ЯХШИЛИКНИНГ УМРИ БОҚИЙ
Садоқат ва вафо куйчиси бўлган шоира Зулфияхоним нафақат ижоди, балки, инсонийлик фазилатлари, эзгу амаллари ва меҳр тўла қалби билан ҳам ўзгаларга ўрнак бўлиб келмоқда. Шоира билан танишган пайтларим у кишининг камтарлиги ва одамийлик хислатларини ўзида жамлаганига гувоҳ бўлганман…
Зулфия опа билан йигирма йил бирга ишлаганмиз. У кишининг инсонларга бўлган муносабати, меҳрибонлигини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Беш яшарлигимда онамдан айрилганман. Отам бизга ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказди. Бизларни уйлантириб, оилали қилди. Ёшини яшаб бандаликни бажо келтирганида кўп касбдошларимиз кўнгил сўраб келишди. Ўша пайтларда Зулфия опа кўзга кўринган давлат арбоби эди. Бир ойга хизмат сафари билан олис юртга кетган экан. Бошимга тушган синоатдан хабар топгач, таниқли таржимон Холида Аҳророва билан минг хижолат бўлиб, уйимизга кириб келганларини сира ёдимдан чиқаролмайман. Ёшимиз улғайгани сари яхши ва меҳрибон, садоқатли инсонларни қўмсайвераркан, киши. Уларнинг оналарча меҳр билан:
– Турсунпўлатжон, минг бор узр, мен узоқ сафарда эдим, кеча келдим, эшитмай қолибман, бандалик, – дея Зулфия опа мендан кўнгил сўради.
Ўша кунни сира ҳам ёдимдан чиқаролмайман. Худди онам тирилиб келиб, бошимни силагандек туюлган. Боиси ўша вақтда менга шундай далда жуда зарур эди. Дарҳақиқат, Зулфия опа ҳар қандай вазиятда ҳам бировларнинг ўй-фикрларини билишга, қувончли ҳамда қайғули дамларида унга елкадош бўлишга ҳамиша вақт топа оларди. Бошқаларнинг ғам-ташвишлари учун ҳам бирдек жон куйдирарди. Шунинг учун ҳам у киши халқнинг эъзозига сазовор бўлгандир?!
Зулфия опа ўзбек халқининг табаррук онахони, эл ардоғидаги шоира, вафо ва садоқат тимсоли. У яна узоқ йиллар инсонлар қалбида абадий яшайверади.
Турсунпўлат ХОЛМУҲАМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист