Маърифат гулшанин офтоби

– Ойижон устозим менга беш баҳо қўйди! Биласизми, бугун муаллимам Нилуфарнинг уйига бориб ота-онаси билан гаплашибди. Энди Нилуфар бемалол мактабга қатнайдиган бўлди. Дадаси рухсат берибди, – мактабдан ҳовлиқиб қайтиб келган Гулбаҳор эшикдан кирмасданоқ онасига гапира кетди. – Мен ҳам катта бўлсам албатта ўқувчиларига меҳрибон ўқитувчи бўламан…

Болаликда кўнгилга тугилган орзу ва қатъий мақсад қизалоқнинг ҳаёт йўлини белгилаб берди. Гулбаҳор мактабни тамомлагач, Чимкент давлат педагогика университетига ўқишга кирди. Ўз орзуси йўлида сабот билан борган қизалоқ вақти келиб ўзи ҳам устоз даражасига эришди.

Гулбаҳор Реймовани бугун Қорақалпоғистонда танимайдиган одам йўқ ҳисоби. 1991 йилдан бошлаб Шуманай туманидаги 1-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолиятини бошлаган Гулбаҳор опа бугунги кунда кўплаб ўқувчиларга таълим бериб келмоқда.

– Мактабга келган боланинг қўлига илк бор қалам тутқазиб, унга ҳарф ўргатиш қанчалар машаққатли ва масъулиятли иш бўлса шунчалар шарафли ҳамдир. Зеро, боланинг келажакдаги билими бугун айнан сиз қўядиган пойдеворга боғлиқ бўлади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги 1-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Гулбаҳор Реймова.

Тажрибали устоз меҳнат фаолияти давомида 20 та ўқув-услубий қўлланма, 30 дан зиёд электрон дарс ишланмаларини яратган.

– Ҳар сафар болалар билан суҳбатлашар эканман, ўзимга ниманидир кашф қиламан. Уларнинг кўзларидаги ифода ва сизга бўлган ишонч ўз устингизда тинимсиз ишлашга, доимо янгиликлардан хабардор бўлишга ундайди. Шу сабабдан болаларга дарс ўтишдан аввал ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламан.

2013 йилда Г. Реймованинг “Бошланғич синфларда математика фани орқали ўқувчиларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш” мавзусидаги ўқув-услубий қўлланмаси таълим марказининг илмий-методик кенгаши томонидан “Энг самарали методик материал” деб топилиб, туман миқёсида оммалаштирилган. Унинг ташаббуси билан мактабда “Ёш ота-оналар” клуби фаолияти йўлга қўйилган. Бу клуб “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” концепцияси асосида ўқувчиларнинг таълим тарбиясида ота-оналар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ҳар йили анъанавий тарзда 1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимлари Президентимиз томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланади. Бу йилги тақдирланганлар орасида Гулбаҳор Реймова ҳам II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Яна ўқинг:  Миннатдорлик мактуби (2015-40)

Биргина ўқувчингиз байрам билан қутласа қанча севинасиз, бошингиз осмонга етади. Ўқитувчиликни танлаб адашмаганлигингизни ҳис қиласиз. Камтарона меҳнатимни қадрлаб, Юртбошимизнинг фармони билан давлат мукофотига лойиқ кўрилганимнинг ҳаяжонини эса сўз билан изоҳлаб беролмайман. Бу эътибор мени янада ўз устимда изланишга, болаларда илмга меҳр уйғотиш йўлида собитқадамлик билан меҳнат қилишимга ундайди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, замоннинг ўзи биздан эришган ютуқлар билан кифояланмасдан, янада юксак марралар сари қатъият билан боришни, шу йўлда ўз билим ва тажрибамизни, касб малакамиз ва маҳоратимизни муттасил бойитиб, такомиллаштиришни талаб этмоқда. Бугунги ёшларимизнинг келажаги буюк. Бунинг учун юртимизда барча шароит муҳаё қилинган. Ана шундай эътибор ва эркинликда ўсиб улғаяётган ёшларнинг келажаги эса янада порлоқ бўлиши, шубҳасиз.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: