САЙЛОВ КИМ ТОМОНИДАН ЎТКАЗИЛАДИ?

Биринчи марта овоз бераётган биз ёшлар учун сайлов ким томонидан ўтказилиши қизиқарли. Бу ҳақида маълумот берсангиз.

Гулжамол Мардонова,

Қарши шаҳри

Демократик жамиятнинг асоси сайловлар ҳисобланади. Демократиянинг ўзи нима дейишингиз мумкин? Бу халқ ҳокимиятчилиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимидир. Ўзбекистон Республикасининг Конститутциясининг 7-моддасида белгиланганидек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Демократик давлатда халқ ўз вакилини сайловда сайлайди. Ҳар қандай сайлов тизимининг асосий вазифаси сайлов жараёнларини имкон қадар очиқ ўтказиш ва унда мутлақо холисликни таъминлашдан иборатдир. Сайловлар кўпчилик хоҳиш-иродасини шакллантириш ва қарама-қаршиликларни демократик ҳал этишнинг тўлақонли механизми ҳисобланади.Шунинг учун мамлакатимизда сайловларни ўтказувчи мустақил ташкилот – Марказий сайлов комиссияси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасида сайловларни ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди. Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тузилади.

Тошкентда шу йилнинг 11сентябръ куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисми ва “Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида – 2014 йил 21 декабрда ўтказилиши белгиланди ва 15 сентябрдан сайлов кампанияси бошланиши тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловларни ўтказувчи сайлов округларини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида тузади. Марказий сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатларини, сайловчилар сони ҳамда округ сайлов коммисиялари қаерда жойлашганлигини кўрсатган ҳолда сайловга камида етмиш беш кун қолганида эълон қилади. Марказий сайлов комиссиясининг сайлов округларини тузиш тўғрисидаги қарори 2014 йил 27 сентябргача округлар тузиш бўйича тақдимномалар киритилиши белгиланди. 2014 йил 7 октябрга қадар матбуотда эълон қилиниши тавсия этилди. Мамлакатимизда 135 та сайлов округи тузилиши эълон қилинди.

Округ сайлов комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Округ сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида 6-8 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Яна ўқинг:  Boylikning boshi sog‘liq

Участка сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тегишли округ сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 аъзодан, шу жумладан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котибидан иборат таркибда тузилади.

Ушбу сиёсий тадбирнинг муваффақияти кўпроқ ушбу комиссияларнинг фаол фаолиятига боғлиқ.

Жамила СОТИБОЛДИЕВА,

ҳуқуқшунос

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: