ОИВ ва ОИТС ҳақида яна нималарни биласиз?

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 34 миллионни ташкил этади. Бир кунда тахминан 7 минг 400 нафар одам бу касалликни юқтириб олмоқда. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, нав­қирон 20-49 ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилиши хатарлидир.

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечиши, бу давр бир неча ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, инфекцияни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин. ОИВ инфекциясида меъёрда ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Аммо, вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимни мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган хасталикнинг сўнгги босқичидир.

Касалликнинг асосан уч хил: ОИВ инфекцияси бор шахслар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда – жинсий; гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган (етарлича дезинфекция қилинмаган) жарроҳлик, доялик, стоматологик, сартарошлик ва бошқа асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда парентерал; инфекцияга чалинган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали — вертикал йўл билан юқиши исботланган.

 

Ўзингизни лоҳас ҳис этсангиз…

Қонга вирус тушгандан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8-10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Шундан сўнг дастлабки клиник белгилар: сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал; одамнинг қисқа вақт ичида кес­кин озиб кетиши; ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши (диарея); оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари; хавфли ўсмаларнинг ривожланиши намоён бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликларнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмадилар.

Яна ўқинг:  Чиройли “қалпоқча”лар жозибасига учманг

Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бу борада дунё тиббиёти бироз ожизлик қилиб турибди. Бунга сабаб вируснинг ўта ўзгарувчанлигидир. Дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу инфекцияга қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқин йилларда бу касалликдан бутунлай холи қилувчи дори воситалари яратилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтирган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули – ретровирусга қарши терапия мавжуд. ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини ретровирусга қарши препаратлар деб, унга қарши даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия (РВҚТ) деб юритилади. РВҚТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор организмида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни унинг таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг (СД4) сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради, ОИВ инфекцияли шахс­ни соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади.

 

Хасталикнинг олдини олишда барча маъсул

Бугунги кунга келиб халқаро ҳамжамиятда ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласида ёндашувлар ҳам кескин ўзгармоқда. Бу жараёнда нафақат давлат ва унинг тегишли органлари иштирок этиши, балки кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ҳамкорликда ҳаракат қилиш самарали ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мус­тақилликни қўлга киритган дастлабки кунлардан бошлаб Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Республикамизда ОИВ инфекциясининг тарқалиб кетишига қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш давлат миқёсида амалга оширилмоқда ва бунга барча мутасадди ташкилотлар жалб қилинган. Хасталикка қарши курашнинг ягона тизимини ташкил қилиш, инфекциянинг олдини олиш ва аҳолини бу касалликдан ҳимоя қилиш борасида ўтказилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, ОИВга қарши кураш марказларининг моддий техника базасини яхшилаш, ОИВга қарши курашда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантирилишини таъминлаш мақсадида 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилиниб, қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Яна ўқинг:  Болалар шифокорлари учун

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиқадиган касаллик аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши, бундай беморларни даволаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги, шунингдек, мамлакатнинг демографик ҳолатига ва иқтисодий тараққиётга хавф туғдириши муаммога қарши курашнинг янада самарадор усул ва воситаларини жорий этишни тақозо этмоқда. Шу боис 2013 йил “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши бу жабҳадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонун қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда бу инфекцияга чалинган 18 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ 256-сонли қарорлари қабул қилинди.

Республикамизда ОИВ инфекциясининг вертикал трансмиссияси (онадан болага ўтиши) профилактикаси бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Респуб­лика ОИТСга қарши кураш марказида 60 ўринли клиника ташкил этилган.

 

Миграция жараёнида тиббий саводхонлик ўта муҳим

Бу инфекция эпидемияси миграция жараёнига, бу жараён эса ўз навбатида ОИВ инфекцияси эпидемиясига таъсир этади ва мигрантларнинг хавфли хулқ-атвор шакллари инфекцияни юқтириб олишга шароит туғдиради. Шу туфайли меҳнат мигрантлари орасида ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида унга қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг 2013 йил “Чет давлатлардан Ўзбекис­тонга кириб келаётган Ўзбекистон Рес­публикасининг фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйи­ча тартиб” тасдиқланди. Бу тартибга асосан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар бугунги кунда кенг кўламда олиб борилмоқда.

“Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида бу инфекцияни юқтириб олган шахслар ушбу вирусни тарқатмасликка доир чора-тадбирларни бажариши шартлиги белгилаб қўйилган. Ушбу қонуннинг 5-боб, 25-моддасида қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор деб топилган шахслар белгиланган тартибда қонун олдида жавоб беришлари кўрсатилган.

Яна ўқинг:  Заррин нурлар шифоси

Бундан ташқари мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзида шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда ихтиёрий равишда текширувдан ўтишлари мумкин. Бу тиббий кўрик текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. ОИВга текшириш натижалари қандай бўлишидан қатъий назар шифокорнинг сир сақлаши кафолатланади. Текширишнинг ижобий натижалари тўғрисида яшаш, иш ва ўқиш жойига, шунингдек, ҳарбий хизмат ва озодликдан маҳрум этиш жойи бўйича хабар бериш қатъий таъқиқланади.

Республикамизда барча ҳомиладор аёллар ушбу инфекцияга лаборатория текширувидан ўтказилиб, уларга профилактика мақсадида дори воситалари бериб борилмоқда ва ҳомилага юқишининг олди олинмоқда. Натижада мазкур инфекция мавжуд бўлган ҳомиладор аёллардан 98,1фоиз ҳолатда соғлом болалар дунёга келмоқда.

 

Эъзозхон АБДУМУТАЛОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,Республика ОИТС маркази шифокор-эпидемиологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: