Меҳри маёқ маҳаллам

Тўқсонни қоралаётган онам бетоб эдилар. Ҳайит байрами арафасида маҳалла оқсоқоли Мўминжон ака маслаҳатчилари Ҳакимахон ва Арофатхонлар билан уйимизга кириб келишди. Онамдан ҳол-аҳвол сўраб, у қилган ишларни эслашди. Тенгдош дугоналари Ёмби хола билан Илёс опани кўриб қайтишаётганини айтиб, уларнинг саломларини етказишди. Ишонасизми, кун бўйи инжиқланиб ўтирган онам бирдан мулойим тортди. Рангига қон, танасига жон югурди. Дастурхон атрофида улар билан бироз гурунглашишга куч ҳам топдилар.

– Халқимиз бежизга ёрингдан айрилсанг ҳам ерингдан айрилма демаган-да, болам, – дедилар онам уларни кузатиб қайт­ганимдан сўнг дастурхон четига қўйилган бир шох райхонни хидлаб. – Барака топгур, Мўминжон хўп баъмани йигитда. Отаси, бобоси ҳам маҳалланинг олди, зиёли кишиларидан эди.

– Онажон, оқсоқолнинг буваларини ҳам танийсизми, – ҳайратимни яширмадим.

– Албатта танийман-да, шу ерда туғилиб, шу ерда умрим ўтган бўлса. Маҳалламиздаги ҳар бир оила, ҳар бир киши билан ошно-оғайни, дўст-қадрдон бўлиб кетганмиз, – фахрланди онам. – Одамзот ўз қадрини аввало маҳалласидан топади.

Онам ҳақ. Ҳақиқатан ҳам миллий қадриятлар маскани бўлган маҳалла у ерда истиқомат қилаётган ҳар бир киши учун муқаддас даргоҳ, Ватан ичидаги мўъжаз ватандир. Эндигина атак-чечак қилиб дарвоза хатлаб ташқарига чиққан гўдак илк рағбатни маҳалласидан эшитади. Бувижони қўлидан ушлаб чопқиллаб-чопқиллаб боғчасига йўл оларкан, у қўни-қўшниларга қўлини кўксига қўйиб салом беради. «Баракалла тойчоқ» ёки «ақлли қизимдан ўргилай» деган дуолардан қувониб-қувониб бўйи билан баробар кўнгли чоғ ўсаверади. Ёқимтой, ғамхўр маҳалладошларига нисбатан кўнглида меҳр пайдо бўлади. Маҳалла унинг учун талабчан ота, жонсарак она ҳамдир. «Болам нега дарс пайтида ташқарида юрибсан, уят эмасми?», «Фалончихон, қиз болага бунақанги хо-холаб кулиш ярашмайди» каби илк танбеҳларни ҳам маҳалладоши айтади. Ўғил-қизлар эса бу ўгит замирида оталарча ғамхўрлик борлигини сезади. Бу ўгитларга амал қилишга, маҳалласи юзини ёруғ қиладиган фарзанд бўлишга интилади. Шу тариқа тарбияланиб боради. Унинг илк ютуғи, илк муваффақиятидан ҳам биринчи бўлиб маҳалладагилар севинади, фахрланади.

Эл нетиб топгай мениким,

Мен ўзимни топмасам….

Ҳазрат Навоийнинг ушбу ҳикмати ҳам маҳаллага қаратилгандай, гўё. Чунки инсон аввало, туғилган ерида азиз бўлсагина, бош­қа жойда ҳам қадрланади. «Ўзимизнинг полвон», «Ўзимиздан чиққан ёзувчи», «Бизнинг чемпион» бундай фахр, ифтихор ҳар бир инсон дилига масъулият юклайди. Бу ишончга муносиб бўлишга интилади.

Яна ўқинг:  Тўлов маданияти ҳам ватанпарварликдир

Эрта тонг дарвозадан чиқиб ишга отланар эканман, очиқ юзли қўшниларим, йўл-йўлакай учраган маҳалладошим билан жилмайиб сўрашаман. Улар кўзидаги хайрихоҳлик, «яхши бориб келинг», «йўлингиз бехатар бўлсин» каби икки оғиз илиқ сўз менга қанот беради. Кун бўйи яхши кайфиятда юраман. Шукрки, маҳаллам бор, деб қувонаман. Ўзимни, оиламни улардан айро тасаввур қила олмайман. Уй қурамизми, тўй қиламизми маҳаллага таянамиз. «Эл пуфласа, шамол туради», деганларидек биров бир арава ғишт, биров тўрт донагина хари, яна биров бир қоп цемент буларнинг бари иморат тиклаётган одам учун катта мадад.

Ҳай-ҳай, худди тўй, дейсиз. Қайсидир қўшни бир тоғора ош, яна бирови бир тандир нон ёпиб киргизади. Кўплашиб, ҳай-ҳайлашиб келин-куёвга уй битиб қолади. Тўйда ҳам, маъракада ҳам аканг, тоғанг, холангдан ҳам яқин бўлиб кетган маҳалладошинг мададкор. Ҳеч ким ҳолини кўрай демайди, аксинча уй замонавий қурилса, тўй тўкин-сочин ўтса, маҳалланинг обрўси деб ўйлайди. «Девор йиқилса, ичига йиқилсин» мақолига ҳам айнан маҳаллада амал қилинади. Ўғлидан ранжиган ота, қизини йўлга солишга қийналган она ҳам дардини оқсоқолга айтади, муаммо жойида хал бўлади. Келин ёки қудаси билан келишолмаган қайнона ҳам маҳалла маслаҳатчисига қулоқ солади. Маҳалласи мададига таянади. Чунки ўзбеклар меҳрни ҳам, қадрни ҳам маҳалласидан топади.

Бирор ютуққа эришса, «маҳалладагилар эшитса, қандай яхши бўларди», деб ўйласа, хатога йўл қўйса, «қанийди, маҳалла-кўйнинг қулоғига тушмаса, акс ҳолда нима деган одам бўламан», деб изтироб чекади. Чунки маҳалла чинакам тарбия ўчоғи.

«Мустақиллик йиллари маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойиб бормоқда. Шу билан бирга маҳалла ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда. Улар бугун ўзини ўзи бошқариш идораси, ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда», дейилади Юртбошимизнинг «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида. Бу фикрнинг нечоғлик тўғрилигини ўзим яшаётган Қибрай туманидаги Баҳор маҳалласи фаолиятида дил-дилдан ҳис қилиб турибман. Маҳалла оқсоқоли Мўминжон Ҳамидов раҳбарлигидаги фаоллар маҳалладаги 300та хонадон, уларда истиқомат қилаётган икки мингдан ортиқ аҳолининг турмуш тарзи, моддий ва маънавий аҳволини яхши билади. Ваколатларидан тўғри фойдаланиб, имкон даражасида улар холидан хабар олади. Мустақиллик арафасида маҳаллада яшовчи Шохида Норйигитовага даволаниши учун 2,5 миллион сўмлик маблағ ажратилди. «Булбулча» болалар боғчасига 500 минг сўмлик ўйинчоқлар совға қилинди. 50-мактаб ховлисига ичимлик суви олиб киришди. ҚВПнинг иккита хонаси таъмирлаб берилди. Кўчага электр сими ўтказилди. Яна бир кўчага асфальт ётқизилди. Маҳалла кундан-кунга ободонлаштирилмоқда, одамларнинг маънавий олами ҳам бойиб бормоқда. Ҳар ким ўз уйи, кўчаси, маҳалласи обод бўлиши учун астойдил интилмоқда.

Яна ўқинг:  Aждодлар ёди муқаддас

Имконияти қадар ўз истеъдоди, меҳнати билан маҳалласи, мамлакати кундан-кунга обод бўлишига ҳисса қўшишга интиляпти. Маҳалла меҳри маёқ бўлиб, уни янгиликларга, изланишларга ундаяпти.

Мен маҳалланинг кенг, равон кўчасидан бораётиб, ҳосилдан бош эгган олмазор, олхўризор боғларига ғурур билан тикилар эканман, икки дона олма кўтариб менга пешвоз чиққан маҳалладошимга жилмайиб боқаман. Лабларим беихтиёр «меҳрингдан айланай, маҳаллам», дея пичирлайди.

Муҳаббат МАҲМУДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: