Ватанни севмоқ – олий саодат

5 май – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари таъсис этилган кун

Ватанни севмоқ. Бу туйғу боламизга берилаётган меҳрда, оиламизга улашилаётган бахтда, яқинларимизга кўрсатилаётган эътиборда ўз ифодасини топиб келмоқда. Орамизда шундай инсонлар борки, улар қалбида бу ҳис янада гўзал, ҳаққоний, чуқур акс этган. Бундай одамларни эл-юрт дарди, ташвиши билан яшайди, деймиз. Улар хоҳ ўқитувчи, хоҳ шифокор, хоҳ деҳқон, хоҳ ижодкор бўлсин бетиним меҳнат қилмоқда, мамлакатимиз равнақи йўлида бор кучи, иқтидорини сарфламоқда.

Ана шундай ватандошларимиз меҳнати халқимиз ва давлатимизнинг доимий эътиборида. Улар кўксини безаётган «Олтин юлдуз» медали, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари олий даражадаги рағбатнинг асл тимсолларидир.

2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу олий мукофотларнинг таъсис этилганига 23 йил тўлди.

Бу юксак мукофотларга Ўзбекистон Республикаси парламентининг 1994 йил 5-6 май кунлари бўлиб ўтган сессиясида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар асосида тамал тоши қўйилган.

Йилдан-йилга мамлакатимизнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига эга бўлаётган ватандошларимиз сафи кўпаймоқда.

Бу унвон билан тақдирланган шахсга “Олтин юлдуз” медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат Ўзбекистон Президенти томонидан ёки Президент номидан тантанали вазиятда топширилади.

Истиқлол йилларида Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли номга ўнлаб юртдошларимиз сазовор бўлди. Истиқлолимизнинг 25 йиллиги арафасида Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун яна бир гуруҳ юртдошларимиз ушбу юксак мукофот билан тақдирланди.

Булар “Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази” акциядорлик жамияти директори Равшанбек Қурбонов, Боғот туманидаги “Боғот” фермер хўжалиги бошлиғи Шарипбой Ражабов, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг капитал қурилиш дирекцияси бошлиғининг ўринбосари – Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл қурилиши бошлиғи Эркин Умматов ва Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Муҳаббат Шароповадир.

Тонг чоғи озода ва кўркам кўчаларни тўлдириб кетаётган юртдошларимиз – фарзандларини боғча, мактабга етаклаган ота-оналар, ўқиш ва ишга шошаётган ёшларга кўзимиз тушади. Улар чеҳрасида эртанги кунга ишонч, ҳаётидан мамнунлик ифодаси яққол сезилади. Юз-кўзимизнинг кўрки бўлган бу ифоданинг мусаввири мамлакатимиз мустақиллигидир. У борки, жаҳонда тенглар ичра тенгмиз, ўз ўрнимиз, ўз сўзимиз, ўз тутумимизга эгамиз. Бу неъмат бизга фаровон ва тинч ҳаётни инъом этмоқда, ўз истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этишимиз учун кенг шарт-шароит яратмоқда.

Яна ўқинг:  Аждодларни ёд этиб

Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Мустақиллик” номи билан аталишида ана шу теран маъно мужассам. Бу орден билан мустақил ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва уни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга улкан ҳисса қўшган инсонлар тақдирланади. Ушбу мукофот Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликларига ҳам берилиши мумкин.

Биринчи Президентимизнинг фармони билан Ватанимиз пойтахти – Тошкент шаҳри миллий давлатчиликни шакллантириш, мустақил ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, эзгу анъаналарни сақлаш, маданий, маънавий-маърифий ҳаётимизни юксалтириш борасидаги улкан хизматлари учун “Мустақиллик” ордени билан мукофотланган.

“Дўстлик” ордени юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳамкорлигини ривожлантириш ишида катта ютуқларга эришган инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида таъсис этилган.

Бу мукофот мамлакатимиз фуқароларига, шунингдек, фуқаро бўлмаган шахсларга ҳам берилади.

Ўтган йилларда унинг соҳибига айланганлар сафида нафақат юртдошларимиз, айни пайтда бошқа мамлакатлар фуқаролари, хорижий элчихона ва ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳам борлиги ушбу мукофотнинг юксак нуфузидан далолат беради.

Япониялик археолог олим Като Кюдзо ҳам ана шундай юксак мукофотнинг эгаси эди. Унинг узоқ йиллар Сурхон воҳасининг маданий-тарихий ёдгорликларида олиб борган кўп йиллик изланишлари ҳудуднинг бой ўтмиши, жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ва маданий-маънавий меросимизни дунёга янада кенг танитишга хизмат қилди.

“…Мен Японияда туғилган бўлсам-да, Ўзбекистонни ўз Ватаним деб биламан. Шу муқаддас юртнинг фахрий фуқароси эканимдан ғурурланаман. Президент Ислом Каримов менинг камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб «Дўстлик» ордени билан мукофотлаган. Бу қалбимга чексиз ифтихор бағишлайди. Умримнинг асосий қисми шу юртда ўтганидан бахтиёрман”, деган эди қадимшунос олим 2014 йили Самарқандда ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференцияда журналистлар билан суҳбатда.

Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз мустаҳкамлиги, ҳаётимиз осойишталиги олий бахтимиз. Миллий армиямиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ана шу бахтнинг ҳақиқий посбонларидир. Мардлик ва фидойилик кўрсатган инсонларнинг Ватан олдидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган жасоратлари учун кўплаб юртдошларимиз “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  ЮРТИМИЗДА ЯНА БИР ЙИРИК СПОРТ БАЙРАМИ

Ватанимиз дунё тамаддунини тебратган маърифат бешикларидан бири. Аждодларимизнинг илм-фан, маданият каби кўплаб соҳаларда қўлга киритган ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Эътиборлиси, кейинги йилларда фақатгина фахрланишнинг ўзи етарли эмаслигини чуқур англаган юртдошларимиз кўпаймоқда. Улар ўз соҳалари бўйича улкан марраларни забт этиб, ота-боболаримиз анъанасини давом эттираётир.

Мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида улкан ютуқларга эришаётган бундай юртдошларимиз “Шуҳрат” медали билан мукофотланмоқда.

Меҳнати эътироф этилган асл ватанпарвар, фидоий, жасоратли юртдошларимиз ибрати доим бизни ўз устимизда ишлашга, эл-юрт манфаати учун фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

 

Малоҳат ҲУСАНОВА,

ЎзА    мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: