Турмуш ташвиши ширин, ЭРТА ТУРМУШНИНГ ҚИСМАТИ АЧЧИҚ
Яқинда тўй баҳонасида узоқ вилоятга курсдошимнинг уйига борадиган бўлдим. Йўл олис, шундай пайтда ёнингда одамохун ҳамроҳинг бўлса вақт ўтганини сезмай қоласан. Қирқ ёшлар атрофидаги бир аёл билан яқиндан танишдим. Аёлларнинг суҳбати асосан оила, фарзандлар келажаги ҳақида бўлади. Шеригим ўз болалари тўғрисида гапирар экан чуқур хўрсиндида, биттаю битта қизининг ачинарли қисматидан сўзлади:
– Қизим коллежнинг биринчи босқичини тамомлаган йили остонамизни супуриб совчи кела бошлади. Ўткинчи орзу-ҳавасларни ўйлаб, маҳалла кўйнинг “ҳай-ҳай”лашига қарамай қизимни ёш узатдим. Орадан кўп ўтмай, у кетма-кет касалликка чалина бошлади. Уни ўзим таниган бир шифокор назоратига олиб бордим. Қизимдаги турли касалликлар организми ҳали она бўлишга тайёр эмаслиги оқибати экан. Кун сайин гулдек қизимнинг ранги синиқиб бораверди. Рўзғор юмушларига ўралашиб, ўқиши ҳам қолиб кетди. Икки йил деганда ҳомиладор бўлди. Бу вақт ичида не-не заҳматларни чекмади болам шўрлик.
Кутилаётган фарзанд барчамизга қувонч бағишлади. Аммо хурсандчилигимиз кўпга етмади. Камқонлик, буйрак касалликлари сабаб қизимнинг ҳомиласи нобуд бўлди. Ўша куни қизимни эрта турмушга узатганим учун минг бора афсусландим. Аммо энди кеч эди. Қизим уйга қайтиб келди. На кулади ва на йиғлайди. Нигоҳида маҳзунлик, келажакка интилиш йўқ, самимий кулгуни унутган. У тенги дугоналари олий ўқув юртларида таҳсил олишяпти, ўз вақтида турмушга чиқиб, боласини бағрига босиб ўтирибди. Менинг норасида қизим эса икки йилда қариб қолди. Бунинг учун ўзимни асло кечиролмайман!!!
Ҳамроҳимнинг сўзларини тинглаб, юрагим увишди. “Қизларни эрта турмушга берманг, ўқитинг, касб эгаси бўлсин, соғлом она – соғлом бола деганидир” каби гаплар деярли ҳар куни матбуотда, телевидение орқали такрорланади. Шифокорлар ҳам эрта турмушнинг салбий ҳолатлари ҳақида бот-бот эслатишади. Буни билиб туриб ҳам айрим ота-оналар катта хатога йўл қўймоқда. Бундан ташқари, ҳали оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етмаган ёшлар турмушнинг оғриқли дамларига бардош беролмайди. Қийинчиликлар ҳам эмас, майда-чуйда қўйди-чиқдиларни деб ёш оилалар парчаланиб кетаётгани жуда ачинарли.
Ўқитувчи бўлганим сабаб ҳар куни юзлаб ёшлар билан учрашаман, дарс ўтаман. Уларнинг кўзларидаги келажакка интилиш, шижоатни кўриб ўзимнинг ҳам ҳавасим ортади. Айтингчи, олам-олам истаклар ҳақида жўшиб гапираётган ёшларни бу орзулардан маҳрум қилишга ҳаққимиз борми?
Мамлакатимизда эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган ташвиқот ишлари бежиз эмас. 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, эрта турмуш қуришнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 473-моддаси тўлдирилиб, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунни бузганларга нисбатан жарима солиш белгиланган.
Юқорида ҳикоя қилинган воқеаларни сиз ҳам бошингиздан кечирмаслик учун бу масалага жиддийроқ ёндошсангиз мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир, ҳеч бир ота-она фарзандининг келажагига бефарқ эмас. Юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратилган. Улардан оқилона фойдаланиб ўқисин, излансин, тил ўргансин. Ўз келажагини қурсин, меҳнат қилиб бор нарсанинг қадрига етсин, оиланинг қанчалар азиз эканини тушуниб етсин. Ана шундагина у мустаҳкам оиланинг бекаси бўлади.
Дилдора ЖЎРАҚУЛОВА,
Тошкен автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи психологи