Тил ўрганиш: қоида ва меъёрлар

Хорижий тилларни болаликдан ўрганишнинг аҳамияти катта. Чунки, бу даврда бола ахборотни тез қабул қилиш билан бирга унинг нутқи ҳам яхши ривожланади. Шунинг учун ҳам ҳозирда чет тилларни ўқитиш мактабгача таълим муассасаларидаёқ йўлга қўйилган бўлиб, болаларнинг қизиқиш ва талабидан келиб чиққан ҳолда машғулотлар олиб борилмоқда.

Қуйида болаларга хорижий тилларни ўргатишда ота-оналар ҳамда тарбиячилар нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклиги ҳақида Зангиота туманидаги 59-сонли умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Эльнура Содиқова тавсиялари билан танишамиз.

Болага чет тилини неча ёшдан ўргатиш керак?

Тахминан икки ёшдан бошлаб бола ўз она тилини онгли равишда била бошлайди. Унда тил ва тафаккурнинг ривожланиши биргаликда кечади. Тўрт ёшдан ўн ёшгача бўлган оралиқда болада хорижий тилни ўрганиш кўникмасини ҳосил қилиш мумкин. Асосийси, хорижий тилни эрта ўрганишнинг талабларига амал қилиш керак.

Қизиқарли машғулотлар

Мактабгача таълим муассасаси ёшидаги болаларга хорижий тилни ўргатиш алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб этади. Яъни грамматика қоидаларини тушунтиришдан воз кечиб, боланинг дунёқараши ва қизиқишидан келиб чиқиб, осон, ўзлаштиришга қулай бўлган дарс олиб борилади. Бунда, албатта, содда матнлар, шеърлар, матал ва ҳикояларнинг ўрни катта. Сўз ва матнларни расмлар билан изоҳлаш, кўргазмали қуроллардан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш яхши самара беради.

Тилни ўргатиш жараёнида болани гапиришга кўпроқ ундаш лозим. Талаффуз чет тилини ўрганишнинг муҳим таркиби ҳисобланади. Бунда техник воситаларни ишга солиш яхши натижа беради. Бола чет тилидаги овозли матнларни қайта-қайта тинглаш орқали уни хотирасида сақлаб қолади ва тақлидан оғзаки нутққа кўчиради. Масалан, қофияли матнлар, шеър ва қўшиқлардан фойдаланиш болага завқ беради ҳамда унинг хотирасида тез сақланиб қолади.

Болалар ўйин шаклидаги дарс жараёнини ёқтиради. Турли хил беллашувлар ва саҳна кўринишлари шулар жумласидан. Қизиқарли машқларга йўналтирилган дарс жараёни ўқув самарадорлигини оширади.

Ўқитувчи ва ўқувчи

Кичик ёшлиларга хорижий тилни ўргатишда асосий масъулият ўқитувчи зиммасига тушади. Ўқитувчи дарс вақтида қўлламоқчи бўлган воситаларни танлаётганда бола ҳаётига ва қизиқишларига яқин бўлган объектларга эътибор қаратиши лозим. Бунинг учун эса, ўқитувчи, ўқувчиси ҳақида, унинг билим даражаси, ўрганиш эҳтиёжи ва имкониятлари ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши зарур.

Яна ўқинг:  Илм-фан тараққиёти юрт равнақига хизмат қилади

Ўқитувчи дарсда имкон қадар хорижий тилда сўзлаши лозим. Шунда ўқувчининг ёт сўзларни тушуниши тезлашади.

Ўқитувчи ўқувчисининг хато қилаётганини билсада унинг гапини бўлмасдан тинглаши ва сўнгра беозор тузатиши лозим.

Топшириқларни беришда ўқувчининг ўзи иштирок этса, бу уни дарсга янада яқинлаштириб, эртанги дарсга нисбатан қизиқишини оширади.

Дарс жараёни

Кўпчилик хорижий тилни ўргатишда фақат кам сонли дарсликлардан фойдаланишади. Боланинг янгиликка ўч бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, янги-янги қизиқарли дарсликлардан, турли ўқув воситаларидан фойдаланиш болани зерикишдан дарсдан безишидан ҳимоя қилади.

Мулоқотсиз хорижий тилни ўрганишда нутқни ўстиришнинг имкони йўқ. Энг содда ва қисқа мулоқотлар кутилганидан ортиқ самара беради. Дарс жараёнида синфдаги барча ўқувчиларнинг иштирокини бирдек таъминлаш зарур. Машғулотлар қизиқарли ва тушунарли бўлиши билан бирга вазифалар ҳам моҳияти ва мазмунига қараб бир хил тақсимланиши керак. Дарҳақиқат, бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Эндиликда ота-оналар ҳам бевосита ташаббус кўрсатиб дарсдан ташқари олиб борилаётган машғулотларда ҳам фарзандлари ҳам ўзлари бирдек хорижий тилни ўзлаштирмоқда. Эътиборлиси, оилада шаклланган ўзаро мулоқот натижасида тилни ўрганиш осон ва қизиқарли кечади. Бироқ, бу маълум вақтни ўз ичига олган бўлиши керак. Чунки, доимий хорижий тилни ўрганишга бўлган қизиқиш ва фаоллик ўз она тилимизга бўлган эътиборнинг сусайишига олиб келмаслиги лозим. Шундай экан, ҳар нарсада меъёр бўлгани каби чет тилини ўрганишда ҳам меъёр ва қоидаларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

Майна ҲАСАНОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: