Бағри обод сайлгоҳ
Пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган “Жангоҳ” спорт аренаси барпо этилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида спорт инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда, замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, улар зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Мазкур мажмуаларида ёшлар ўз қизиқишлари бўйича спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуаси томонидан Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида кенг кўламда қурилиш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг дам олиши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда.
Боғ ҳудудидаги турли аттракционлар, спорт майдончалари, миллий услубда қурилган “Тупроққўрғон қалъаси”, “Семурғ” болалар томошагоҳи, ҳайвонот бурчаги ва бошқа дам олиш масканлари қаторига “Жангоҳ” спорт аренаси қўшилгани бу борадаги ишларнинг узвий давомидир.
В.ПЎЛАТОВА