Нодиранинг ноёб қобилияти

Ўзбек аёллари азалдан нафақат ўзларининг гўзаллигу нафосатлари, балки ақлу фаросатлари билан ҳам дунёга маълуму машҳур бўлишган. Барчинойу Тўмарислар, Нодирабегиму Увайсийлар ҳақида ортиқча таърифу тавсиф қилишнинг кераги йўқ.

Бугунги куда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг асосий бўғини – фарзандларимизни ҳам маънан ҳам жисмонан етук қилиб вояга етказишдир. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур.

Соғлом фарзанд эса соғлом онадан дунёга келади. Шу сабабдан юртимизда спортга, айниқса, аёллар спортини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Уч босқичли спорт ўйинларининг ташкил этилиши ҳам мамлакатимиз ёшларини тўлиқ спорт билан қамраб олиш, уларни соғлом турмуш тарзига ошно қилиш йўлида олға ташланган дадил қадам бўлди. Мазкур спорт ўйинлари спортчи ўқувчилар учун том маънодаги пиллапоя вазифасини ўтаб бермоқда.

Уч босқичли спорт ўйинларининг асосий бўғинларидан бири ҳисобланадиган “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ҳам спортчиларимиз учун ана шундай маҳорат мактаби бўлиб келмоқда. “Баркамол авлод” спорт ўйинларига киритилган спорт турлари орасида “ақл гимнастикаси” дея эътироф этиладиган шахматнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Зеро, инсоннинг зеҳни қанчалар ўткир бўлса, унинг келгуси ҳаётида шунча кўп ёрдами тегади. Шахмат эса ўз навбатида ақлни чархлаш ва зеҳнни оширишга ёрдам берувчи спорт туридир. Сўнгги йилларда юртимизда шахмат бўйича қизлар ўртасида ҳам қатор халқаро чемпионлар етишиб чиқаётгани мамлакатимизда ушбу спорт турининг нақадар оммалашаётганидан далолат беради. Нафиса Мўминова, Ирина Геворгян, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Сарвиноз Қурбонбоева каби кўплаб шахматчи қизларимиз орасида Нодира Нодиржонованинг ҳам ўзига яраша ўрни бор.

Нодира Нодиржоновани биринчи кўрганимда унинг майингина табассуми, кўзларида балқиб турган ўзига ва юртининг эртасига бўлган ишончи ҳали бу қизча бутун дунёга довруғи кетган спортчи бўлишини айтиб турарди.

– Нодира болалигидан ҳисоб-китобга қобилияти борлигини кўрсата бошлади. Шу сабабдан уни 6 ёшда шахмат билан шуғуллантиришни бошладим, – дейди биз билан суҳбатда Нодиранинг отаси Абдураҳмон Нодиржонов. – Шахматга бўлган қизиқиш эса уни тинмай машқ қилишга ундарди.

Интилувчан ва тиришқоқ Нодира тез орада ўзини кўрсата бошлади. Уч бора Ўзбекистон чемпиони, кўплаб халқаро шахмат мусобақалари совриндори, 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё ўйинларида 3-ўрин соҳиби (2005, 2006 йиллар), 2010 йил Хитойда бўлиб ўтган XVI Осиё ўйинлари кумуш медаль соҳиби каби кўплаб ютуқлари унинг тинимсиз меҳнатлари самарасидир.

Яна ўқинг:  Давр бизники, марра бизники

– 2008 йилги “Баркамол авлод” уйинларидаги иштироким мен учун жуда катта ютуқ бўлди, – дейди Нодира Нодиржонова, – Зеро, бундай мусобақалар спортчини тоблайди. Ўзини эркин тутишга, катта мусобақаларда ҳаяжонланмасликка ўргатади. Мен ўша вақтларда Ўзбекистон аёллар терма жамоасига энди келган вақтим, ҳали катта мусобақалар ҳақида унчалик тушунчага эга эмасдим. “Баркамол авлод” ўйинлари эса менга ҳақиқий тажриба мактаби бўлди. Шу билан бир қаторда, мазкур мусобақа давомида мамлакатимизда биз ёшларга кўрсатилаётган юксак эътиборни яна бир бор чин юракдан ҳис қилдим. Бу эса кейинги ғалабаларимга қанот бўлди.

Нодира қўлга киритган ютуқлари билан чегараланиб қолмай, ўз устида тинимсиз ишлашда давом этди. Бунинг натижаси ўлароқ, 2012 йил ўтказилган Марказий Осиё Кубоги мусобақаларида аёллар ўртасида биринчи ўринни қўлга киритди.

– Нодирадаги ғалабага бўлган интилиш, ўз устида тинимсиз ишлашини кўриб унга ҳавасим келади, – дейди Нодиранинг терма жамоадаги устози Владимир Егин, – У ҳар доим хотиржамлик ва босиқлик билан ҳаракат қилади. Унинг ўзига бўлган ишончи ғалабаларининг асосий омилидир.

Нодира Нодиржонова 2012 йили дунё шахматчилари таснифида Ўзбекистоннинг 2-рақамли шахматчиси дея эътироф этилди. Бу эса қилинган меҳнатлар самарасидир.

Жаҳон, Осиё чемпионатлари, Бутунжаҳон Шахмат Олимпиадасининг доимий иштирокчиси бўлган Нодира Нодиржонова бугунги кунда оилавий ҳаётида жуда бахтли. Спортдан топганларини, ўрганганларини ҳеч қачон унутмайди. Келажакда унинг тажрибали мураббий бўлиб яна шахматга қайтишига тилакдошмиз.

Гуллар шаҳри бўлмиш Наманганда бошланган “Баркамол авлод” спорт мусобақалари эса яна кўплаб истеъдодларни кашф этишига ишонамиз. Бу юртнинг ўтмиши буюк, бугуни буюк ва албатта келажаги ҳам буюк бўлади.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: