Ёшлар маънавиятига дахлдорлик

Яхши актёр бўлмаган одамдан ҳеч қачон яхши режиссёр чиқмайди, – деган эди рус халқининг машҳур режиссёри Cтаниславский. Дарҳақиқат, кино ва саҳна асарининг нечоғли ғоявий бой бўлиши, томошабин тўплай олиши режиссёрнинг билим савияси ва иқтидорига боғлиқ. Бунинг учун эса ундан бадиий адабиёт, тасвирий санъат, кино ва театр соҳасида илмини ошириши, тинмай изланиши талаб этилади.

Тошкент санъат ва маданият институти қошида режиссёрлик факультети очилишидан мақсад ҳам композиция қонуниятларидан хабардор, режиссёрлик экспликацияси – ёза олишлик, пьеса устида ишлай билишлик, узлуксиз хатти-ҳаракат, спектакль ғояси, шу асар билан нима демоқчиман деган саволга тўғри жавоб топа оладиган ўткир зеҳнли режиссёрларни тайёрлашдир. 2008 йилдан буён шу йўналишни тамомлаган ёшлар санъатнинг турли соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Маълумки, кино ва театр санъати халқнинг қадриятлари, дунёқараши, миллий менталитетини кўрсатиб бера олиши зарур. У ҳаётни жонли тарзда акс эттирсагина ўз томошабинини топади, эътироф этилади. Шундай экан бугунги давр кишиларининг маънавий-маърифий дунёқараши шаклланишини спектакль ва киносиз тасаввур этиб бўлмайди. Бунинг учун режиссёрдан нима талаб этилади?

Машҳур актёр ва режиссёр Вахтангов “режиссёр спектакль саҳналаштиришдан аввал тўртта саволга жавоб топиши керак”, – деган эди.

А) Нимани саҳналаштириш керак?

Б) Қачон саҳналаштириш керак?

В) Қандай саҳналаштириш керак?

Г) Қайси ижодий жамоа ва қайси актёрлар билан саҳналаштириш керак?

Гарчи юқоридаги қонун-қоидаларни барча санъатшунос олимлар, режиссёрлар яхши билса-да ўзбек ёш режиссёрлар мактаби шаклланмай қолаётгандек, назаримда. Мен ҳам шу соҳа вакили сифатида бир қанча фикр ва мулоҳазаларим, таклифларимни айтмоқчиман.

Аввало, режиссура кафедрасини ташкил этиш, драма, мусиқий драма, эстрада бўйича театр режиссёрлиги йўналишида талабалар қабул қилиш зарур. Кино ва телевидение, қўғирчоқ театри режиссёрлигини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада бор имкониятларни ишга солиш лозим. Табиийки, талабаларга юксак билимли, тажрибали педагог-мутахассислар дарс беришини ташкил этиш керак.

Унутмаслик лозим, театр ва кино ёшлар маънавиятини юксалтиришда асосий воситалардан биридир. Малакали режиссёрларни тайёрлаш ҳам давр талабидир. Бунга жиддий қаралмас экан, соҳа ривожланмай қолаверади.

Бекзод МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон давлат саньат ва маданият институти ўқитувчиси

Яна ўқинг:  “АСАЛ”НИНГ ШИРИН ҚИЗАЛОҚЛАРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: