МЎЪЖИЗА ЯРАТАЁТГАН ҚЎЛЛАР

Хосият Мирзалиеванинг юмуши бир қарашда содда ва оддий туюлса ҳам, у эгаллаётган ҳунар тамоман қўл меҳнатига асосланади. Ва у ўз меҳнати, интилишлари ортидан кўпгина ютуқларга эришди. Маҳаллада, тенгдошлари орасида, санъат ихлосмандлари ичида танилди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида туғилган санъатсевар қиз амалий санъатнинг мунчоқ безаги йўналишида ижод қилади.

Бу санъатнинг устаси бўлишда мунчоқнинг чиройи камдек. Айтайлик, бунда гўзалликнинг нозик пардаларини ҳис этиш, кутилмаган манзаралар ярата олиш маҳорати керакдек, чамамда.

Бу ҳунар қаҳрамонимизни болалигидаёқ ҳайратга солар эди. Бир кун келиб у ўзидаги хоҳишни кучли истакка, истакнинг эса ҳунарга айланишини кутмаган бўлса, не ажаб.

Хосият дастлаб Наврўз байрами муносабати билан туман миқёсида ўтказилиб келинадиган танловларда қатнашди. Ўша йиллари у қўл меҳнати йўналиши бўйича ўтказилган кўргазмада 1-ўрин соҳибаси бўлди. Бу унинг биринчи ютуғи эди. Ушбу эътироф қалбида санъатга бўлган муҳаббати аланга ололмай турган қизчага катта иштиёқ бахш этди. Кейинчалик у мактабда ўтказиладиган “Ҳосил байрами” кўргазмасида муваффақиятли қатнашди, туманда ўтказилган “Камалак-2010” танловида 1-ўринга лойиқ топилди. Ўша йили “Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказилган “Қўли гул тикувчи” йўналишидаги ғолиблик ҳам айнан Хосиятга насиб этди.

2011 йил шаҳар миқёсида ўтказилган “Ягонасан, муқаддас Ватан” танловида ҳам унинг омади келди.

Хосият Мирзалиеванинг республика кўрик-танловларидаги иштироки унинг ижодий имкониятларини тоблади. Хусусан, 2012 йил Бухорода ўтказилган “Жилвадор ёғдулар”, 2013 йил Жиззах вилоятида бўлиб ўтган “Ёш дизайнер” кўрик-танловларида унинг ижоди алоҳида эътироф этилди ҳамда биринчи даражали диплом билан тақдирланди.

Бу ютуқлар ҳозирда Республика рассомчилик коллежида таҳсил олаётган қизнинг ҳаётидан бир лавҳа. Ҳали олдинда қўлга киритилмаган марралар, яратилиши режалаштирилган санъат асарлари, эътибору эътирофлар…

Аслини олганда, инсонлар учун аҳамиятсиздек кўринган ҳар бир машғулотни муҳим аҳамиятга сазовор қилиш мумкин. Ўйлаб кўринг, дарё соҳилларида минглаб митти чиғаноқлар тартибсиз сочилиб ётади. Улар ҳеч кимнинг эътиборини ўзига жалб этмайди. Аммо уларни саралаб, бир тизгинга солсангиз ёки бирор буюмни безашда фойдалансангиз чиғаноқларнинг асл гўзаллиги кўзга ташланади.

Хосият ҳам ана шу йўлдан боради. Биз ҳайратланмайдиган буюмларни шундай усталик билан безатадики, санътига беихтиёр тасаннолар айтасиз. Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди:

Яна ўқинг:  Мақсад йўлларида толиб бўлмайди

– Асл мўъжизалар оддийликда содир бўлиши ҳақида эшитган эдим. Буюмнинг баҳосини унинг безаги ошириши, шубҳасиз. Агар матога олтин суви билан нақш битсангизу, у қалб қўри билан чизилмаган бўлса – фойдасиз. Ҳар йили юзлаб сайёҳлар мамлакатимизнинг тарихий қадамжоларига ташриф буюради. Бунга асл сабаб осори атиқаларимизнинг юксак санъат ва савия билан яратилганлигидир. Айниқса, улардаги шарқона оҳанглар ва нақшлар киши хаёлотига ўзгача сокинлик ва илиқлик олиб киради. Мен миллий матоларимизда табиатнинг энг гўзал ва соф чизгиларини тасвирлашга ҳаракат қиламан. Анор, бодом каби дарахтларнинг гулларига ҳеч эътибор берганмисиз. Улар жуда нафис бўлади. Ўтмишда уларга тинчлик, фаровонлик рамзи сифатида қарашган. Уларни матоларда акс эттирар эканман, унинг замирида тинчлик, оила аталмиш муқаддас қўрғонни акс эттиришга ҳаракат қиламан.

Хосиятнинг санъати ҳақида яна кўп илиқ сўзлар айтиш мумкин. Ҳатто, жорий йилда Олмазор туманида ўтказилган “Маҳалланинг энг ораста қизлари” кўрик-танловида унинг ташаккурнома билан тақдирланиши ҳам бежиз эмас. Энг муҳими, бир юрак ва бу қўллар ўз истакларини бажариш йўлида тиним билмай меҳнат қилмоқда.

Муяссар ЖУМАМУРОДОВА,

ЎзМУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: