Иқтидорли ёшлар ихтиролари

халқ ҳаёти фаровонлиги ва юрт тараққиётига қўшилган муносиб улушдир

Пойтахтимиздаги Турин политехника университети юртимиздаги энг нуфузли билим юртларидан бири бўлиб, олийгоҳ 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қарори билан ташкил этилган.

Университетнинг бош мақсади юртимизнинг автомобилсозлик, машинасозлик, электроника, энергетика соҳалари учун халқаро талабларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мақсад ва вазифаларига мос келувчи юқори малакали муттахассислар тайёрлашдан иборат.

Қувонарлиси, ўтган қисқа вақт давомида олийгоҳ талабалари қатор кўрик-танлов ва кўргазмаларда ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этиб, мунтазам равишда юқори натижаларни қўлга киритишмоқда. Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири “Архитектура ва саноатда қурилиш” йўналишининг I босқич талабаси Дурбек Ғафуровдир. У Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш фонди кўмаги ва “Ўзинфоком” маркази ва бошқа ташкилотларнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Янги интернет ташаббуси” танловида ғолиб бўлди.

– Танловда ўзимнинг янги – “uqish.uz” деб номланган лойиҳам билан иштирок этдим. Ушбу веб-сайтда дарсни ўзлаштиришга қийналаётган мактаб ўқувчилари ва университет талабалари турли интерактив ўйинлар ва қизиқарли савол-жавоблар орқали ўз билимларини мустаҳкамлайди, – дейди Д. Ғафуров. – Ҳозирга қадар сайтга математика дарслиги жойлаштирилиб, ҳар бир мавзу учун алоҳида видеолавҳалар ва улар асосида ўйинлар ишлаб чиқилди. Дастурнинг афзаллиги шундаки, ундан ҳар ким исталган вақтда фойдаланиши мумкин.

Жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган “Ёш ихтирочилар” кўрик – танловида мазкур олийгоҳнинг “Машинасозлик технологияси” йўналиши III босқич талабаси Тоирхўжа Маҳамматхўжаев ўзининг “Хавфсиз уй” лойиҳаси билан иштирок этди. Якунда унинг ижодий иши ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг яхши лойиҳа” деб топилди.

– Дунёнинг кўпгина давлатларида “ақлли уйлар” қурилган. Лойиҳамнинг улардан ажралиб турадиган фарқли жиҳати, менинг “уй”ларимга газ сенсори ўрнатилади. Агар хонадонда газ ва у билан боғлиқ хавф юзага келганда, ушбу қурилма дарҳол муаммони бартараф этади. Сенсор плита ва трубаларга ўрнатилиб, газ ҳиди чиқиши билан ойналарга очилиш буйруғини беради ва хона ҳавоси алмаштирилади. Бу билан ёнғиннинг олди олинади. Сенсордан фойдаланишда барча физик ҳодисалар ҳисобга олинган, – дейди Тоирхўжа Маҳамматхўжаев.

Яна ўқинг:  Шериклик оши

“Cempo.uz”. Ушбу ноодатий сўзнинг маъноси сизни ҳам қизиқтириб қўйган бўлса, ажаб эмас. Бу атама италян тилидан таржима қилинганда “оромгоҳ” деган маънони англатар экан. Шу номли лойиҳа билан университетнинг бир гуруҳ изланувчан талабалари – Раҳматулло Мирзотиллаев, Азизбек Ҳамдамов, Авзалхўжа Аброрхўжаев, Беҳзод Нуриддинов, Бобур Асроров ва Фахриддин Мусаевлар ўтган йил охирида “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган миллий интернет танловида фаол иштирок этди.

– Университетимизга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан юртимиздаги барча оромгоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи махсус сайт яратиб беришни сўраб, хат юборилган эди. Шундан сўнг уч кун ичида ушбу лойиҳани ишлаб чиқдик, – дейди сайт яратувчиларидан бири Азизбек Ҳамдамов. – Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида сайт орқали чипталар сотилиши ҳамда нархларни арзонлаштириштирувчи чегирмалар жорий қилинган. Яъни, сайтда ўтказиладиган турли танловлар орқали фойдаланувчига совға тариқасида махсус бонуслар берилади. Улар йил давомида йиғиб борилади ва мавсум келганда чипталарни чегирма билан харид қилишга ёрдам беради.

2017 йил январь ойидан университет қошида янги гуруҳ ташкил этилди. Жамоага магистратура босқичини Италияда тамомлаган Икром Қамбаров раҳбарлик қилмоқда. Ҳозирда гуруҳ аъзолари – Абдураҳим Набижонов, Нодиржон Юсупов, Муҳаммадсодиқ Абдураҳмонов, Шорасул Шоазимов ҳамда Жасурбек Ғайратовлар иккита лойиҳа устида иш олиб боришмоқда.

– Техник ишларимизни шу йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган “Инновацион ғоялар” кўргазмасида тақдим этишни мақсад қилганмиз. Биринчи лойиҳамиз янги автомобиль дизайни бўлиб, яқин кунлар ичида уни университетимиздаги “Технопарк”да синовдан ўтказамиз. Техник ишланмамиз Ўзбекистон шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳамёнбоп ва қулай тарзда ишлаб чиқилган. Ўзбек оилалари кўп фарзандли бўлгани учун автомобилда ўриндиқларга кенг жой ажратилган. Кейинчалик эса уни электромобилга айлантирмоқчимиз. Чунки, бу экологик жиҳатдан фойдалидир. Насиб бўлса, Ўзбекистонда биринчи янги экоавтомобилни ишлаб чиқиш ниятидамиз, – дейди Жасурбек Ғайратов.

– Биламизки, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хорижда талаб жуда катта. Шу боис, соҳада иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида хўжалик роботини яратишга муваффақ бўлдик. Унинг вазифаси инсон учун зарарли бўлган кимёвий дори воситалари ва ўғитларни экин майдонларига сепишдан иборат. Бундан ташқари робот уруғ экишга ҳам мослаштирилган. Лойиҳа мобил телефонлар орқали WI-FI модулида бошқарилади. Ҳозирда уни йиғиш жараёни олиб борилмоқда, – дейди Абдураҳим Набижонов.

Яна ўқинг:  Тошкентда бионик услубдаги истироҳат боғи қурилмоқда

Ушбу олийгоҳнинг ҳар бир илму толиби иқтидорли ва билимга чанқоқ ёшлардир. Ишонамизки, улар ўзи яратаётган ихтиролар, лойиҳалар билан келажакда она Ватанимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.

 

Дилфуза ЖАМОЛОВА,

ЎзМУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: