САЛОМАТЛИК НАЗОРАТИ

“Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳасига шарҳ

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида давлат санитария назорати тизими яратилган бўлиб, давлат санитария назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туманлар давлат санитария врачлари бошчилик қилиб келаётган 216 та давлат санитария-эпидемиология марказлари томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Республикамизда оналар ва болалар ўлими 3 баробарга камайганлиги, одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшгача етганлиги, бундан ташқари, эмлаш ишларининг ўз вақтида бажарилиши натижасида қизамиқ, кўкйўтал, қоқшол, дифтерия, полиомиелит, паротит каби юқумли касалликларнинг олди олиниши, уларнинг айримларини кейинги йилларда умуман қайд этилмаганлиги, барча зарур профилактик ва эпидемияларга қарши тадбирларнинг самарасидир.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги Қарори билан тасдиқланган, “Соғлом бола йили” Давлат дастури I-бобининг 3-бандига асосан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шу жумладан, болаларнинг таълим-тарбия, маданият, спорт ва бошқа муассасаларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик, касалликлар профилактикаси бўйича талабларни, аҳоли, айниқса болаларни эмлаш, соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этишни таъминлашни ҳамда мактабгача, умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими босқичларида болаларни санитария ва гигиена асосларига ўқитишга доир чора-тадбирларни жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Албатта, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг амалдаги “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан фарқли томонлари нимадан иборат деган ўринли савол туғилиши табиий.

Ушбу қонун лойиҳасининг “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Қонундан фарқи шундан иборатки, аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларга санитария-эпидемиологик осойишталикнинг таъминланишида мажбуриятлар билан биргаликда ҳуқуқлар ҳам белгиланмоқда.

Тақдим этилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, қонун ташаббускори субъекти ушбу масалага жиддий ёндашган ва аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқларига алоҳида 12-модда ажратилган.

Яна ўқинг:  Микрокредит аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади

Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш маълум бир талаблардан иборат бўлиб, ушбу талаблар қонун лойиҳасидаги 4-бобда белгиланмоқда.

Унда, техник тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларга, ер участкасини танлашга, объектларни режалаштириш, лойиҳалаш, қуришга, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, кимёвий ва биологик моддаларни утилизация қилиш ва зарарсизлантиришга, озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқаришга, ташишга, хўжалик-ичимлик суви таъминотига қўйиладиган, таълим ва тарбия шароитларига, меҳнат шароитларига ҳамда касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишга, соҳага оид талабларни махсус экспертизадан ўтказишга доир санитария-эпидемиологик талаблар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, профилактик эмлашлар ўтказиш, дезинфекция тадбирлари, мажбурий тиббий кўриклар ҳамда фуқароларни гигиеник тарбиялаш ва ўқитишга қаратилган эпидемик ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган алоҳида янги 5-боб киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 6-боби “Давлат санитария назорати” деб номланди ва унда давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар, мансабдор шахслар, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманларнинг бош давлат санитария врачлари ваколатларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ҳамда уларнинг ҳаракати ва ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш ҳамда ушбу мансабдор шахслар фаолиятининг асосий кафолатлари, уларнинг фаолиятига аралашишнинг йўл қўймаслиги ҳақидаги талабларни белгилаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси 7 та боб, 45 та моддадан иборат бўлиб, унда бир қатор ҳавола нормалари ҳам мавжуд.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда соҳага оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинган, шунингдек АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатлар тажрибаси ўрганилган.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, Президентимиз томонидан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда, аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш учун қўйилган вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқишида муҳим аҳамиятга эга.

Мавлуда АЛИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: