КОЛЛЕЖДАГИ СОFЛОМ МУҲИТ

йигит-қизларнинг билим олиши, касб-ҳунарэгаллашида муҳим асосдир

Мактаб партасидаёқ тиббиёт соҳасининг етук билимдони бўлиб, беморлар дардига шифо улашишни ҳавас қилсанг арзийди. Чунки бу масъулиятли касбнинг сир-асрорини пухта эгаллаш учун, энг аввало, дил тубида одамларга нисбатан чексиз меҳр мужассам бўлиши зарур. Ана шундай ёшлар таҳсил олаётган Сузангарон тиббиёт коллежи Самарқанд шаҳрида жойлашган.

Мазкур билим маскани вилоятдаги кенжа илм даргоҳларидан бўлиб, коллеж 2008 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда бу ерда 2083 нафар ўқувчи билим олиб, касб сирларини пуҳта эгалламоқда.

– Қулайлик мустаҳкам билим асоси, – дейди коллеж директори Толиб Аллаёров. – Коллеждаги мавжуд Ахборот-ресурс маркази, маърузалар хонаси, фаоллар зали, ошхона, спорт майдончаси ёшларнинг билим олишларига қулайлик яратмоқда.

Мазкур билим даргоҳига қўшни вилоят ва туманлардан ўқувчиларнинг келиб таълим олиши ҳам унинг мавқеи ёшлар орасида юқори эканидан далолат беради. Шарт-шароит бир томонлама афзаллик бўлса, тажрибали ва чуқур билимга эга устоз-педагогларнинг салоҳияти коллеж нуфузини яна бир поғонага кўтаради. Ўқувчилар бу ерда “Ҳамширалик иши”, “Даволаш иши”, “Лаборатория-диагностика”, “Фармация иши” йўналишлари бўйича таҳсил олишади.

– Ўқув жараёнлари бир сменада олиб борилади, – дея сўзида давом этди коллеж раҳбари таълим даргоҳи билан таништирар экан. – Ўқув хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Лаборатория хоналари, инглиз тили лингофон хонаси ва компьютер синфи ўқувчилар ихтиёрида. Билим даргоҳида 46 та фан ва спорт тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Уларга 1377 нафар ўқувчи жалб қилинган.

Коллеж ёшлари ҳам бундай эътиборга жавобан таълим ва спорт соҳаларида улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Самбо кураши бўйича қатор муваффақиятларни қўлга киритиб келаётган Меҳрангиз Сулаймонова ҳам эришган ютуқларини коллеж ва устозлари меҳнати билан боғлайди.

– Ўтган йилларда турли мусобақаларда иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритдим, – дейди спортчи қиз. – Жорий йилнинг 8-10 апрель кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ўз вазн тоифамда учинчи ўринни эгаллаб, 3-даражали диплом билан тақдирландим.

Бу ерда Меҳрангиз каби спортчи ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Республика баҳорги олимпиадасида Дилноза Салимова ёш сайёҳ йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Соғлом бола йили муносабати билан спортнинг кикбоксинг тури бўйича Андижон шаҳрида бўлиб ўтган клублараро мусобақада Табиба Бўрибоева 2-ўринга муносиб деб топилди. Айтиш керакки, коллежнинг умидли спортчилари келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашни кўнгилларига тугиб қўйишган.

Яна ўқинг:  МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБЛАРИ

– Коллеж ёшлари орасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, айниқса, қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш мақсадида мунтазам суҳбатлар уюштириб турамиз, – дейди коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Отамурод Нурмуҳаммедов. – Ёшлар орасида бахт ошиёни, эзгу мақсадлар бўсағаси бўлмиш оиланинг мавқеи нечоғли улуғ эканини ҳар бир ёш қалбига сингдириб боришга интиламиз. Зеро, таълим даргоҳини тугаллаш арафасидаги қизлар биринчи навбатда бир оиланинг бекаси бўлади. Ўйлайманки, ёшлар оила олдидаги бурчи ва мажбуриятларини тўлиқ англаса, танлаган касбига ҳам ҳалол ва виждонан ёндашади. Коллеждаги “Ораста қизлар”, “Ёш оила қурувчилар мактаби” тўгараклари эса ёшларни катта ҳаётга тайёрлаб боради.

“Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақлга амал қилган ҳолда ёшларни эзгу мақсадларга йўналтиришдек улкан ишга биргина коллеж раҳбарияти эмас, балки “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят бўлими, Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлими, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Тиббиёт бирлашмаси ҳам бош қўшиб, ёшларга диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга оид мавзуларда суҳбатлар, учрашувлар, баҳс-мунозаралар ўтказиб боришади.

Ислом ХУДОЙҚУЛОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: