ЭЗГУ ИШНИНГ САОДАТИ УЛУҒ

Мард йигитнинг кўкси оловга ҳам қалқондир

Куз ойлари. Ярим тун. Миробод тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлимида овоз кучайтиргич орқали диспетчер ёнғин содир бўлган манзилни эълон қилди. Экипаж аъзолари шай ҳолатдаги ўт ўчирувчи машиналардан огоҳлик чироғини ёққанича йўлга чиқди. Шошилиш зарур.

Ўт ўчириш гуруҳи ёнғин содир бўлаётган манзилга етиб борганида юмшоқ ўйинчоқлар, тез ёнувчи воситалар, шунингдек, ёнилғи сақланадиган омборхона аланга остида қолган эди. Оловнинг ҳовури бир неча метр наридан ҳам кишига ўз иссиқ тафтини наштардек санчади. Гўё аждарҳо домининг ўзгинаси. Олов тезлик билан ўрмалаб борарди. Вазият жиддий. Касб юзасидан олов балоси билан кўп бора тўқнашган ўт ўчирувчи ходимлар бу гал ҳам саросимага тушмади. Бўлинма ходимлари командир Хайрулла Заитовнинг кўрсатмалари билан ёнғин қаърига кириб боришга ҳаракат қилди. Бундай пайтларда хавфсизлик юзасидан экипаж аъзолари шеригини кўздан қочирмай, бир-биридан узоқлашмаслиги керак. “эҳтиёт бўл”, “сувни узат”, “ён томондан кириш керак”, “маҳкамроқ ушла” каби баланд овоздаги сўзлар гўё олов ютиб юбораётгандек, элас-элас эшитилади. Ўт ўчирувчи ходимларнинг саъй-ҳаракати билан оловнинг ҳовури анча пасайди. Аммо хавф тўлиқ бартараф этилмади. Оловни буткул ўчириш мақсадида бино ичкарисига Хайрулла ака дўсти Баҳром Эргашев билан кириб борди. Бирдан киши кўнглини беҳузур қиладиган ачимсиқ ис димоққа урилди. Олов бино шифтининг болор қисмини аллақачон мўртлаштириб қўйган экан, тўсатдан шифт қулаб тушди. Командирнинг бошига нимадир қаттиқ тегдию қулоғи шанғиллаб кетди. Атрофини зулмат қоплади. “Баҳром, Баҳром, Баҳром….”

Қолгани ёдида йўқ. Кўзини очса шифохонада. Баданининг куйган соҳалари тортишиб, ачишиб оғрир, бош қисмидаги жароҳатининг азобидан тишини тишига қўйиб чидашдан ўзга чораси йўқ эди.

– Оловни бартараф эта олишдимикин? Ҳамкасбларимнинг ҳеч бирига зиён етмадими?! – Хайрулла ака ўша машъум кунни хотирлаб, хаёлга чўмади. Бино ичкарисига ҳамкасби Баҳром билан кириб боргани элас-элас ёдига тушди-да, бирданига жон ҳолатида – Баҳром!!! – деб юборди. Миробод тумaни ИИБ Ёнғин xaвфсизлиги бўлимининг ёнғин ўчирувчи ходими Баҳром Эргашев воқеа-ҳодиса жойида қаттиқ жароҳатланиб шифохонада вафот этганди.

Эзгу ишнинг йўли қутлуғ, умри боқий бўлади. Аҳолининг тинч­лиги ва фаровонлиги йўлида кўрсатган жонфидолиги туфайли Миробод тумани ИИБ ЁХБнинг бўлинма командири Хайрулла Заитов “Жасорат” медали, дўсти ва ҳамкасби марҳум Баҳром Эргашев эса “Мардлик” ордени билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  МИТТИ ҲАРОРАТ ЎЛЧАГИЧ

Хайрулланинг бу касбни танлашида отаси Жўра ака Заитовнинг ўрни беқиёс. Ёдида, болалик кезларида ҳарбий либос кийган отасининг ишдан эртароқ қайтишини кутар, унинг кўркам ва тоза ки­йимларини дарҳол кийиб, онасига мақтаниб қўярди. Ана шу қизиқиш ва иштиёқ уни ёнғин хавфсизлиги бўлимида иш бошлашга етаклади. Соҳага меҳри ошди. Ўқиди, ўрганди. Илк фаолиятини ҳам ҳозирда иш юритиб келаётган пойтахтимизнинг Миробод тумaни ИИБ Ёнғин xaвфсизлиги бўлимида бошлади. Қаттиққўл, тажрибали, шунингдек меҳнаткаш устозлари Нурилла Зияев, Саъдулла Зоитов, Ғофир Қодиров ёрдамида кўп тажриба орттирди. Хавфни тезда бартараф этиш кўникмасини ўзлаштирди. Энг муҳими, эр йигитга хос жасурлик, шижоат, тантилик, қўрқувни енгиб, саросимага тушмасдан воқеа жойини аниқ ва тўғри ўрганиб чиқиб, таҳлил этиш қобилиятини ўзида шакллантира олди.

Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси XI боб, 50-модда.

Ҳузур-ҳаловатнинг асоси огоҳликдир

Халқимиз ҳар бир дуосида “Ўт балоси, сув балосидан асра”, дея кўп бор тилак билдиради. Бу эса юқоридаги офатнинг оқибати нечоғли аянчли эканидан далолат беради. Хайрулла Заитов ва у каби ёнғин хавфсизлиги бўлимида ишлаб келаётган ходимларни ўз ҳаётини хавфга қўйиб аҳолининг молини, жонини ўт балосидан асраб келаётган фидойи касб эгалари сирасига киритсак арзийди. Бугунги кунда аҳолининг тинч ва осуда ҳаёт кечиришида соҳа ходимларининг ўрни беқиёс саналади. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли сўнгги йилларда республикамизда содир бўлган ёнғин ҳолатлари сезиларли даражада камайган. Буни Миробод тумaни ИИБ Ёнғин xaвфсизлиги бўлинмаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Соҳа xoдимлaри тoмoнидaн aмaлгa oширилгaн ишлaр ортидан тумaндa сoдир бўлгaн жорий йилги ёнғинлaрнинг умумий сoни ўтган йилга нисбатан 6 фоизга камайган.

– Жорий йилнинг шу вақтига қадар Ёнғин хавфсизлиги бош­қармаси ходимлари томонидан тумaн ҳудудидa жoйлaшгaн ва рўйxaтгa oлингaн манзилларда, ёнғингa қaрши ҳoлaти тeкширилиб борилди. Кoрxoнa вa фуқaрoлaргa хусусий мулк сифaтидa тeгишли бўлгaн 745 та турар жойларнинг 10 минг 935 маротаба ёнғингa кaрши ҳoлaти тeкширувдaн ўткaзилди, – дейди Хайрулла Заитов. – Мактабгача таълим муассасалари вa мaктaблaрдa, тумaн Тиббиёт бирлaшмaсигa вa Тoшкeнт шaҳaр Сoғлиқни сaқлaш бош бoшқaрмaсигa қaрaшли бўлгaн масканларда жaми 457 тa ёнғингa қaрши тeкширувлaр ўткaзилди. Текширувлар давомида аҳоли истиқомат қилаётган турар жой билан биргаликда маҳалла-кўйнинг жойлашуви, сим ёғочларнинг тартиби, газ қувурларининг хавфсизлик ҳолатлари ҳам ўрганиб борилади. Аммо шунга қарамай ҳанузгача аҳоли ўртасида қўлбола иситкич печлардан фойдаланиш ҳоллари учраб турибди. Газ иситиш печларининг дудбуронларини тез-тез тозалаб туришга кўп ҳам эътибор қаратилмайди. Электр симлари носоз ҳолга келгунига қадар беэътиборлик билан қарашади. Натижада кўп­лаб кўнгилсиз ҳоллар юзага келади.

Яна ўқинг:  ПЕДИАТРИЯДА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Бой берилмаган умр

Эрта тонгдан навбатчиликни қабул қилиб олган қаҳрамонимиз ҳамкасблари билан иш бошлашидан олдин бугунги иш кунимиз тинч ва хотиржам ўтсин, дея эзгу тилак билдириб дуога қўл очади. Баъзан навбатчилик хотиржам ўтади. Демакки, аҳоли тинч ва осуда. Аммо ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Баъзан бир кунда 10 га яқин ёнғин ҳолатлари содир бўлади. Ҳар сафар ёнғин ҳудуди хавотири билан гуруҳ аъзолари йўлга чиқишар экан, йўл-йўлакай манзил билан танишиб, ўт кетган бинонинг ҳудудий чизмасини кўздан кечириб боришади. Машина қайси йўналиш бўйлаб кириб борса қулай, сув қудуғи бинонинг қай томонида ўрнатилган, дея тезкорлик билан ўзаро таҳлил қилинади. Бундай пайтда манзилга тезда етиб бориш билан биргаликда ҳудуд ҳолатини ўрганиб чиқишда ҳам тадбир билан иш кўрмоқ лозим. Ичкарида жабрланувчи йўқми, электр сим қаердан ўтган, газ қувурларнинг йўналиши қай тартибда, мол-мулк бинонинг қайси қисмида?! Зеро, йўл қўйилган арзимас хато ва эътиборга олинмаган кичик жиҳатлар ҳам аянчли ҳолатларга олиб келиши, кишининг йиллар давомида йиғиб борган мол-мулки зумда ҳавога совурилиши мумкин.

Хайрулла Заитов кўп йиллик меҳнати давомида ҳамкасблари Акмал Абдураззоқов, Элмурод Деҳқонов, Юсуфжон Аҳмедов, шогирдларидан Олим Суюнбоев, Лутфулла Усмонқулов, Рустам Абдураҳмонов, Достон Умаров билан тажриба алмашади. Вақти келса уларга ўргатади, кези келганда ўзи ҳам ходимлардан ўрганади. Соҳанинг пасту баландида, оғир ва енгилида улар билан тақдири ҳаётнинг савобли, эзгу ишлар чорраҳасида туташ келганидан фахрланади.

Хайрулла ака илк фаолиятини ёдга оларкан, кўнглини қандайдир фахр, ғурур туйғулари эгаллади. Хизмат пайтида олов қаъридан олиб чиқаётганида бўйнида маҳкам қучиб олган болакайнинг миннатдорлик изҳори балқиб турган нигоҳларини кўз олдига келтирди. Кекса ёшдаги отахонга ёрдам берганида уни узундан узоқ дуо қилганини ёдга олди. Ҳа, Хайрулла Заитовнинг касби эзгу ишга ҳамоҳанг, савоб ишга эшдир.

Қадимдан хонадонимиз нуронийлари “Пинакка кетишдан олдин мўрингга, сўрингга, эшик-тирқишингга бир нигоҳ ташлаб қўй”, дея бежизга айтишмаган. Зеро, ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимларининг эътироф этишича, асосий ёнғин ҳолатлари тунда содир бўлар экан. Бу эса айрим фуқароларнинг ўз уйи, мол-мулки ва оила аъзоларининг ҳамда ўзининг ҳаётига совуққонлиги оқибатида келиб чиқади.

Яна ўқинг:  “Янги йил” салати

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: