БОЛА НУТҚИДАГИ НУҚСОН

Уни қандай бартараф этамиз?

Бола онгги, унинг тафаккури, нутқининг тўғри ривожланиши келажаги учун нечоғли муҳим эканини биласизми!? Чунки, беғубор фаришта мисол болажоннинг равон сўзлаши унинг ўзига нисбатан нафақат ишончини орттиради, балки ота-онаси кўнглини ҳам тоғдек кўтаради.

– Фарзандим Саъдуллонинг ўзини тутишидан хавотирланаяпман, – дея Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган 20-Оилавий поликлиника невропатологи Мавлуда Қосимовага бир зум умидвор нигоҳ қадайди болакайнинг онаси. – Укасини туғруқхонадан олиб келганимиздан буён шу аҳвол. Биронта ўйинчоғини унга бериш тугул дадаси ёки менинг чақалоқни эркалашимиз унга асло ёқмайди. Қовоғи солиқ, ҳатто, гапиришни ҳам унутиб қўяётгандек, баъзан чурқ этмай ўтираверади. Бир нима сўрасак асабийлашиб, йиғлаганича жавоб қайтармайди. Унинг нима истаётганини билолмай қолдик.

Онанинг бу гапларидан сўнг қандай маслаҳат берар экан, деб мен ҳам шифокорни жон қулоғим билан эшитишга шайландим.

– Бола беш ёшгача ҳамма нарсани тушуниб, теран англайди. Унга асло “ҳали бу ҳеч нарсани тушунмайдиган гўдак” деб қарамаслик лозим. Оиладагиларнинг барча эътибори чақалоққа қаратилгани боис ўғлингиз руҳий тушкунликка тушиб қолган. Шу боисдан баъзан гапиришни ҳам истамай қолади. Одатда ота-онанинг меҳри барча фарзандларга бирдек бўлиши керак. Болангизни асло ёлғиз қолдирманг. Унинг тенгдошлари билан мулоқот қилишини таъминлашингиз ижобий натижа беради. Шунинг учун боланинг мактабгача таълим муассасасига қатнагани энг тўғри йўл ҳисобланади. Фарзандингизга керакли муолажаларни тавсия қиламан, аммо давони аввало унга кўпроқ меҳр кўрсатишдан бошлайсиз. Шифокорнинг бу сўзларидан бир муддат ўйланиб қолган аёл секингина унга раҳмат деганича ўрнидан қўзғалди.

– Мавлуда опа нега баъзи болалар бир ёшга тўлмасдан гапириб кетишади-ю айримлари эса кечроқ тилга киради. Умуман бола неча ёшда гапира бошлайди? – дея шифокорни саволга тутаман мен ҳам фурсатдан фойдаланиб.

– Бола уч ойлигидан бошлаб “гу-гу” лай бошлайди. У бир ёшгача 20 та сўзни билиши керак. У икки ёшга кирганида 40- 60 тагача сўзни гапира олади. Уч ёшга киргач эса жумлаларни қўшиб сўзлай олиши лозим. Кичкинтой уч ёшга кирганида ҳам гапира олмаса албатта шифокорга мурожаат қилиш шарт. Боланинг саломатлиги мустаҳкам бўлиб, оилада соғлом муҳит шаклланса ҳамда катталарнинг меҳрибонлиги боис яхши сўзлай олади.

Яна ўқинг:  Одам ДНКсида мия қаришининг генетик дастури мавжуд

– Кичкинтой дудуқланиб гапирганда қандай даво чоралари кўрилади?

– Дудуқланишга – қўрқув, касаллик, сўзлашувдан орқада қолиш, салбий эмоционал ҳолатлар, стресс (руҳий зўриқиш) сабаб бўлади. Оиладаги носоғлом муҳит, турли шикастлар, катталар томонидан болани қўрқитиш, қоронғу хонага болани киритиш ҳолатлари ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Бола сўзни бузиб талаффуз қилишининг яна бир сабаби катталар унга сўзларни қисқа, бузиб гапириши натижасида юзага келади.

Айрим болалар қаттиқ ҳаяжонланганда, асабийлашганда дудуқланиб гапиради. Бундай ҳолат одатда болакай 2-5 ёшларда бўлганида кузатилади. Айрим болалар логоневроз хасталигига дучор бўлгани боис ҳам шундай сўзлаши мумкин. Бу ҳолда касалликнинг турига қараб логопедик ёки неврологик йўл билан даволанади. Кичкинтойни дудуқланишдан даволашда, аввало, унинг узоқ ва тинч ухлашига эътибор қаратиш зарур.

У билан мулоқотга киришганда секин, ҳамда юмшоқ сўзлашиш талаб этилади. Мактаб даврида бундай ўқувчиларга ўқитувчи ширин сўз билан муомала қилиши керак. Логопед томонидан алоҳида машғулотлар ўтказилишини таъминлаш зарур.

Бундай болаларга нисбатан касаллик белгиларига қараб, яъни, симптоматик ва тинчлантирувчи даво тайинланади. Бундан ташқари ҳар бир оилавий поликлиникалар қошида фитобар очилган бўлиб ёш болаларга олма, малина шарбатидан тайёрланган кислородли кўпик берилаяпти. Наъматак ва ҳар хил доривор гиёҳлардан тайёрланган бундай дамламалар мияда қон айланишини яхшилаб, иммунитетни кўтаради.

Қадимда бувиларимиз кўп йиғлоқи болани оғзига ирим қилиб оёғидаги калишининг орқа тарафини текизиб уриб қўйишар, гўё бу билан кўп йиғлашнинг бехосиятлигини бартараф этишарди. Шунингдек, гўдак туғруқхонадан уйига келтирилганида онажонларимиз дастлаб чақалоқнинг йўргагини очиб катта фарзандларга миттивойнинг жажжигина оёқчаларини кўрсатишарди. Чақалоқнинг опа-акалари уни ота-онасидан ёки оиланинг катталаридан қизғанмаслиги учун шундай қилинган.

Ёки юмушидан ортмаётган келинчакка қайнонаси, аммасининг идишини чайиб ичиргин, бунинг яхши гарпира олмаяпти, деганича набирасининг ке­йинчалик тили бурро бўлишини таъкидлаб қўйишни асло унутмасди. Дарҳақиқат, баъзи болаларнинг тили бийрон, айримларининг эса нутқида нуқсони бўлади.

Шажарасининг давомчиси – ҳар бир фарзанднинг тўрт мучаси соғ-омон ҳолда вояга етиши фақатгина фарзанд оила кўзгуси эканини қалбан ҳис этган катталарнинг эътибори сабабли амалга оширилади.

Гўдак мисоли ниҳол. Уни тўғри парваришлаш эса оила аталмиш серҳосил боғнинг боғбонларига боғлиқ. Бу боғбонлар эса албатта ота-оналардир.

Яна ўқинг:  Танга роҳат, руҳга қувват

Болага сўзларни қисқартириб айтиш асло мумкин эмас. Аксинча, у билан сўзларни тўлиқ талаффуз этиб ҳамда хуш муомала туфайли ижобий натижага эришилади.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: