Кундалик хуш кайфиятни ёдга солиб, тушкунликни эсдан чиқаради
Ўқувчилигимизда кундалик дафтар тутишни ўргатишган. Ҳар куни дафтарни тўлдириб, ҳафта сўнгида синф раҳбаримизга текширтириб, имзолатиб олардик. Уйда эса ота-онамиз бир ҳафталик баҳоларимизни кўздан кечириб, имзо қўйиб беришарди. Мабодо бирор дарсдан пастроқ баҳо олсак, албатта, бунинг учун уйдагилар биздан изоҳ талаб қилишар, шу боис доим яхши баҳо олишга, кундаликни эса авайлаб, тоза-озода тутишга интилардик…
Сўзимиз аввалида буларни ёдга олишдан мақсад мана шу оддийгина мактаб кундалиги бизни тартибга, қатъиятга ўргатганини таъкидлашдир. Бир эслаб кўринг: ё эринчоқлик, ё яна бошқа бирор сабаб билан кундалик дафтарингиз тўлдирилмай қолса, қандай аҳволга тушгансиз? Шоша-пиша, танаффусдаги вақтдан фойдаланиб, бирор синфдошингиздан кўчириб, дафтарни тўлдиргансиз, албатта. Чунки, ҳафта сўнгидаги назоратда кундалик учун танбеҳ эшитиш тайин эди. Шу боис синфимизда деярли барча ўқувчи кундаликни ҳар куни юритиб боришга ҳаракат қиларди. Дарсларда бўлса, ўтилган мавзуни аввал дафтарга, сўнг кундаликка ёзиб қўярдик, агар шундай қилмасак, жуда муҳим ишни бажармагандай ҳис этардик ўзимизни…
Кундаликнинг яна бир тури бор, бу – шахсий кундалик. Яъни махсус тутилган дафтарга ҳар куни ёки вазиятга қараб, ҳар икки-уч кунда, ё бўлмаса, бирор муҳим воқеа рўй берганда шахсий таассуротлар ёзиб қўйилади. Кундалик ўта шахсий буюм, унда фақат одамнинг ўзигагина маълум шахсий оламнинг манзараси чизилади. Кундалик унинг муаллифи ҳақида кўп маълумот беради. Ким учундир кундалик мутлақо кераксиз нарса. Бундай одам вақтини нималарнидир ёзиб ўтиришга сарфлашдан кўра, бирор фойдалироқ юмуш, масалан, кўпроқ пул топиш билан шуғулланишни афзал кўради. Яна бир тоифа кишиларнинг фикрига кўра, кундалик дафтар юритиш ўсмирларга хос эрмак, ақлли-ҳушли одам, уларнинг наздида, бундай болаларча иш билан машғул бўлмайди. Аммо юртдошларимиз орасида кундалик дафтарни мунтазам тутиб, унга айрича меҳр билан қарайдиган, вақти-вақти билан дафтар саҳифаларини ўз кечинмалари, фикр-мулоҳазалари билан тўлдириб боришдан эринмайдиган одамлар ҳам бор. Бир қарашда бу одат шоир ё адиблар, ҳарқалай, ижодга яқинлиги бор кишиларга хос, дейиш мумкин. Бироқ фақатгина ижодкорлар эмас, оддий одамлар – бошқа касб соҳиблари ҳам кундалик дафтар тутишлари бу шунчаки ижодий эрмак эмаслигидан далолат беради.
Руҳшуносларнинг фикрича, шахсий кундалик тутиш инсон учун нафақат фойдали, ҳатто зарур экан. Энг аввало, кундалик ўз эгасининг кўзлаган мақсадига эришишида ёрдам беради. “Киши ўз олдига қўйган мақсадини аниқ, тушунарли қилиб ёзиб қўйиши даркор. Чунки, қоғозга туширилган мақсад-режалар киши хотирасига тезроқ муҳрланади. Бундан ташқари, улар инсоннинг онгости ҳолатидан ажралиб чиқиб, табиий биоқувватга айланади. Мақсад ёки режа ёзилган заҳотиёқ мия автоматик тарзда унинг рўёбга чиқиши учун йўл излай бошлайди”, дейди мутахассислар. Қолаверса, кундалик кишида кутилмаганда туғилган ажойиб ғояларни сақлашга ёрдам беради. Ҳаммамизда ҳам вақти-вақти билан анча мақбул ғоялар, жўяли фикрлар туғилади. Лекин уларни амалга ошириш учун вақт, қулай шароит бўлмаслиги мумкин. Кундаликка ёзиб қўйилса, бу ғояларни вақти келиб амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Масалан, Леонардо да Винчи ўзининг илк ғояларини улар энг ҳайратланарли кашфиётига айланмасиданоқ кундалигига ёзиб борган экан.
Ижод билан шуғулланадиган кўпчилик кишиларнинг таъкидлашича, кундалик фикрни яхшироқ ифодалаш имконини ҳам беради. Бу иш билан ҳар куни шуғулланиш орқали, шубҳасизки, одамнинг ёзиш малакаси, ёзма нутқ услуби шаклланиб, кун сайин такомиллашиб боради. Адабиёт ихлосмандлари яхши билишадики, кўпгина ёзувчи-шоирларнинг таржимаи ҳолига доир энг қизиқарли маълумотлар айнан уларнинг ёки замондошларининг шахсий кундалигидан олинади. Бундан ташқари, жаҳон адабиётида машҳур бўлган асарлардан айримлари қаҳрамоннинг кундалиги тарзида яратилган. Масалан, кўпчиликка яхши таниш бўлган М.Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” асарида бош қаҳрамон табиати кундаликдаги қайдлар воситасида очиб берилади. Турк адиби Рашод Нури Гунтекин ижодига мансуб “Чолиқуши” романининг биринчи қисми кундалик тарзида ёзилган.
Дарҳақиқат, оилада ёки ишхонада юз берган жуда муҳим воқеани ёзиб қўйсангиз, унинг энг майда-чуйда тафсилотлари ҳам ёдингиздан чиқмайди. Неча йил ўтса ҳамки, бу воқеани бирдек аниқлик билан эслай оласиз. Қолаверса, кундалик тутиш ўз-ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам бериши мумкин экан. Руҳшунослар кундаликка ҳар куни бугун бажарган бешта ишни ёзиб бориш лозимлигини таъкидлашади. Эришилган яхши натижалар эса ҳар сафар ўқиганда кишини беихтиёр қувонтиради ва ўзига нисбатан ишонч пайдо қилади. Рост-да, модомики, сиз кеча ёки ўтган куни бирор ишни қойиллатиб бажарган бўлсангиз, нега энди яна шундай қила олмас экансиз?
Кундаликнинг яна бир фойдали жиҳати шундаки, унинг ёрдамида руҳий тушкунлик, ёмон кайфиятдан тезроқ халос бўлиш мумкин. Қоғозга туширилган ижобий фикрлар кучга киради. Негатив, яъни ёмон, тушкун хаёллар эса, аксинча, қоғозга кўчганида ўз кучини йўқотади. “Агар кун давомида сизда салбий кечинмалар йиғилиб қолган бўлса, бундай зарарли биоқувватни яқинлар ва қариндошларга сочиш керак эмас. Яхшиси, ўз ўй-хаёлларингизни кундаликка ёзинг. Шунда ҳам енгил тортасиз, ҳам бошқалар дилига озор етказишдан сақланасиз”, дея маслаҳат беришади руҳшунослар.
Кундалик тутган одам ўз-ўзига яхшигина устоз бўла олади. Чунки дафтарда кечаги, ўтган кунги, аввалги ой ва неча йиллар муқаддам юз берган воқеа-ҳодисалар акс этган. Уларни ҳар гал ўқиганда киши ўзининг хатти-ҳаракатларига турли тарафлардан ёндашиши, ҳеч кимга айта олмаса ҳамки, ўз-ўзига камчилик ва хатоларини таъкидлаши мумкин бўлади. Ўзи билан ўзи ёлғиз қолган инсон қалбининг тубига чуқурроқ назар ташлаш, ўзини-ўзи таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади ва бу унинг шахс сифатида шаклланиши, хатоларини тузатиши, ён-атрофга теранроқ қараши, бошқалар билан муносабатда ижобий хулосалар чиқаришига кўмаклашади.
Хулоса ўрнида айтганда, кундалик тутиш ва уни мунтазам тўлдириб бориш – фойдали машғулот. Бунинг учун вақт ажратиш эса ҳар бир одам учун наф келтиради. Ўз ҳаётимизни кимдир ўрганиши, ёзишини кутиб ўтирмасдан уни ўзимиз қоғозга тушириб борсак, бу кейинчалик қимматли оилавий меросга ҳам айланади.
Мутахассислар кундалик юритиш хотирани мустаҳкамлашини ҳам таъкидлашади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА