Иқтидори чекланмаган болалар

Инсон йиллар давомида ўзини кашф этиб боради. Қобилиятини синовдан ўтказади. Зеро, иқтидорсиз киши йўқ. Энг асосийси, истеъдодни тўғри йўналтира олишда.

Олмазор туманидаги 106-заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқиётган имконияти чекланган болаларнинг интилиши, яратувчанлик иштиёқи фикримизнинг исботидир.

Мактаб-интернат ҳовлисига қадам қўяркансиз, ям-яшил арчазор кўзингизни қувнатади. Ихчам ва кўркам боғга келиб қолгандай бўлади, киши. Атрофдаги саранжом-саришталик руҳингизга тетиклик, кўтаринкилик улашади. Деворда илинган турли расмлар, бежирим қилиб тўқилган кийимлар, уй-рўзғор буюмлари, наққошлик-ўймакорлик санъати намуналари ўзининг мукаммаллиги билан диққатни тортади. Ҳа, муассаса ўқувчилари имконияти чекланганига қарамасдан ана шундай қобилиятга эга. Мурғак қалби санъатга, эзгуликка ошуфта.

– Асосий вазифамиз болаларга сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўргатишдир, – дейди муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Феруза Мадаминова. – Аммо уларнинг иқтидорини фақат нутққа сафарбар қилиш билангина кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бизда эшитиш қобилияти сустроқ, яъни карликка яқин, буткул эшитмайдиган, нутқида камчилиги бор ва иккиламчи имконияти чекланган болалар таҳсил олишади. Ҳаммасига бир хил таълим бериш мушкул иш. Кимдир ақлий, ким эса жисмоний ривожланишдан ортда қолган. Бироқ, уларнинг иқтидорини кўриб лол қоласиз. Энг муҳими, руҳи тетик. Болаларнинг ҳаракатчанлиги биз ўқитувчиларга ҳам куч бағишлайди. Ўз ишимизга масъулият билан ёндашишга ундайди.

Истиқлол йилларида юртимизда инсон қадри улуғланиб, бу тушунча янги мазмун касб этди. Кишиларнинг эркин ижод қилиши, қобилиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар эшиги очилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган ва имконияти чекланган қатламини ижтимоий ҳимояга олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эзгу ишлар Бош Қомусимизда ҳам ўз ифодасини топган. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида озод ва обод Ватанимизнинг тараққиётига, унинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадиган фарзандлар камол топаётир. 106-заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олаётган ўқувчилар ўзларининг ҳунармандчилик буюмлари билан “Bazar-Art” XII кўргазма-ярмаркасида иштирок этишиб, “Ижод” Ўзбекистон рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари ассоциациясининг сертификатига лойиқ кўрилди. Шунингдек, мактаб-интернат ўқувчиси Отабек Абдураҳмонов “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этиб, тасвирий санъат йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритди. Дилмурод Орипов эса Ўзбекистон Республикаси Паралимпия терма жамоаси таркибида Болгария давлатида ўтказилган жаҳон чемпионатида стол тенниси бўйича мусобақаларда муваффақиятли қатнашди.

Яна ўқинг:  BOLA TARBIYASIDA MUSIQANING O‘RNI

Дарвоқе, мактаб-интернатда қатор муассаса ва марказлар билан ҳамкорликда ижодий тўгараклар ташкил этилган. Болалар мазкур машғулотларда ўз қобилиятларини шакллантириб бораётир. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 25-мусиқа мактаби билан ҳамкорликда “Доира”, “Чанг”, “Рубоб”, “Танбур”, “Ёғоч ўймакорлигини ўрганамиз” номли тўгаракларда ўқувчилар миллий чолғу асбобларида куй ижро этишни ва миллий ҳунармандчиликнинг нозик сирларини пухта ўзлаштиришмоқда. Қолаверса, “Баркамол авлод” маркази ҳам муассасанинг яқин ҳамкори. “Бисерли мунчоқ”, “Тўқишни ўрганамиз”, “Одам ва саломатлик”, “Рақс” каби машғулотларнинг қизиқарли ўтишида уларнинг ҳиссаси катта.

Зилола Усмонова 8-синф ўқувчиси. У тўқувчиликни пухта ўзлаштирган. Унинг болаларга мўлжалланган эскизлари ўзининг кўриниши, сифати билан ажралиб туради. Ипларни бир-бирига моҳирлик билан уйғунлаштириш, ранг танлаш, турли деталлардан усталик билан фойдаланиш қобилияти тўгарак машғулотлари давомида шаклланган. 7-синфда таҳсил олаётган Улуғбек Маҳкамов эса ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик санъатини қунт билан эгалламоқда. У устози Ойбек Қиличев кўмагида қатор уй-рўзғор буюмлари ясашни ўрганибгина қолмай, уларга бежирим нақшлар беришни ҳам ўзлаштиряпти. Маълумки, миллий наққошликда гулли шакл беришнинг ўн икки босқичи бор. Тобора мукаммаллашиб, бетакрор гўзалликни ўзида намойиш этадиган бу ҳунармандчилик тури Улуғбек Маҳкамовга қийинчилик туғдираётгани йўқ.

– Муассасамиз қошида ҳам болаларнинг нутқий, ақлий ва жисмоний қобилиятини шакллантириш мақсадида қатор тўгараклар фаолият юритаётир, – дейди мактаб-интернатнинг сурдопедагоги Дилноза Султонова. – “Ашула тўгараги”, “Стол тенниси”, “Воллейбол”, “Каратэ”, “Ёш футболчилар”, “Қизиқарли математика”, “Моҳир қўллар”, “Ёш мусаввир”, “Рус тилида гапиришни ўрганамиз”, “Ёш географ”, “Тарихни ўрганамиз”, “Тўғри гапиришни ўрганамиз”, “Драматик нутқ”, “Ифодали ўқиш” каби машғулотлар шулар жумласидандир. Қолаверса, мактаб-интернатимизда дарслар икки йўналишда олиб борилади. Биринчиси умумий таълим фанлари бўлса, иккинчиси нутқий фаолликни оширувчи коррекцион дарслардир. Ҳар бир боланинг талаффузи устида алоҳида машғулот ўтказилади. Айниқса, бу биз сурдопедагоглардан катта масъулият талаб қилади. Бунда ота-она ёки тарбиячи, синф раҳбари яқин кўмакдош. Мазкур жараённи фаоллаштириш мақсадида психологларни ҳам бу ишга жалб этмоқчимиз. Энг муҳими, болаларнинг сўзни тўғри талаффуз қилишга интилишлари юқори. Ҳар бир ҳарфнинг тўғри янграшида бўғиз, тил найчаларининг тутган ўрни ҳақида ўқувчиларга тушунча берамиз. Ўқув ва машғулот хоналарида стендлар ташкил этилган. Улардаги предметларнинг номини ўқиб болаларнинг нутқи равонлашиб боради.

Яна ўқинг:  Туғруқ муассасалари: ота-оналар у ердан рози бўлиб чиқиб кетиши керак

Халқимиз азалдан дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларига ҳурмат билан қараган. Ҳар бир давлатнинг миллий менталитети, қадриятлари, маданияти ҳамда санъатига юксак эҳтиром кўрсатиб келган. Айниқса, мустақиллик йилларида кўпгина ривожланган мамлакатлар билан ўрнатилган иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар аҳоли турмуш тарзининг янада ривожланишига, умуминсоний тушунчаларнинг тобора равнақ топишига туртки бўлди. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларининг саъй-ҳаракати билан шу йилнинг баҳорида мактаб-интернатда катта анжуман ташкил этилиб, “Корея маданият кунлари” ўтказилди. Махсус мутахассислар ўқувчиларга корейс миллий ҳунармандчилиги “Оригами” ва “Квин” усулларида қоғоз ёрдамида гул ясаш, корейс миллий либосларини тикишни ўргатишди. Шунингдек, муассасада таҳсил олаётган қизлар корейс миллий рақсини пухта ўзлаштирди.

– Илм олиш, ҳунар ўрганиш, ижодий иқтидорни шакллантириш инсон руҳий олами, ақлий ва жисмоний ривожланишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Раъно Мирфаёзова. – Бошқа халқлар маданияти, санъати билан яқиндан танишиш эса болаларнинг дунёқарашини кенгайтиради. Биласизми, эшитиши ва талаффузи заиф болаларнинг асаб тизими ва суяк-таянч тизими соғлом тенгдошларига нисбатан секин ривожланади. Бизнинг машғулотлар эса ҳар иккиси учун ҳам фойдали. Шу нуқтаи назардан корейс миллий рақс санъати, амалий ҳунармандчилиги ўқувчиларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Қолаверса, ҳафтада бир кун болалар ўзини ўзи идора қила олиши учун тозалик куни жорий қилганмиз. Унда улар синфхона ва ётоқхоналарини тозалаб, шахсий гигиена қоидаларини ўрганадилар. Шунингдек, мактаб-интернат ҳовлисидан ҳар бир синфга майдончалар ажратилган бўлиб, ўқувчилар у ернинг кўкаламзорлиги учун масъулдирлар. Бу биринчи навбатда, ободончилик маданиятини шакллантирса, иккинчи томондан уларни ижтимоий меҳнатга ўргатади.

Мактаб-интернатнинг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси билан ҳам ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Муассаса ўқувчилари томонидан тузилган “Ёш қутқарувчилар” жамоаси ““Ёш қутқарувчилар – 2013” республика танловида иккинчи ўринни қўлга киритди. Диққатга молик томонларидан яна бири мактаб-интернат қошида мактабгача таълим муассасаси ҳам ташкил этилган. У ерда имконияти чекланган болалар тасвирий санъат, мусиқа тўгараклари билан шуғулланишади. Нутқни равон қилувчи машғулотларда қатнашишади. Бу эса уларни мактаб-интернатга ўтгач, машғулотларни тез ўзлаштиришига замин ҳозирлайди.

Болаларнинг иқтидори кашф этилишида муассаса жамоасининг ҳам хизмати катта. Улар болаларга ўз фарзандидай меҳр беришмоқда. Ўқувчилар ўз уйидагидай таълим-тарбия олишяпти. Мактаб-интернатнинг ётоқхонаси ҳам замонавий кўринишда тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Хоналар тоза-озода. Барча шароитлар муҳайё. Болаларга дарсдан сўнг ҳам тарбиячилари турли эшитиш ва нутқни равонлаштирувчи машқлар ўтишади.

Яна ўқинг:  Ёш шахматчиларимиз ғалабаси

Муассаса болаларни турли сайрга, томошагоҳларга олиб бориши учун ҳукумат томонидан “Исузу” автобуси билан таъминланган. Қолаверса, қатор хайрия тадбирлари уюштириб турилади. Ўқувчиларга турли совғалар ташкил этилади. Ана шундай тадбирларни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Олмазор тумани таянч маскани ҳам амалга ошираётгани диққатга сазовор. Улар томонидан яқинда муассасада таҳсил олаётган 358 нафар болага қишки пойабзаллар тақдим этилди. Шунингдек, таянч маскани ташаббуси билан реабелитация маркази ходимлари ўқувчи қизлар ўртасида саломатлик ва балоғат билан боғлиқ мавзуларда суҳбатлар ўтказишди. Болаларнинг экомаданиятини юксалтириш, атроф-муҳит муҳофазасига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида табиат музейларига сафарлар уюштиришда таянч маскани яқиндан кўмак бераётир.

Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар мактаб-интернат ўқувчиларининг салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қиляпти. Уларни Ватанни севишга, ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишга ўргатмоқда. Шунинг учунми улар томонидан яратилаётган санъат ва ҳунармандчилик асарлари ҳаётий ранг-баранглик касб этган. Уларнинг спорт соҳасида эришаётган натижалари ҳам қувонарли. Ўқувчиларнинг эртанги кунга дадил қадам ташлаётганини кўриб беихтиёр тилингга бир сўз келади: Бу болалар имконияти чекланган холос. Инсонни эса қобилият юксалтиради. Зеро, иқтидор ҳеч қачон чекланиб қолган эмас.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: