Навоийлик коллеж битирувчилари

ёш тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланмоқда

Достонбек ёш бўлишига қарамай, тадбиркорликнинг бошини тутган. У ҳозирда “Навоий техно-планет” савдо марказига раҳбарлик қилиб, у ерда автомашиналар учун зарурий эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланади.

Навоий архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежини тамомлаш арафасида турган бу ёш тадбиркор ўзининг самарали бизнес ғояси билан банк томонидан ўттиз миллион сўм имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди. Бу маблағни у анчадан буён орзу қилиб юрган мўъжазгина автосавдо шохобчаси фаолиятини йўлга қўйишга сарф этди. Аниқ режа асосида иш бошлаб, бир нечта тенгдошлари бандлигини таъминлади.

Ҳозирда савдо шохобчасидаги қулай имконият ва ишончли таклифлар мижозларга манзур бўлмоқда. Ёш тадбиркорнинг келгусидаги мақсади савдо шохобчаси фаолиятини кенгайтириб, сотиб олинган эҳтиёт қисмларни бевосита шу ернинг ўзида ўрнатиб бериш хизматини йўлга қўймоқчи.

Навоий вилояти, Кармана туманида яшовчи Севара Ҳамроева ҳам ёш тадбиркор қизлардан. У Агробанкнинг 15 миллион сўм кредит маблағи эвазига тикув цехини ташкил этиб, 4 нафар ёшларни иш билан таъминлади. Севаранинг андозаси асосида яратилган миллий либослар нафақат туманда, балки вилоятнинг ўзида ҳам маълум ва машҳурдир.

Ҳа, Навоий вилоятида бундай азми қарорли, тадбирли, меҳнаткаш ёшлар кўплаб топилади. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос орзу ўйлари, улуғ мақсадлари бор. Ана шу мақсадлар рўёбини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини бажарилиши мисолида кўришимиз мумкин. Зеро, бугуннинг битирувчиси колежни тамомламасиданоқ, бирор бир касбнинг бошини тутган уста ҳунарманд, тадбиркор ёки моҳир ишбилармон бўлиб шаклланмоқда. Бу албатта, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир.

Навоий вилоятида мавжуд 4 та академик лицей, 47 та касб-ҳунар коллежида ўтган йилнинг ўзида жами 40 минг 86 нафар ўқувчилар 120 та касб бўйича таълим олишди. 1, 5 мингдан зиёд битирувчига шахсий тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш мақсадида банк томонидан 17 миллиард 800 миллион сўмлик маблағ ажратилди. Бу шунчаки рақамлар эмас, балки катта ҳаётга кириб келаётган ёшларга далда, керак бўлса, орзуларининг ушалиши ҳамдир.

– Коллежни тамомлагач, менда қай соҳани бошидан тутсам экан, деган иккиланиш бўлмаган. Чунки ўқувчилик йилларимдаёқ, келгусидаги режаларимни аниқ белгилаб олганман, – дейди ёш тадбиркор Мафтуна Фармонова. – Банк томонидан 22 миллион сўм имтиёзли кредит асосида 5 та тикув машинаси сотиб олиб, цех фаолиятини йўлга қўйдим. Ўз билим ва тажрибамни ошириш мақсадида ҳозирда Тошкент енгил саноат институтинининг тикув конструктори факультетида таҳсил олаяпман.

Яна ўқинг:  Одам савдоси – давр муаммоси

Шу ўринда айтиш жоизки, банкдан кредит олиб, маблағни тўғри йўналтириш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун инсон билимли, вазиятга тўғри баҳо бера оладиган, тадбикорлик қобилиятига эга бўлиши лозим. Зеро, ишбилармон кишигина бошлаган ишини муваффақиятли амалга оширади. Даромаднинг қонуний ва самарали йўлларини излайди.

Навоий архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи миқёсида ёшларнинг ҳунарли бўлиши, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда мазкур ўқув даргоҳини 445 нафар ёшлар тамомлайди. Шуниси аҳамиятлики, бу йил тадбиркор бўлиш истагида 64 нафар ёшлар имтиёзли кредит олиш учун мурожаат этган бўлиб, улардан 24 нафарини қизлар ташкил этади. Ўтган йил эса 17 нафар битирувчи кредит олиш истагини билдирган бўлиб, уларга 153 миллион 720 миллион сўм маблағ ажратилган. Қувонарлиси, ёшларнинг йил сайин тадбиркорликка бўлган қизиқиши ортиб бораётир. Айниқса, паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик, иссиқхона ва гўзаллик салонини ташкил этиш, мебель ишлаб чиқариш каби йўналишларга уларнинг қизиқиши катта.

– Ёшлик изланиш ва куч-ғайрат фасли. Бугунги кун ёшларидаги ғайрат ва шижоатни кўриб, очиғи уларга ҳавасим келади. Зеро, бу қадар эътибор ва имкониятлар ҳеч бир юртда йўқ, – дейди Навоий қурилиш касб-ҳунар коллежи касбий таълим бўйича директор ўринбосари Олимжон Истамов. – Айни пайтда кўпгина ўғил-қизларимиз ўз йўлини аниқ танлаб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Очиғи, биз бундан фақат қувонамиз. Зеро, устоз учун шогирдининг муваффақиятидан кўра юксак мукофот бўлмаса керак.

Ёшларни ишга жойлаштириш бўйича ҳам вилоят миқёсида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йил давомида 9 минг 446 та янги иш ўринлари, 2 минг 851 та квоталанган иш ўринлари ташкил этиш режаллаштирилган. Бу бўйича “Ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркалари”ўтказиб борилади.

Мухтасар қилиб айтганда бугунги тезкор даврда ўғил-қизларимиз илдам ва бунёдкор бўлмоғи, ўз олдига улкан мақсадлар қўймоғи лозим. Зеро, орзу мақсадлари улуғ ёшларгина буюк ишларга қодирдир.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: