ДАРЁ УМР

Чиндан инсон умри дарёга қиёс. Дарё ҳар фаслда ўзига хос тўкинликка, рангга киради. Инсон ҳам шундай. Уни болаликдан то кексалик даврининг фараҳбахш дамларида ҳам орзулар, умидлар, мақсад ва интилишлар тарк этмайди.

Умрининг қирқ йилдан ошиғини улуғ амалга – ёшларга таълим беришга бағишлаётган эъзозли устозлардан бири Комилжон Шермуҳаммедов билан самимий суҳбатимиз ана шундан бошланди.

– Асли эски шаҳарликман. Шайхонтоҳур туманида туғилганман. Отам Қўчқор ота, онам Бўстон аянинг елкасига энг қаҳатчилик йилларда катта оилани оёққа турғизиш, фарзандлар тарбияси, эл-юрт хизматида бўлиш каби бахт, масъулият ва ҳаёт синовлари юкланди. Мен Иккинчи жаҳон уруши хавф солиши арафасида 1940 йилда туғилганман. Уруш сўзи нақадар даҳшатли эканини, у одамлар ҳаётига қанчалик оғир кунларни солиши, нон қадри нималиги, оқибат ва меҳр қай рангда товланишини кичиклигимдан оиламиз мисолида кўрдим, бошимдан ўтказдим. Тинчлик деган сўз, туйғу қудратини ўша дамлардан то бугунги кунгача чуқур ҳис этиб яшайман, ардоқлайман. Ота ҳовлимиз, айниқса, баҳор келганда яшнаб кетадиган боғимиз, ҳар бир дарахтнинг олдига бориб, отамнинг куйманишлари, онамнинг райҳонлар экиб, атрофини ҳуш бўйга тўлдириши, ҳар бир меванинг – тутдан тортиб узум, олма, анор, шафтоли таъмлари ҳали-ҳалигача оғзимда.

Устоз тумандаги 84-мактабни муваффақиятли тугаллаб, айни пайтда ҳам фаолият юритаётган ҳозирги Тошкент Аграр университетига ўқишга кирди.

– Отам бир умр мироб бўлиб ишлади. Маълум бир муддат мен ҳам ота касбини тутдим. Эҳтимол, қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳавас ўша пайтлардаёқ менга ўтгандир. Рус тили гуруҳида селекция-уруғчилик бўйича таълим олдим. Отам талабчан, онам меҳрибон эди. Етти фарзанднинг ҳар бири олий маълумотли бўлишини орзу қилишарди.

Болалиги уруш даврида кечган устознинг ёрқин хотиралари отаси билан бирга улғайган. У ҳар бир ишда, тупроқ, сув, дарахтлар билан тиллашаётган отасига ёрдамчи сифатида кўчат экиш, боғ парваришлаш, меваларни сақлашнинг нозик сирларини ўрганди, табиатга меҳри ортди.

– Узоқ давом этаётган меҳнат фаолиятим бугунги кунгача касбим, мутахассислигим билан узвий боғланган. Ўзбекистон шоличилик илмий-тадқиқот институти, Тошкент Давлат Аграр Университетида ёшларга агрономия фанидан таълим берибгина қолмай, илмий салоҳиятимни ошириб бордим. Институт, аспирантураларда олган билимларим маҳсули қишлоқ хўжалик фанлари номзодлик ишини ёқлаганимда асқотди. Барининг пойдевори, устуни тинимсиз ҳаракат, изланиш, мутолаа, тажрибалар, устозлар меҳридир.

Яна ўқинг:  Кунида синган кўза

Устоз табиатан камтарин ва меҳрибон. У катта тажриба ва малакага эга, шу бойлигимни азиз ёшларимизга бериб кетсам, ўргатсам, дейди.

– Бизнинг соҳамизда нафақат ер билан тиллашиш, балки она Ўзбекистонимиз равнақига ўзига хос ҳисса қўшиш катта аҳамиятга эга. Йилдан-йилга дунё ўзгаради, табиат, иқлим, борлиқда ҳам янгиланишлар сезилади, тараққий этаётган билимлар доираси кенгаяди, теранлашади. Янгидан-янги мўъжизавий замонавий технологиялар яратиш тизими бутун дунё, одамлар онги ва ҳаётини қамраб олмоқда. Устоз ҳар бир талабасини билимдон, ўз касбига меҳрли бўлишга ўргатади. Бу устознинг йиллар давомида олиб бораётган илмий изланишларида янада яққол кўринади. Устоз 24 та дарслик, 2 та ўқув қўлланмаси, элликка яқин илмий мақолалар муаллифи. Унинг раҳбарлигида 15 дан ошиқ магистрлик диссертацияси ҳимояси, 30 дан ортиқ малакали битирув иш ҳимояси олиб борилди. Улар орасида “Генетика” ўқув қўлланмаси, “Биология ва генетика” фанидан дарслик, “Генетика асослари” китоблари бугунги кунда ҳам бакалавр ва магистр талабалари учун зарурий билим манбалари ҳисобланади.

Устоз шогирдларини ўз болаларидек қадрлайди. Уларга табиатни севинг, тупроқни эъзозланг, сувнинг қадрига етинг, ҳар бир фасл нима учун ўрин алмашишини тушунишга ҳаракат қилинг, шундагина атрофингиздагиларга ҳурматингиз ошади, ҳаётнинг азизлигини ҳис этасиз. Ҳар бир дақиқа маъносини уқиб борасиз, бизнинг фанимиз – ер фани, касбимиз – деҳқончиликдир, табиат ва инсоният фанларидир, дейишдан чарчамайди.

Устоз қадрдон университетидан кўп нарса ўрганди: билим, меҳнат, ҳаётга иштиёқ, одамларга муносабат, фанига муҳаббат, табиатга меҳр, дўстлик, юрт, устозлик ва шогирдлик туйғулари. Назаримизда, буларнинг бари мужассамлашиб, фидойилик деган қадриятни дунёга келтиради. Устозга айнан шу фазилат ярашади ва уни улуғлайди.

– Оилам, фарзандларим, невараларим камолидан хурсандман. Ҳар бири илм олишга, ҳунар ўрганишга иштиёқманд. Болалигимдан куй чалишга қизиқаман. Ўша пайтларда отам олиб берган скрипка ҳали ҳам – уйимизда. Зора, невараларимдан бири мусиқага чинакамига ошно бўлса… Бадиий, айниқса, тарихга оид китобларни ўқийман. Мустақиллигимиз шарофати ва фарзандларим меҳри билан ҳаж сафарига бордим, ҳожи бобо бўлдим. Бу марҳаматдан бошим кўкка етди. Мен дунёни яхшилик ва меҳр кўкартиради, ушлаб туради, деб ўйлайман. Ҳар бир юракда гуллаётган баҳор, дарё умрнинг оқишини тилайман. Зеро, инсон – эзгулик мевасидир.

Яна ўқинг:  Замонавий ускуналар тиббиёт ривожига хизмат қилади

Ойгул СУЮНДИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: