ДУНЁ КЕНГ, АММО УНИ ХАСТАЛИК КЎЗГА ТОР ҚИЛАДИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълумотига кўра бир кунда дунё бўйича 7000, бир соатда 300 нафар инсон ОИВ инфециясини юқтирар экан. Ушбу муаммо дунё тиббиёти ва халқ хўжалиги олдида турган долзарб масалалардан бири бўлиб, жаҳонда мазкур инфекция билан яшовчилар 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 35 миллион нафар кишини ташкил этади. ОИВ ҳам бошқа юқумли касалликлар сингари чегара билмаслиги, миллат, ирқ, жинс ва ёш танламаслиги билан эпидемик аҳамиятга эга бўлиб, олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамасдан бизнинг республикамизни, жумладан, Тошкент шаҳри аҳолисини ҳам четлаб ўтмаяпти.

“САЁҚ ЮРСАНГ, ТАЁҚ ЕЙСАН

Бу инфекциянинг тарқалишида салбий хулқ-атворли фуқаролар (гиёҳванд моддаларни инъекция йўли билан томир ичига қабул қилувчилар, енгилтабиат аёллар) мавжудлиги билан бир қаторда глобал миграция(дунё миқёсида фуқароларнинг бир давлатдан иккинчисига кўчиб юриши ёки ўқиш, иш учун вақтинча бориши) жараёни ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ҳар бир ота-она фарзанди балоғат даврига етганида унга алоҳида эътибор бериши зарур. Яъни, ўғил бола билан ота, қиз бола билан эса она суҳбатлашиб уларга балоғат давридаги ўзгаришлар ҳамда жинсий йўллар билан юқувчи касалликлар хусусида қисқача маълумот бериши даркор. Бир сўз билан айтганда ўсмирларга оила муқаддаслиги ҳақида тушунтиришлари ота-она учун ҳам фарз, ҳам қарз.

ОИВ ВА ОИТСНИНГ ФАРҚИ ҚАНДАЙ?

Биз сиз билан ОИВ/ОИТС тўғрисида гаплашаётган эканмиз, Сизда “ОИВ/ОИТС нима ўзи, булар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади” деган савол туғилиши аниқ! Келинг, шу саволга қисқача жавоб бериб, унинг тарихига ҳам бир назар ташлаб ўтайлик.

ОИВ – бу одам организмидаги иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи вирус, бу инфекция юққанлиги оқибатида келиб чиқадиган сурункали юқумли касаллик.

ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми – касалликнинг ўзига хос белгилари шаклланган даври, терминал (сўнгги) босқичи.

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини 1983-йилда бир вақтнинг ўзида парижлик профессор Люк Мантанье ОИТС касаллиги билан хасталанган беморнинг лимфа безидан ва америкалик олим Роберт Галло бемор қонининг лимфоцит ҳужайраларидан топишган. Бу вирус 1985 йилда ЖССТ томонидан, одамнинг иммунитет танқислиги вируси, деб номланган.

ХАСТАЛИК МАНБАИ – БЕМОР ОДАМ

Яна ўқинг:  Эрта никоҳ – хатарли ришта

Касаллик манбаи – ОИВни юқтирган шахс ҳисобланади. ОИВ кўп миқдорда уни юқтирган шахснинг қон тўқималарида ҳамда беморларнинг қин ва шаҳват суюқлигида, бемор ва эмизикли аёлларнинг кўкрак сутида учрайди. Сўлак, тер, бурундан оққан суюқлик, балғам, кўз ёши, пешоб, нажас ва қусуқ моддалари (таркибида қон сақламаса) эса эпидемиологик нуқтаи назардан хавфли ҳисобланмайди.

ДАРДНИ ЯШИРСАНГ…

ОИВ қуйидаги йўллар орқали юқади:

– Яъни, жинсий алоқа йўли, парентерал (тери бутунлигининг бузилиши билан бажариладиган нотиббий ва тиббий муолажалар) йўл, вертикал (ОИВ инфекцияли онадан болага юқиши) йўли билан ҳам касални юқтириб олиш мумкин.

Қуйидаги суюқликлар орқали ОИВ юқиш хавфи паст бўлади:

Орқа мия суюқлиги, ўпка ва қорин бўшлиғи, юрак мушаклари оралиқ суюқликлари каби суюқликлар.

ОИВ қуйидаги ҳолларда юқмайди:

ОИВ бемор билан қўл бериб кўришганда, умумий идиш-товоқлардан, сочиқ, кийим-кечак ва ўрин-кўрпа жилдларидан, бассейн ва бошқа чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланилганда, аксирганда ҳамда йўталганда юқмайди.

НИКОҲГАЧА ТИББИЙ КЎРИК – ЎЗ-ЎЗИНИ ЖАЗОЛАШДАН АСРАЙДИ

Бу инфекциянинг аҳоли ўртасида юқишининг олдини олишда республикада, жумладан, Тошкент шаҳрида ҳукуматимиз томонидан чиқарилган меъёрий ҳужжатларга асосланиб, кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнда ёшларнинг соғлом оила қуриши, баркамол авлодни дунёга келтириш, соғлом авлод – келажак пойдевори каби тамойилларга катта эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003-йилдан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори асосида мустақил ҳаётга қадам қўяётган келин-куёвлар, 55 ёшгача бўлган никоҳланувчилар юз фоиз тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилган 29 минг нафардан зиёд никоҳланувчи ОИВга текширилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тадбирлар ўтказилган.

ОНАДАН БОЛАГА ЮҚМАСЛИГИ УЧУН…

Ўзбекистон Президентининг 2014 йилдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги 2221-сонли қарори асосида тиббиёт муассасаларига мурожаат этган ва ҳомиладорлик билан ҳисобга олинган ҳар бир аёлни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ОИВ инфекциясига лаборатория усулида текшириш ишлари қатъий назорат остига олинган бўлиб, шу давргача 30 минг нафарга яқин ҳомиладор аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар самараси ўлароқ республикада ва Тошкент шаҳрида ОИВнинг онадан болага юқиш ҳолатларининг олди олинмоқда.

Яна ўқинг:  АНТИКАНЦЕРОГЕН ПАРҲЕЗ

МИГРАЦИЯ ҲАМ КАСАЛЛИК ЮҚИШИГА САБАБМИ?

Тошкент шаҳрида ва бутун республикада ОИВ инфекцияси эпидемияси концентрланган босқичда бўлиб, бу жараённинг ўзгаришида аҳолининг глобал миграцияси ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан 2013 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси мажлисининг 165-сонли баёни асосида меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ профилактикаси бўйича тадбирлар кучайтирилиб, уларни ушбу инфекцияга текшириш ишларига катта эътибор қаратилди. Агар икки минг нафарга яқин мигрант ОИВга текширилган бўлса, жорий йилнинг шу давригача уч минг нафарга яқин чет элга ишлаш ё ўқиш учун кетган фуқаролар тиббий кўрик билан қамраб олинди ва уларни лаборатория усулида текширув ишлари 49 фоизга кўтарилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича манзилли тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминлаб келинмоқда.

Венера БАРОТОВА,

Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: