршилаётган Элбекнинг юраги ўнг ва чап қоринчалари орасидаги иккинчи даражали нуқсон бартараф этилди. Бугун учинчи кун, у клиниканинг шинам хонасида, онасининг бағрида, меҳри илиқ шифокорларнинг доимий назоратида ўзини яхши ҳис қилмоқда.
– Мен учун синовли кунлар бўлди, ўғлимнинг жони омон бағримда эканидан шодман, – дейди Феруза Алимардонова кўзида ёш билан. – Фарзандимнинг саломатлигини тиклашда кўмаклашган барчага оналик меҳри билан миннатдорлик билдираман. Шуни англадимки, бу юртда туғилган ҳар бир боланинг саломатлиги доимий эътиборда, оналар эса эъзозда…
Оналар орзуларини фарзандлари камолида кўради. Ойисининг айтишича, Элбекжоннинг ҳам орзуси бугун биттага кўпайибди, болакай улғайганда атрофида дам-бадам парвона бўлаётган оппоқ халатли амакилари каби шифокор бўлар эмиш. Албатта, унинг орзулари рўёбга чиқади, эл ишига камарбаста бўлиб вояга етади, фақатгина юраги кўксида омон уриб турса, бас!
Ф. Ҳайитов