“ПАРВОЗ”ДА ТАЪТИЛ ЗАВҚИ
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 205-умумтаълим мактабида ёз мавсумида ташкил этилган “Парвоз” соғломлаштириш оромгоҳи биринчи мавсумда 135 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олган. Шўх-шодон болаларнинг ҳар бир куни қувноқ мусиқа садолари остида бадантарбия қилиш билан бошланади.
“Инглиз тили”, “Ёш рассомлар”, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Шахмат-шашка”, “Мусиқа”, “Моҳир қўллар”, “Волейбол”, “Стол тенниси” тўгаракларида болажонларнинг дам олиш вақтлари мазмунли ўтмоқда. Л. Ерушева бошчилигидаги Е. Юнусова, Н. Авакян, Х. Аҳмедова, Н. Қурбонова, Г. Пирназарова, С. Мирзакаримова, Г. Юлдашева, Х. Жонқобилова каби педагоглар жамоаси турли машғулотлар орқали болаларнинг билим ва меҳнат кўникмаларини оширишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Шифокор М. Ишонхўжаева ҳамда ҳамшира Л. Мирзажоновалар болажонларнинг саломатлигини мунтазам равишда назорат қилиб туришади.
Шунингдек, яқинда “Камалак” ташкилоти етакчилари томонидан ўтказилган “Оромгоҳнинг энг яхши гуруҳи” деб номланган мусобақа болаларга кўтаринки кайфият улашди. Чунки, улар ушбу мусобақа шартлари орқали асфальтга расм чизиш, спортнинг югуриш, шахмат-шашка, велоспорт ҳамда “Эртаклар – яхшиликка етаклар” мавзусида эртак қаҳрамонлари образларида ўз иқтидорларини намойиш этишга муваффақ бўлдилар. Айниқса, Ўзбекистон давлат цирки ҳамда Республика қўғирчоқ театри актёрларининг ташрифи болаларга олам-олам қувонч улашди.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири