Юксак салоҳият эгалари

Пойтахтимизда шахмат бўйича 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз 6 олтин, 4 кумуш ва 4 бронза медални қўлга киритди.

Мазкур чемпионатда шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ўн ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди. Чемпионат доирасида ўтган блиц турнирда у кумуш медални қўлга киритди.

Ўн икки ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев етти турдан иборат рапид – тезкор шахмат баҳсларида 6 очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Иқтидорли шахматчимиз блиц турнирда кумуш, классик шахмат бўйича бронза медаль билан ҳам тақдирланди. Ушбу ёш тоифасида қатнашган Шамсиддин Воҳидов блиц турнирда учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида Дилбар Ҳамроева классик шахмат бўйича бронза медални қўлга киритди.

Олти ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Абдулбосит Шарифжонов шахмат бўйича Осиё чемпионлигини қўлга киритган бўлса, Оқжол Раҳматуллаев рапид йўналишида олтин медалга сазовор бўлди.

Саккиз ёшгача бўлган ўғил-қизлар мусобақасида ҳам шахматчиларимиз муносиб иштирок этди. Шахматнинг рапид ва блиц йўналишида жаҳон чемпиони Исломбек Синдоров қитъа чемпионатининг блиц турнирида олтин медални қўлга киритган бўлса, Султон Турсунов кумуш медаль билан тақдирланди. Классик шахмат бўйича Олмос Раҳматуллаев иккинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида ўтган блиц турнирда Мафтуна Бобомуродовага тенг келадигани топилмади. Яна бир шахматчимиз Омина Назарова эса рапид йўналишида бронза медални қўлга киритди.

Индира МИФТАХОВА

Яна ўқинг:  ЎЗБЕК ПОЛВОНЛАРИ ШОҲСУПАДА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: