Ижтимоий тармоқлар: муаммонинг ечими нимада?

Ижтимоий тармоқлар ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг ёшлар онгига таъсири ҳақида тўхталмай иложимиз йўқ. Зеро, йилдан-йилга улардан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқ аъзоларининг ўртача ёши 14–21 ёшни ташкил этади. Рақамлардан кўриниб турибдики, айни ўқиш давридаги айрим ўсмир-ёшлар бўш вақтини турли бўлмағур нарсаларга сарф этиб, ўз келажакларини хавф остига қўймоқда. Энг ачинарлиси, тармоқ орқали маълумот алмашаётган ёшлар ёт ва нотўғри ахборотларни қабул қилиш орқали ёмон ниятли инсонлар тузоғига тушиб қолмоқда.

Яна бир гап: ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган ёшларнинг аксарияти маълумот алмашиш жараёнида оддий тил меъёрларига риоя этмайди. “Бу шунчаки ёзишмаларнинг замонавий кўриниши, шунга шунчами” дерсиз. Гап миллатнинг ўзлиги ҳақида кетаркан, бу масалага шунчаки кўз юмиб бўлмайди.

Ёдимда, ўқувчилик даврида она тили дарсида ёзма ишни интизорлик билан кутардик. Синфдошларим билан “ким кам хато ёзади”, дея ўтказган мусобақаларимизнинг ўзгача гашти бор эди. Хатоларимиз устида ишлаш қийин бўлса-да, бунинг ортида ғурур ва шаънимиз туришини дилдан ҳис этардик. Шунинг учун топшириқни бехато ёзишга уринардик.

Маълумки, бугунги кунда ёшларимиз орасида андроид тизимида ишловчи смартфонлар урфга кирган. Чунки, мазкур смартфонлар айнан ижтимоий тармоқларда ишлашни осонлаштириш учун яратилган. Биз бир нарсани тушунишиб олмоғимиз лозим. Фарзандимизни қўл телефони орқали интернетдан фойдаланишини чеклаш ёки тақиқлаш орқали муаммони буткул ҳал эта олмаймиз. Аксинча, бу орқали масалани янада мураккаблаштиришимиз ҳеч гап эмас. Шундай экан, ёшларга “интернетда ишлаш одоби”ни ўргатиш керак бўлади. Зеро, фарзандларимизни замон руҳига мос, шу билан бирга, миллий урф-одат ва анъаналаримизга содиқ руҳда тарбиялаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Майна ҲАСАНОВА

Яна ўқинг:  Тарбиядаги хато – келажак заволи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: