АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ – ТУРМУШ ОБОДЛИГИ
Юртимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бу борада тиббий хизмат сифати ҳамда самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом авлодни шакллантириш борасида тиббиёт муассасаларида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисидаги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 25 августдаги мажлис баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” фонди Тиббий-ижтимоий маркази томонидан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани “Ғалаба” маҳалласида тиббий кўрик ўтказилди.
Маҳалладаги 71 нафар аёл (шундан 31 нафари туғиш ёшида ва 40 нафари кекса аёллар), 35 нафар бола, 2 нафар эркак тиббий кўрикдан ўтказилди. 30 нафар эҳтиёжманд фуқарога хайрия асосида дори-дармонлар тарқатилди. Бундан ташқари, маҳалла маслаҳатчиси, участка шифокори билан ҳамкорликда 3 нафар – Абрўй Турсунов I гуруҳ ногирони, Нина Омелченко, Тамара Бойлиева каби якка-ёлғиз ва ногирон қарияларнинг аҳволидан хабар олиниб, манзилли ёрдам кўрсатилди.
“Ғалаба” маҳалла идорасида “Саломатлик” бурчаги ташкил қилиниб, фонднинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан келишилган турли мавзулардаги буклет ва тарқатма материаллари жойлаштирилди. Шунингдек, тиббий кўрик давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, замонавий контрацепция воситалари ва улардан тўғри фойдаланиш тўғрисида маърузалар ўқилди.
Мазкур кўрикдан кўзланган мақсад мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдан иборат.
Адҳам УСМОНОВ