Ёшлар ҳафталиги якунланди
Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказилган Ёшлар ҳафталиги якунланди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, уларни мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш йўлидаги эзгу ишларга рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Истеъдод” жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган Ёшлар ҳафталиги бу борада йирик лойиҳалардан бири бўлди. Ҳафталик доирасида санъат ва маданият намояндалари, илм-фан арбоблари, кино ва мода йўналишида ижод қилаётган хорижий экспертлар иштирокида етти йўналишда ўндан ортиқ тадбир ўтказилди.
Турли кўргазма ва фестиваллар, интерфаол маҳорат дарсларида ёшлар ўзларининг кино, мода ва дизайн, театр, туризм, экология каби соҳаларни янада ривожлантиришга доир билим ва салоҳиятини намоён қилди. “Қувноқлар ва зукколар”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловлари иштирокчиларни қизғин баҳс-мунозараларга чорлади. “XXI аср – интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий анжуман ёш авлоднинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, ўз соҳаси бўйича тажриба тўплаш имконини яратди.
Ёшлар ижод саройида ҳафталик якунига бағишлаб ўтказилган тадбир доирасида ёшларнинг Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати, эртанги кунга бўлган ишончи, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада тараққий эттириш билан боғлиқ ғоялари тасвирланган фото, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик асарлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари, пазандалик намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилди.
Тадбирда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “PROlogue” – ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари фестивали ғолиблари тақдирланди. Ҳабибулло Лутфуллаев суратга олган ёшлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Оқ булут” мелодрамаси “Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” деб топилди.
Мухтасар айтганда, Ёшлар ҳафталиги турли йўналишлар, замонавий санъатдаги янги номларни кашф этиш, ёш истеъдод соҳибларини замонавий кино, мода, театр санъати йўналишлари ва тенденциялари билан таништириш, уларнинг шу соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик ўрнатиши учун катта имконият яратди.
Ч.ХУШВАҚТОВА
“Sog‘lom avlod” мухбири