Шогирдларим ютуғи

қалбимда фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади, – дейди спорт мураббийи, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби

Розия Абунасова.

– Олдинги машғулотда ўтган машқларимизни ким кўрсатиб беради, – майин оҳангда сўрайди мураббий шогирдларидан. Шўх-шодон болалар қўлларини кўтарганча “мен-мен”, дея бир-бирига гал бермай олдинга интилишади. – Ҳаммангиз вазифани яхши ўзлаштирганингиздан хурсандман, қани навбати билан бошладик, – дейди устоз уларни тинчлантирар экан, мамнун оҳангда.

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, бадиий гимнастика бўйича ёшлар мураббийи, фидойи устоз Розия Абунасованинг ҳар бир куни ана шундай қувончли, ширин ташвишлар билан ўтади. Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги 19-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қатор йиллардан бери мураббийлик қилиб келаётган бу опани кўпчилик ҳурмат билан тилга олади. Илк меҳнат фаолиятини “Ёш куч” спорт жамиятида бошлаган Р.Абунасова вилоятда болалар спортини ривожлантиришдек масъулиятли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бухоро Давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетини тамомлаган Розия ўз устида мустақил ишлаб, олган билимларини амалиётда янада мустаҳкамлади.

Пешку туманидаги 19-сонли БЎСМга спорт мураббийи сифатида ишга қабул қилинган Р.Абунасова бадиий гимнастика бўйича қизларга сабоқ беришни бошлади. 2004 йилда Бадиий гимнастика бўйича вилоят мусобақасида иштирок этган спортчи қизалоқларнинг ғалабасидан сўнг кўпчилик ота-оналар фарзандларини спорт билан шуғуллантириш мақсадида унга мурожаат этишди.

– Шогирдларимнинг вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этаётганларини кўриб фахрланаман ва уларнинг ютуқлари менга куч бағишлайди, – дейди Розия Абунасова. – Шогирдларимдан бири Баҳринисо Эргашева Бухоро шаҳар терма жамоаси аъзоси бўлди. У ҳозирда Олимпия заҳиралари коллежида ўқияпти. 2012 йилда шогирдим “Спорт устаси” бўлди. 2013 йилда Самарқандда спорт коллежлари ўртасида ўтказилган республика мусобақасида 1-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, 2014 йилда ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида 5-7-синф ўқувчилари 2-ўринни эгаллаган бўлса, 8-9 синфлар ўртасидаги мусобақаларда Пешку тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Бадиий гимнастика бўйича 2000 йилда туғилган қизлар ўртасида бўлиб ўтган яккалик беллашувларида эса Мастура Ортиқова ҳамда Ситора Қиличеванинг 1-ўринни эгаллагани ота-оналар билан бир қаторда менга ҳам қувонч бағишлади.

Р.Абунасова соат 8.00 да Пешку туманидаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига бадиий гимнастика сирларини ўргатади. Бугунги кунда 200 нафарга яқин қизалоққа ушбу спорт турини ўргатиб келаётган мураббия ота-оналарга ўғил болаларни ҳам спорт гимнастикасига жалб этиш ҳақида таклиф киритди. Бу, албатта, ўғил болаларнинг жисмонан соғлом бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Шу кунгача унинг қўл остида шуғулланаётган ўғил болаларнинг сони 150 нафарга етган.

Яна ўқинг:  ФАВВОРАЛАР фаровонлик тимсоли

Қатор йиллардан бери ўз ишига сидқидилдан меҳр қўйиб фаолият юритиб келаётган Р.Абунасованинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони ҳамда 2011 йилда II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Бугунги кунда бу жонкуяр мураббий ўғил болалар ўртасида спорт гимнастикаси ҳамда қизлар ўртасида бадиий гимнастикани янада кенгроқ ривожлантириш мақсадида гимнастика хонасини спорт инвентарлари билан қайта жиҳозламоқда. Унинг улкан эзгу ишларни амалга оширишида БЎСМ ҳамда МТМлар раҳбарлари ва ота-оналар яқин кўмакдош бўлмоқда.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: