БАЛКИ, УЧРАШАРМИЗ…

Янги йил байрами арафасида уйида ёлғиз ўзи қолиб, бошидан кўплаб қизиқарли саргузаштларни ўтказган йигитча Кевин Маккалистер тўғрисидаги “Уйда ёлғиз” фильмини кўрмаган томошабиннинг ўзи бўлмаса керак. Янги йил келиши билан кўпчилигимиз айнан мана шу фильм намойишини кутишимиз ҳам сир эмас. Бугун шу фильмнинг қаҳрамони Кевин роли ижрочиси Маколей Калкин ҳақида суҳбатлашамиз.

Маколей Карсон Калкин 1980 йилнинг 26 август куни Нью-Йорк шаҳрида дунёга келди.

Унинг отаси Кит Калкин ҳам актёрликка меҳр қўйган бўлиб, сайёр театрда фаолият юритади. Онаси Патриция Бернтрап оиласининг ночор аҳволи сабаб телефон станциясида оддий ходим бўлиб ишларди. Олти фарзанднинг учинчиси бўлган Маколей дастлаб болалар махсус мактабида актёрлик сирларини ўргана бошлади. Кичик актёр 4 ёшидан бошлаб Нью-Йорк филармонияси саҳнасида турли хил роллар ўйнаш билан маҳоратини ошира борди. Ниҳоят кино соҳасидаги илк дебюти 1985 йилда “Ярим тун” фильмида бошланди. Аммо Маколей Калкинга оламшумул шуҳрат келтирган, унга муваффақият олиб келган кинокартина “Уйда ёлғиз” фильми бўлди. Ушбу кинофильм дунё киноихлосмандлари орасида шу даражада шуҳрат қозондики, натижада қаҳрамонимиз Голливудда энг кўп маош оладиган болакайга айланди. Бир қатор мукофотлар қаторида Маколей Калкин “Йилнинг энг яхши комик актёри” дея тан олинди ҳамда 1990 йилнинг энг машҳур болакайи унвонига ҳам сазовор бўлди. Эътиборлиси, “Уйда ёлғиз” кинокартинаси ярим йил давомида 500 млн. АҚШ доллари тўплашга эришди.

“Уйда ёлғиз-2” ва “Бойвочча Риччи” фильмлари ҳам катта муваффақият билан намойиш этилгач, ёш актёрнинг шуҳрати яна ҳам ортиб кетди ва энди режиссёрлар у билан бирга ишлаш учун кетма-кет таклифлар жўната бошлашди. Аммо ёш актёрнинг менежери сифатида отаси Кит Калкин эндиликда ўғлининг эгаллаган мавқеъидан асосан маблағ орттириш мақсадида фойдаланади ва бу ўз навбатида Маколей Калкиннинг фаолиятига салбий таъсир кўрсата бошлайди.

Бора-бора унинг ижросидаги фильмлар жуда ҳам омадсиз натижаларни қайд эта бошлайди, У 1994 йилда “Йилнинг энг ёмон актёри” сифатида эътироф этилади. Шундан сўнг онасининг илтимоси билан кинода қатнашишга чек қўяди.

Нима бўлган тақдирда ҳам Голливуднинг энг омадли актёр-болакайларидан бири бўлган Маколей Калкин ҳали анча вақтгача кўпчиликнинг энг севимли қаҳрамони сифатида тилга олинади. Зеро, у бизнинг болалик хотирамизда ҳар доим ўша шўх ва ёқимтой Кевин Маккалистер бўлиб қолаверади.

Яна ўқинг:  ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ – МЕҲР ВА ЭЗГУЛИК ҲАДЯСИ

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: