Элга омонлик истаб…

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлашлари туфайли тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда. Соҳадаги ўзгаришлар халқаро миқёсда ҳам эътирофга сазовор бўлмоқда.

– Мустақиллик шарофати билан юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида самарали тизим яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 1998 йилдаги фармони асосида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг 1999-2005 йилларга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилиниб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни такомиллаштирилди ва фаолият изчиллиги таъминланди. Президентимизнинг 2007 йил сентябрь ойидаги «Соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Фармони ва 2007 йил октябрь ойидаги «Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори тизим ривожида дастуриламал бўлди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш натижасида республикамизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ягона стандартлар асосида хизмат кўрсатувчи кўп тармоқли тиббиёт марказлари, тиббиёт бирлашмалари, малакали кадрлар билан таъминланган замонавий диагностика марказлари ташкил этилди. Бу борада бизда ҳам кўпгина ижобий ишлар амалга оширилди. Аҳоли учун барча қулайликлар яратилди, – дейди Самарқанд Кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Номоз Очилов.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда тиббиёт тизимида мисли кўрилмаган даражада ўзгаришлар юз берди. Бундан икки йил муқаддам бу ерда бўлган киши бугун унинг қиёфасини таний олмай қолиши шубҳасиз. Шифохона ҳовлисига қадам ташлашингиз билан ўзгача завқ туясиз. Илгари заранг бўлиб ётган майдонлар ўрнини гулзорлар, арчазорлар, кўкаламзорлар, мевали ва манзарали дарахтлар эгаллаган. Бу эса шифохонага янада кўрк бағишлаб турибди.

Бино ичкарисига кириб яна ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Хоналар керакли мебеллар билан жиҳозланган. Энг сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ўрнатилган. 2012-2013 йиллар давомида 32 миллион сўмлик мебеллар, 260 млн 510 минг сўмлик тиббиёт асбоб-ускуналари сотиб олинди. Бундай қулай шароитлар туфайли даволаш сифати ҳам яхшиланди. 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу шифохонада 5800 нафар бемор даволаниб чиқди. Уларнинг 1581 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2013 йилдан бошлаб шифохонада биринчи кичик кесимда чок қўймасдан катарактани операция қилишга киришилди. Пластик усулда ғилайлик, птеригиум, птоз(кўз қовоғининг осилиб туриши) операциялари ўтказиляпти.

Яна ўқинг:  Bag'ri guliston...

Жанубий Корея ва Америкадан келтирилган энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида шифокорлар кўз шох пардалари ўлчамларини юқори аниқликда кўрсатиб беради. Кўзойнак танлашда юқори устунликка эга. Шунингдек, кўриш майдонини аниқлаш, кўз олмасини бўйига ва энига тўлиқ кесимда ўлчаш кўз қаватларидаги патологик ҳолатлар ўлчамларини аниқлашда ҳам замонавий асбоб-ускуналар қўл келяпти.

Шифохона ходимлари айни кунларда туманларда бўлиб аҳоли саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказишда туман шифокорларига амалий кўмак беришмоқда. Тар­ғибот-ташвиқот ишларини олиб боришяпти. Бу эса кишиларнинг ўз соғлиғига бўлган эътиборини ошириш баробарида тиббиёт соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаяпти. Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги тантаналарини муносиб ютуқлар билан кутиб олиш учун шифохона жамоаси ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиб, аҳоли саломатлиги муҳофазаси йўлида бор билим ва тажрибаларини ишга солишмоқда.

Ислом ХУДОЙҚУЛОВ,

«Соғлом авлод» газетаси мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: