Ўқувчиларим умидим
– Болалар ҳаётимнинг мазмуни. Уларнинг қийқириқлари, ҳаттоки тўполонлари ҳам умримга мазмун бағишлайди. 33 йиллик педагоглик фаолиятим давомида кўплаб ўқувчиларга сабоқ бердим. Шогирдларим тез-тез келиб мендан хабар олиб туришади. Байрамларда, тадбирларда, албата, келиб табриклашни канда қилмайдилар. Шундай вақтларда ўз касбимдан яна ҳам фахрланиб кетаман. Зеро, ўқувчиларимсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман.
1-октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз томонидан кўплаб касбдошларим сингари мен ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирландим. Бу бизнинг озгина меҳнатимизга давлатимиз, Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир. Мазкур мукофот ўз кучимга, билимимга бўлган ишончни янада оширади. Таълим жараёнларига, хусусан, математика фанини ўқувчиларга ўргатишда янгидан-янги усулларни киритишга ва изланишга ундайди. Келажакда халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимнинг ғалаба қозонишлари учун ҳаракат қиламан.
Мустақил Ватанимиз фарзандларининг маънан баркамол бўлиб ўсиб-улғайишлари йўлида менинг ҳам ҳиссам борлигини англаб яшаш қандай бахт. Ўтмиши улуғвор, келажаги буюк халқнинг фарзандларига таълим беришдек шарафли йўлда сидқидилдан меҳнат қиламан. Ишонаманки, ўқувчиларим келажакда халқига, юртига нафи тегадиган фидойи инсонлар бўлиб улғаядилар.
Турдиали БЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси