ИСЛОҲОТ ВА САМАРА: КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР – МУВАФФАҚИЯТЛАР АСОСИ

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳалари қаторида таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бугун ўз самарасини бермоқда. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани боис мамлакатимизда тараққиёт йўлининг ажралмас қисми бўлган янги таълим тизими яратилди. Айни вақтда замонавий кўринишда қад ростлаган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида минглаб ўғил-қизлар таҳсил олмоқда.

Таълимнинг ўрта бўғини ҳисобланган илм масканларида яратилган шарт-шароитлар ўқувчиларнинг кўплаб ютуқларни қўлга киритишида асос бўлмоқда. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-сон академик лицей 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, бу билим масканида таълим сифати ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бораётир. Мавжуд компьютер, лаборатория хоналари, 20 мингга яқин китоб фондига эга бўлган Ахборот-ресурс марказида ёшлар ўз билим ва кўникмаларини оширмоқда. Ўқувчиларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришларини таъминлаш мақсадида муассасада инглиз, немис, француз тиллари тўгараклари, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш сектори, 17 та фан 8 та спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.

Академик лицейда бугунги кунда аниқ фанлар, хорижий, ижтимоий фанларга ихтисослашган йўналишлар бўйича 1 минг 300 нафардан ортиқ ўғил-қизлар таҳсил олмоқда.

Жорий йилда таълим масканини тўлиқ таъмирлашга 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, моддий-техника баъзаси янада такомиллаштирилгани ўқувчилар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Шу боис ҳам мазкур таълим даргоҳи ёшлари нафақат республикада, балки халқаро фан олимпиадаларида ҳам муваффақиятли ўринларни қўлга киритаётир. Академик лицей ўқувчиси Гулруҳ Воҳидова кимё фани бўйича ўтказиладиган Менделеев халқаро олимпиадасида сертификат билан тақдирланган бўлса, Бўстоной Эшболтаева 2013 йил Швейцарияда, жорий йилда эса Индонезияда бўлиб ўтган биология фани бўйича халқаро олимпиадада сертификатни қўлга киритди.

Биргина бу эмас мазкур муассаса ўқувчилари турли кўрик-танловларда ҳам муваффақият қозониб тенгдошларига намуна бўлмоқда. Диёра Салимова, Умида Жўраева, Муҳайё Ахмадоваларнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиши эса ўқувчилар томонидан жонкуяр устозлари бераётган билимларнинг оқланганининг исботидир. Ўқувчиларнинг маънавий етук ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етишларида уларнинг интеллектуал салоҳияти билан бирга жисмоний қобилиятларини юксалтиришга ҳам катта эътибор қаратилган. Бунинг самарасини охирги уч йил ичида республика спорт мусобақаларида 22 нафар ўқувчи ғолибликни эгаллаган бўлса, Д. Бобобеков, Т.Холмуҳаммедов, С.Бозоров каби спортсевар ёшлар халқаро спорт мусобақаларида 5 та совринли ўринни қўлга киритган.

Яна ўқинг:  Соғлом авлод тарбиячиларига эҳтиром рамзи

Таълим маскани ўқувчиси Шахноза Турсунова спортнинг шахмат тури бўйича 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Эронда ўтказилган мусобақада бронза медали билан тақдирланди.

Тинимсиз меҳнат юксак самара беради. Шу боис ҳам республикада “Энг намунали академик лицей” номинацияси ғолиби бўлган илм маскани ўқитувчи ва ўқувчилари эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўқитувчиларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилган. Академик лицей ўқитувчилари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Франция каби давлатларда малака ошириб, ўз билим ва маҳоратларини бойитиб келмоқда. Улар хорижий тиллар бўйича ўз билим ва тажрибаларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқитувчилари малака ошириш курсларида касбдошларига намунавий дарс ўтиш жараёнида тарғиб этиб келмоқда.

Ҳа, ўқувчининг ҳар бир эришган ютуғида аввало ўқитувчининг муносиб ўрни бор. Шу боис ҳам коллеж ўқитувчилари У. Ортиқов, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлса Н. Цой “Дўстлик” ордени соҳиби Л. Расулова эса “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлган.

Илм масканининг эришаётган ютуқлари битирувчи ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичларининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия Кенгаши 99-сессияси қатнашчиларининг академик лицейга ташрифи ва ташкил этилган сайёҳлик кўргазмалари билан танишиши ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Мазкур халқаро ташкилот Ижроия Кенгаши раиси Талеб Рифаи ўқувчиларнинг меҳмонлар билан хорижий тилларда бўлган мулоқотларини кўриб улар ҳақида илиқ фикрлар билдириши ўзбек фарзандларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир бор исботидир.

Бир сўз билан айтганда, бугуни чароғон эртаси эса янада фаровон бўлган юртимизда бу каби таълим масканларида мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларга билим бериш уларни етук инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовордир.

С.НАЗАРОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-сонли академик лицейи Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: