Ўйинлар феъл-атворни шакллантиради

Ота-оналар шуни ёдда тутишлари керакки, ўйинчоқлар бола учун шунчаки эрмак ва хурсандчилик манбаи эмас балки, ҳаётининг ажралмас қисми. Ўйин болалар учун ўқиш, меҳнат, дунёни англаш, табиат билан яқиндан танишиш усули демакдир. У болаликнинг йўлдоши. Дунё олимларининг кузатишлари бўйича фарзанд тарбиялаш, уларни ҳар томонлама ривожланишида ўйин муҳим аҳамият касб этади.

Меҳрсиз тарбия бўлмайди”

Юқорида айтиб ўтганимиздек, болалар мактабгача ёшда кўп, турли-туман ўйинларни ўйнайдилар. Бундай пайтларда ота-оналар фарзандлари учун бирор қизиқарли китоб сотиб олиб бериши уларнинг тасаввурини янада оширади. Сабаби китобдаги эртак ёки ҳикоянинг сюжети қизиқарли бўлса, бола китоб қаҳрамонлари ҳаракатлари, характерларига тақлид қилади. Бола буни ўзича ривожлантириб, ҳаётида олган таассуротида акс эттиришга уринади ва доимо фаол ҳаракат қилишга интилади. Шунинг учун унинг олдига қурби етадиган қийинчилик ва тўсиқларни қўйиш болани келажакда чидамли, сабр-бардошли, олдига қўйган мақсадига доимо интиладиган бўлиб вояга етишига ёрдам беради.

Болага ҳеч қачон “қўлингдан келмайди”, “ёмон қилдинг” деб танбеҳ бермаслик керак. Умуман олганда уни қўлидан келмайдиган нарсаларга ўргатиш керак. Мунтазам равишда бола билан шуғулланиш унинг хулқига ҳам таъсир кўрсатади. Болани ёшлигидан қобилиятига қараб йўналтириш унинг вояга етганда касб танлашига ҳам муҳим пойдевор ҳисобланади. Олимлар ўз тадқиқотлари натижасида жажжиларнинг ақлан ва маънан ривожланиши учун ўйининг 4 тури мавжуд дейишади. Улар қуйидагилар:

Қурилиш ўйинчоқлари. Болаларнинг ташаббускор, ижодий қобилиятли ва топқир бўлишларига ёрдам беради. Қурилиш ўйинчоқлари болаларга хос бўлган ижодий фаоллик ёрдамида ўзининг қилган ишидан қониқиш ҳосил қилади.

Ижодий ўйинлар. Ушбу ўйин энг қизиқарли бўлган ўйинлар гуруҳини ташкил этади. Бу каби ўйинларда бола аниқ, тўлақонли ҳаёт билан яшайди, унда ўзининг барча қизиқишларини, воқеаларни қандай тасаввур қилса шундайлигича очиб беради. Мисол тариқасида Чингиз Айтматовнинг машҳур “Оқ кема” асаридаги бош қаҳрамон – бола тасвирини олайлик. У ўзича тошларга ном қўяди, гулларни турли характерларда тасвирлайди ва ҳоказо. Мазкур ўйин билан шуғулланмаган болалар эса кейинчалик ўзларининг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқара олмайдилар.

Дидактик ўйинлар. Бу ўйинга мозаика ўйинини мисол қила оламиз. Мозаика кўплаб ижобий жиҳатларга эга бўлган ўйин туридир. Унда рангларни бир-биридан ажрата олиш, боланинг бадиий салоҳиятини ўткирлаштириш, диққатни бир жойга йиға олиш, тиришқоқлик, сабр-тоқатни тарбиялаш каби хислатлар мужассамлашган.

Яна ўқинг:  БЕШИКЧИ МАРЯМ

Ҳаракатли ўйинлар. Барча ёшдаги болалар учун жуда фойдали. Ҳаракатли ўйинлар болаларни чидамли қилиб тарбиялашга ёрдам бериб, уларни нимжон бўлиб қолишдан асрайди. Бундай ўйинларга “Бекинмачоқ”, “Мушук-сичқон”, арғимчоқ билан боғлиқ бўлган ўйинлар киради. Ҳаракатли ўйинларни болалар ухлашдан олдин ўйнамасликлари керак.

Хулоса қилиб айтганда, болалар ўйинлари уларнинг ҳаётлари давомида муҳим аҳамиятга эга. Болаларни тўғри йўналтира олиш асосан ота-онага боғлиқ.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: