Ёзги таътил – йилга татир

Ойижон, суюнчи беринг! Бу йил ёзги таътилни янги ташкил этилган “Бадиий ижодиёт” оромгоҳида ўтказарканмиз.

Аброржоннинг бир қувончига ўн қувонч қўшилиб сўзлаётганини кўрган Саодат опа ўғлининг шодлигига шерик бўлди:

– Ўзимнинг аълочи ўғлимдан айланай, баракалла, – дея уни бағрига босиб пешонасидан ўпиб қўйди.

Ўғли Аброржон бораётган оромгоҳга нафақат Саодат опа, ҳой-наҳой бу масканга сиз ҳам қизиқаётган бўлсангиз керак-а? Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, 2014 йил ёз мавсумида жами 950 та оромгоҳ фаолият кўрсатади. Улардан 214 нафари стационар, 736 таси эса кундузги оромгоҳлардир. Ушбу дам олиш масканларига 281 минг 342 нафар бола қамраб олинади. Кундузги оромгоҳларни ташкил этиш, болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароитларга эга бўлган 736 та таълим муассасаси танлаб олинди. Уларнинг 532 таси умумталим мактаби, 107 таси мактаб-интернат, 85 таси касб-ҳунар коллежи, 6 таси академик лицей, 5 таси мактабгача таълим муассасаларидир. Қолаверса, бу йил беш йўналишда 68 та ихтисоcлаштирилган оромгоҳ ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, жорий йилда қўшимча равишда 8 та “Экологик-биологик, ўлкашунослик”, 11 та “Техник ижодкорлик” ҳамда “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари учун 2 та ижтимоий мослашув оромгоҳлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Мазкур ташкилий ишлар эса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2014 йил 7 апрелда 2572-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисидаги Низом” асосида амалга ошрилаётир.

Дарвоқе, Аброржон ва унинг синфдошлари дам оладиган “Бадиий ижодиёт оромгоҳи” эса бу йил ҳар бир вилоятда 1 тадан ташкил этилади. Мазкур йўналишдаги дам олиш маскани болаларнинг бадиий ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, уларнинг бошланғич касб сирларини ўрганишлари учун пухта замин ҳозирлайди. Бу ерда ўқувчилар халқ амалий санъат безаги, дизайн, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш, бисер тўқиш каби ҳунарларнинг сир-асрорини ўзлаштиришади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда 2014 йилги мавсум давомида фаолият кўрсатадиган стационар оромгоҳларнинг 205 тасида жами 3753 нафар педагог кадрларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланиб, мазкур эҳтиёжни қоплаш учун тажрибали мутахассисларнинг рўйхати шакллантирилди. Кундузги оромгоҳларда таълим муассасаларининг педагог ходимлари фаолият кўрсатишади. Энг муҳими, жорий йилда ҳам барча оромгоҳларда чет тилини ўрганиш бўйича тўгарак машғулотлари ташкил этилади.

Яна ўқинг:  Shoirlar – bolalarga

Бугунги кунда стационар оромгоҳларда инглиз тили тўгараги машғулотларини ташкил этиш учун олий таълим муассасалари инглиз филологияси факультетларининг 223 нафар юқори курс талабаларининг рўйхати шакллантирилди. Мазкур талабаларга семестр якуни бўйича имтиҳонларни 1 июнга қадар топширишлари учун тегишли олий таълим муассасаларида шароитлар яратилади.

Биргина бу эмас, Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда оромгоҳларни маънавий-маърифий, таълим-тарбиявий йўналишдаги шиорлар, кўргазмали воситалар билан безатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва методик қўлланмага киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда стационар оромгоҳларнинг кутубхоналарига қўшимча равишда 100 минг нусхага яқин болалар адабиётига бўлган талаб аниқланиб, мазкур эҳтиёж стационар оромгоҳлар жойлашган ҳудудлардаги таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналари фонди ҳисобидан қопланади.

Ёзги таътил вақтида оромгоҳларга жалб этилмайдиган ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим муассасаларидаги тўгараклар, спорт майдонлари, кутубхона ва маънавият хоналарининг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу масканларда ўқувчиларнинг таътил кунларини мароқли ўтказишига барча имкониятлар яратилади. Кундузги оромгоҳларда инглиз тили сабоғи ўша таълим муассасаси ёки унга яқин ҳудуддаги мактабларнинг мутахассис ўқитувчилари ёрдамида олиб борилади. Болалар эса муассаса кутубхонасидаги китоблар фондидан фойдаланади.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: