ОРАСТА ХОНАДОН БЕКАСИ ЁКИ РЎЗҒОР ТУТУМИ ҲАМ БИР САНЪАТ

Эрта тонг. Ҳовлида янги тушган келин кўча супурмоқда. Кейин эса у уй йиғиштириш, ҳамма тургунча чой тайёрлашни режалаштирган. Одатдагидек оила аъзолари дастурхон атрофига нонушта учун жамулжам бўлишди. Пазанда келинининг қўлидан чой ичиб ўтирган қайнона унинг қилган ишларини зимдан кузатди.

Ўзининг ҳам бир пайтлар ёш келин бўлгани эсига тушиб кетди. Қайнонаси ҳам унга аста-секинлик билан ҳамма ишларни, рўзғор тутишни янги хонадонга мослашгунча ўргатганди. Ўйлаб қараса энди келинларга бу тутумни ўргатиш навбати унинг ўзига келибди. Қайнона аслида табиатан саранжом-саришта ва тозаликни севувчи аёл. Ўзи оқкўнгил, ҳаммага яхшиликни раво кўрувчи бўлганлиги сабабли қўни-қўшниларининг олдида ҳурмати баланд. Унинг рўзғор тутишига ҳамма ҳавас қиларди. Ҳатто-ки, бир пайтлар ҳамшира бўлиб ишлаган жойида ҳам озодалиги, меҳнаткашлиги билан ҳамкасбларининг меҳрини қозонган эди. У эрта тонгда туриб, ҳовлини супурар, сигирни соғиб, иссиқ нон ёпиб, болаларини уйғотарди. Кейин эса ҳар сафаргидек ишга отланарди. Болалар онаси ишдан келгунча мактабга бориб-келиб, буюриб кетган ишларни бажариб ўтиришар эди. Бир куни тўсатдан уйга қайнонанинг ҳамкасблари меҳмон бўлиб келишди. Уйнинг тоза ва орасталигини кўриб, улар лол бўлганча «Бу уйда болаларни катта қилганмисиз ўзи, ёки болаларингиз қўшниникида ўтиришадими?» деб ҳазиллашишган. Азизахон ая оғир-босиқ ва ҳамма билан тез тил топиша оладиган меҳнаткаш аёл бўлганлиги учун ҳам атрофдагиларнинг меҳрини тез қозонади.

Энди эса қайнона янги тушган келинга ўргатиш, унга қаттиқ гапирмасдан тушунтириш кераклигини яхши билади. Ҳозирча келини қилган ишларидан унинг салгина кўнгли тўлмайроқ турибди. Келинпошша ҳовлини супуриб супургини жойига қўймапти. Аллақачон ҳамма чой ичиб бўлган бўлса ҳам дастурхон ҳали очиқ турибди. Келин эса бошқа иш билан овора. Буларни кўриб у дарров келинини олдига чақириб насиҳат қилди: «Қизим ҳали янги келинсиз биламан, лекин айтиб қўяй бу менинг вазифам. Супурги жойида тик ҳолда қолиб кетган. Супуриб бўлгач, омборхонага олиб бориб қўйишингиз керак. Бўлмаса бехосият бўлади. Дастурхон ҳалиям очиқ ҳолда турибди. Дарров бошқа иш қилмасдан олдин дастурхонни йиғиштириб олишингиз зарур. Чунки, уйимиздан барака учади. Яна очиқ-сочиқ ётган дастурхонга чанг-ғубор ёки пашшалар қўнади». Азизахон ая узоқ мулоҳаза қилиб, келиннинг кўнглига ботмайдиган оҳангда меҳрибонлик билан яна шундай деди: «Кейин яна бир насиҳатим сизга, ўзингизга доимо оро бериб юринг. Тоза ва ораста бўлинг. Уйингизни озода сақланг, бирорта ғубор қолмасин, эрингизни кийимини тоза тутинг. Меҳрли бўлинг, ана шунда ҳамманинг сизга ҳурмати ошади. Уйингиз файз-баракага тўлади. Шунинг учун қизим гапларимни қулоғингизга қуйиб олинг. Шунда ҳеч кимдан кам бўлмайсиз. Сиздан мен ҳам хурсанд бўлиб юраман. Мен озодаликни хуш кўраман. Доимо уйни тоза сақласангиз, гулларни ўстириб, уларни меҳр билан парвариш қилсангиз, мен учун энг катта ишни амалга оширган бўласиз. Сиздан доимо рози бўламан».

Яна ўқинг:  KITOB YO‘LI

Келин эса ойижонисининг насиҳатини қулоғига илиб, чаққон келин бўлишга ҳаракат қилади.

Тўғрисини айтганда озодалик туман бойлик келтиради. Кўнглимиз чароғон бўлиб, қилаётган ишларимизда барака бўлади. Зеро, меҳнатсеварлик кишига доимо яхши кайфият бағишлайди.

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: