Яширин иситманинг ошкор хусусиятлари

Бола кулгуси янграган ҳар бир хонадон – меҳр-муҳаббатга кон. Дунёга келаётган фарзанд жисмонан соғлом, бенуқсон, ҳар жиҳатдан тўкис бўлиб туғилса, бу нафақат ота-она ва оила аъзоларига, балки жамиятга ҳам туганмас бахт ҳамда шодлик келтиради. Ҳаётимиз қувончи, умримиз мазмуни бўлган болажонимиз ногоҳ хасталаниб қолса дунё кўзимизга қоронғу бўлиб кетади.

Сир эмаски ҳозирги шиддаткор давр билан бирга турли янги хасталиклар ҳам одимлаб бормоқда. Экологик бўҳронлар, тоза ичимлик суви танқислиги бугун ер юзида кўплаб муаммоларни жумладан, хасталикларни ҳам келтириб чиқараётгани ҳар биримизни ҳушёрликка чорламоқда. Субфебриль ҳарорат ёки яширин иситма билан кечаётган касаллик даври ҳар бир болада жуда ҳам мураккаб кечади. Хўш, нега шу иситмани ота-оналар ёки оиладаги ёши катталар дарров илғаб олишмайди? Уни фақатгина гўдакнинг юзи қизариши, ҳолсизланиши ҳамда дуч келган жойга ётиб олиши туфайлигина билиб оламиз. Кўпинча болада кечаётган субфебриль ҳарорат унча-мунчага сезилмай қолиши ҳам мумкин. Мазкур хасталикни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида Тошкент тиббиёт академияси 1-клиникаси педиатри, “Пульмонология” бўлими мудири Гулноза Юлдашева қуйидагиларни бизга сўзлаб берди.

– Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг бўлимимизда юқори ва қуйи нафас йўллари яллиғланиши, ўткир ҳамда қайталанувчи бронхит (бронхлар яллиғланиши), ўткир пневмония билан хасталанган 1 ёшдан 18 ёшгача бўлган беморлар даволанади. Даволаш ишларида академиянинг “Болалар касалликлари” кафедрасида фаолият юритаётган профессорлар, доцент, ассистентлар билан биргаликда малакали олий тоифали шифокорлар ҳамда ҳамширалар сидқидилдан хизмат қилишади. Асосий вазифамиз касалликларни даволаш билан бир қаторда болаларда учрайдиган турли хасталикларнинг олдини олиш, уларни соғломлаштириш, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида тарғибот ишларини олиб боришдир. Бола туғилганидан кейин уни она сути билан боқиш муҳим аҳамиятга эга. Она сути таркибида зарур бўлган витаминлар ва макро ҳамда микро минерал моддалар, ёғлар ва углеводлар мавжуд. Савдо шохобчаларида эмизикли болалар учун турли сунъий озуқалар кўп бўлишига қарамасдан она сутини ҳеч бир озуқа билан алмаштириб бўлмайди. Бундан ташқари она сути болани турли хил касалликлардан асровчи иммун омилларни ўз ичига олади. Кўкрак сутининг ҳарорати ҳам чақалоқнинг овқат ҳазм қилишини енгиллаштиради. Болани кўкрак сути билан боқаётган оналар тўйиб ухлаши, сифатли овқатланиши, айниқса, мева-сабзавотлар, сутли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиши мақсадга мувофиқдир. Эмизикли гўдаги бор оналар мунтазам равишда очиқ ҳавода сайр қилиши лозим. Ушбу шартларнинг бажарилиши болага зарур миқдордаги сутни етказиб бериш имконини беради.

Яна ўқинг:  Umrga tatigulik hayot sabog‘i

Болада қай пайтда яширин иситма вужудга келади? Албатта иммунитети паст болада шундай ҳолат юзага келиши тайин. Бундан ташқари бола илгари турли хил юқумли касалликлар билан хасталанган бўлиб уни тўлиқ даволамаслик оқибатида ҳам яширин иситма вужудга келади. Бунда боланинг ҳолсизланиши ёки юзларининг қизил тусга кириши ҳамда камҳаракатлик сезилади. Бундай вақтда ота-она болани ўзбошимчалик билан даволашга киришиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Боланинг иммунитети паст бўлса, уни нормал ҳолатга келтириш учун нималарга аҳамият бериш лозим? Турли хил юқумли касалликларни бошидан ўтказган болаларда ҳамда организм учун керакли бўлган моддалардан оқсил, углевод, ёғларнинг етишмаслиги оқибатида иммун тизими фаолияти пасайиши кузатилади. Бунинг оқибатида болалар турли хасталикларга тез-тез чалинади. Бундай ҳолларда болани сифатли ва тўйимли овқатлантириш, очиқ ҳавода сайр эттириш, витамин ва минералларга бой мева-сабзавотларни истеъмол қилишини назорат этиш ҳамда фитотерапия (турли доривор гиёҳлардан ва қуритилган мева ҳамда реза мевалардан тайёрланган шарбатлар)дан фойдаланиш яхши натижа беради. Юқумли касалликларнинг тарқалиши ва уларнинг олдини олишда чақалоқлар ва 2 ёшгача бўлган болаларни ўз вақтида эмлатиш катта аҳамиятга эга.

Кўпинча ота-оналар бола грипп ёки ЎРВИ (ўткир респираторли инфекциялар) ва яна шу каби турли юқумли касалликлар билан оғриса ўзбилармонлик билан дорихонадан турли хил дорилар, антибиотиклар харид қилиб даволашга ҳаракат қилишади. Бу ҳолат жуда нотўғридир. Чунки, хасталикни даволайман деб яна бир касалликка кенг йўл очишингиз мумкин. Шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинган ва пала-партиш қўлланилган дори воситалари фақат зарар етказади, холос.

“Болалар касалликлари” кафедрасида клиник ординаторлар Дилноза Саматова, Наргиза Каримова, Мўътабар Мардиева, малакали шифокорлар билан бир қаторда Саодат Расулова, Шоира Йўлчиева, Маҳфуза Исҳоқова, Нафиса Абдуллаева, Дилдора Акбарова сингари қўли енгил ҳамширалар ҳам меҳнат қилишади. Уларнинг барчаси беморлар бошида туну кун парвона бўлиб, уларнинг соғайиб ҳаётга қайтиши учун сидқидилдан хизмат қилишмоқда.

Дарҳақиқат, тоза ва саранжом-саришта, озода ҳамда барча қулайликларга эга шифохонада беморларнинг қай бири билан суҳбатлашманг уларнинг яратилган шароитлардан мамнунлигини билиб оласиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: